Миллий марказ вакили Венада бўлиб ўтган минтақавий экспертлар семинарида қатнашди

28 июнь куни Венада бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари вакиллари учун минтақавий экспертлар семинарида “Хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик” кун тартибини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракатлар режалари муҳокама қилинди. Унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг фаол экспертлари – жами 30 нафардан ортиқ вакил иштирок этди.

Семинарнинг очилишида ЕХҲТнинг Гендер тенглик масалалари бўйича катта маслаҳатчиси доктор Лара Скарпитта ва ЕХҲТ амалдаги раисининг Гендер тенглик масалалари бўйича махсус вакили Лилиана Палихович сўзга чиқиб, иштирокчиларни қутлади.

Жумладан, Л.Скарпитта Ўзбекистонни БМТ Хавфсизлик кенгашининг “Хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик” номли 1325-резолюцияси бўйича биринчи Миллий ҳаракатлар режасини қабул қилгани билан табриклади.

Ўз навбатида, Л.Палихович Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг хотин-қизларга нисбатан зўравонликларга қарши кўраётган қатъий чораларини ҳамда Сурия, Ироқ, Афғонистондаги можароли ҳудудлардан  аёллар ва болаларни қайтариб келиш борасидаги ишларини юқори баҳолади. Унинг алоҳида таъкидлашича, ушбу ибратли амалиёт ЕХҲТга аъзо мамлакатлар учун ўрнак олишга муносиб намунадир.

Тадбирда гендер тенгликни таъминлаш ва тинчлик ҳамда хавфсизлик масалаларида хотин-қизларнинг ролини кучайтиришга қаратилган миллий ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Бу борада ўзаро тажриба алмашилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Гулнора Маруфова юртимизнинг мазкур соҳадаги ютуқларига тўхталди. Мамлакатимизнинг хавфсизлик ва тинчликпарварлик соҳасидаги қарорларни қабул қилиш жараёнларига гендер жиҳатларини интеграциялашга қаратилган муваффақиятли тажрибаси билан ўртоқлашди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова қайд этганидек, семинар Марказий Осиё мамлакатларига ЕХҲТга аъзо бошқа давлатларнинг миллий ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва такомиллаштириш борасида тўплаган ибратли тажрибаси ҳамда илғор амалиёти билан яқиндан танишиш учун қулай имконият яратди.

Тадбир давомида миллий ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқишга оид шарт-шароит ва муаммолар ўрганилди. Шунингдек, айни режаларни амалга ошириш учун талаб этиладиган қонунчилик ҳужжатлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон делегациясининг мазкур семинарда иштирок этгани муҳим аҳамиятга эга бўлди. Делегация аъзолари жамиятимизда хотин-қизлар ўрни ва мавқеини юксалтиришга улкан эътибор қаратилаётгани, аёллар ва қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ва ҳимоя қилишга, шунингдек, мамлакатимиз ҳаётининг барча соҳаларидаги демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга тааллуқли миллий қонунчилик ҳужжатлари ва қонунни қўллаш амалиёти мунтазам такомиллаштирилаётгани хусусида батафсил маълумот тақдим этдилар.

Бу ўринда, семинар иштирокчиларига:

биринчидан, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг асосий қоидалари тўғрисида, Бош Қомусимизда инсонлар, шу жумладан, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга оид кафолатлар янада кучайтирилгани хусусида;

иккинчидан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий бандлари ва гендер тенгликни таъминлашга, хусусан, аёлларнинг давлат бошқаруви, бизнес ва жамоат ташкилотлари фаолиятининг барча босқичларида фаол иштирокини изчил кенгайтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида;

учинчидан, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда хотин-қизлар иштироки учун тенг имкониятлар яратиш борасидаги амалий чора-тадбирлар тўғрисида;

тўртинчидан, хотин-қизларнинг таълим олиш даражасини ошириш, шу жумладан, олий таълим ва касб-ҳунар таълими масканларида ўқиши, мансаб поғоналарида кўтарилиши ва иқтисодиётнинг турли соҳаларида ишлаши учун билим ҳамда кўникмаларини оширишга қаратилган таълим дастурлари бўйича таҳсил олиши борасида кўрилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида атрофлича ахборот берилди.

Семинар иши экспертларнинг 3 та мунозара мажлиси доирасида ташкил этилди. Мунозараларда 3 нафар модератор ва 7 нафар эксперт маъруза қилди.

Хотин-қизларни тинчликпарвар амалиётларда иштирок этишга жалб қилиш ва низоларни ҳал этиш бўйича тажриба алмашиш муҳокаманинг асосий масалаларидан бири бўлди. Бунда хотин-қизлар дуч келаётган тўсиқларни бартараф этиш усуллари ва уларни барча даражадаги қарорлар қабул қилиш жараёнларига фаол жалб этиш йўллари таҳлил қилинди.

Семинар якунида иштирокчилар томонидан миллий ҳаракатлар режаларини ривожлантиришни давом эттириш ва такомиллаштириш, шунингдек, “Хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик” кун тартибини амалга оширишда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech