"Америка – сеҳрли диёр..."

4 июль — АҚШ Мустақиллиги куни

 

Расмий маълумотга кўра, 1776 йил 4 июль куни Мустақиллик декларацияси қабул қилиниб, Америка Қўшма Штатлари ташкил этилган. Бугун ушбу воқеага 248 йил тўлди.

Ривоятларга қараганда, Ўрта асрларнинг буюк даҳоларидан бири, 973-1048 йилларда яшаган улуғ мутафаккир олим Абу Райҳон Беруний Америка қитъасини бундан қарийб 1000 йил илгари илмий-назарий асосда кашф этган. 

Орадан салкам 500 йилча вақт ўтиб, 1492 йилда денгиз сайёҳи Христофор Колумб Ҳиндистон сари йўлга чиққан ва тасодифан Америка қитъасига бориб қолган. 

Атоқли ўзбек шоири Абдулла Орипов Американи, аслида, Колумбдан анча бурун Беруний бобомиз кашф қилганини ўзининг 1963 йилда ёзилган “Ўзбекистон” шеърида тараннум этган. 

Хўш, сизу биз бу соҳир диёрни қачон кашф этганмиз?.. 

 

"Колумбда бор аламим маним..."

 

Устоз шоир Абдулла Ориповнинг ана шу ўтли сатрларини илк бор ўқиганимда, ҳали 7-8 яшар болакай эдим. Мактаб таҳсилини тамомлаб, халқ шоирининг адабий муҳитидан баҳра олиш орзусида Қаршидан Тошкентга келдим. Ўшанда ХХ аср 80-йилларининг аввали, куз фасли эди... 

Абдулла ака билан илк марта юзма-юз суҳбатлашиб, яқиндан танишганимизда, пойтахтда яшай бошлаганимга 12 йилдан ошиб қолган эди. Устозни ёш шоирлар, талабалар, мухлислар даврасида кўп қатори, кўпчилик ичида кўриб, зиёрат қилиб юрсам-да, яккама-якка суҳбатга юрагим дов бермасди. Бунинг бош сабаби – улуғ шоирнинг салобати босгани билан боғлиқ, албатта.

Абдулла ака билан ниҳоят яқиндан танишдик. Дастлабки юзма-юз учрашувимиздаёқ шунча йилдан буён ота-онамни "Абдулла Орипов билан устозу шогирдмиз, ўртада салом-алигимиз, борди-келдимиз бор", деб алдаб юрганимни очиқ тан олдим. Аллақачон устозни йўқлашим кераклиги, аммо журъатсизлик қилганим, шунингдек, ота-онам олдидаги ёлғончилигим учун ҳам узр сўрадим.

Абдулла акага дангаллигим, самимиятим маъқул тушди, чамамда. Астойдил меҳмон қилдилар, меҳр-оқибат кўрсатдилар, йўл-йўриқ бердилар. Биринчи кўришганимиздаёқ қадрдон ака-ука, устозу шогирд бўлдик. Ўшанда 1994 йилнинг Мустақиллик байрами кунлари – куз фасли эди...

Устоз 2016 йил 5 ноябрга ўтар кечаси АҚШнинг Техас штатидаги Хьюстон шаҳри касалхонасида вафот этди ва 10 ноябрда Тошкентда, Чиғатой қабристонида дафн этилди. Ўшанда ҳам куз фасли эди... 

Шоирлар қишлоқда туғилиб, шаҳарда жон беради, дейилган нақл яна бир бор амалий тасдиғини топди. Қашқадарёнинг Косон туманидаги Некўз қишлоғида 1941 йили таваллуд топган атоқли шоирни сўнгги йўлга кузатар экан, Осиё ва Америка қитъаларида бир йўла иккита шаҳар азага чўмди.

Америка – сеҳрли диёр, 

Ухлар эди Колумб ҳам ҳали, 

Денгиз ортин ёритди илк бор 

Берунийнинг ақл машъали. 

Колумбда бор аламим маним, 

Ўзбекистон – Ватаним маним. 

Гурунгларимиздан бирида мен ана шу сатрларнинг тарихи билан қизиқдим. 

– Бу мисраларни ёзишни талабалик давримда, яъни 1963 йилларда бошлаган эдим, – деди Устоз. – Америка ўша пайтда жаҳоннинг энг қудратли давлатларидан бири бўлган, ҳозир ҳам шундоқ. Шундан келиб чиққан ҳолда, "Эй, Америка, аслида, сени менинг боболарим кашф қилган", дегим келган бўлса керак-да...

Энди устознинг ўша сатрларини такрорласам, Колумбга бўлган аламим икки карра ортгандек...

Мунгли хотираларга шу жойда нуқта қўйдим...

Тушимга Абдулла ака кириб, тонггача, яна денг, шеърий лисонда ўгит бериб чиқдилар:

 Мен Ватанни умрбод севдим, 

нега жоним чиқди берун[1]да?

"Колумбда бор аламим", девдим – 

Беруний ҳам бўлай, дедим-да...

 Ўшанда устоз кутубхонаси токчасидан Абу Райҳон Беруний қаламига мансуб «Ҳиндистон» асарининг эски нашрини олиб, ундан ер юзининг тузилиши, денгиз ва қуруқликнинг жойлашиши тавсиф этилган қуйидаги сатрларни ўқиб берганди: «...Ернинг чораги маъмурадир. Маъмурани ғарб ва шарқ томондан Муҳит океани (Атлантика ва Тинч океанлари) ўраб турибди. Бу Муҳит океани, ернинг обод қисмини денгизларнинг нариги томонида бўлиши мумкин бўлган қуруқлик ёки одам яшайдиган ороллардан иккала ёқдан (ғарбдан ва шарқдан) ажратиб туради...». 

 

Абу Райҳон Беруний ва Фредерик Стар

 

Атоқли ўзбек шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Ориповнинг ўша назмий фарази орадан ярим асрча вақт ўтиб ўз илмий исботини топди. Буни америкалик таниқли олим, Вашингтондаги Ж.Хопкинс университетининг Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси Фредерик Старр ўзининг бир қатор илмий мақола ва маърузаларида, энг асосийси, 2013 йили инглиз тилида нашрдан чиққан «Унутилган маърифат: Марказий Осиёнинг араб истилосидан то Амир Темур давригача бўлган Олтин асри» номли китобида батафсил таҳлил ва талқин қилиб берди.

Америкалик олим 2014 йили Самарқанд шаҳрида Ўрта асрлар Шарқ алломаларининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасига бағишлаб ўтказилган халқаро конференцияда иштироки доирасида ҳам бу мавзуга алоҳида тўхталди. Ўшанда Фредерик Старр “Ўз ҳаётида ҳеч қачон океанни кўрмаган бўлса-да, Беруний ҳам “кашфиётчи тожи”га муносиб, деб баралла эътироф этди. Олимнинг фикрича, “Берунийнинг асбоблари елканли ёғоч қайиқ ва бақувват, моҳир эшкакчилардан иборат бўлган эмас, балки теран кузатувлар, йиғилган илмий маълумотлар ва қатъий мантиқ асосида у айни шундай хулосага келган”. 

Абу Райҳон Беруний томонидан Американинг “кашф этилиши”да улуғ аллома қиблани, яъни намоз вақтида Макканинг жойлашган ўрнини аниқ белгилаш мақсадида ўз қадами етган ҳар бир жойнинг координаталарини синчковлик билан ёзиб боргани, шунингдек, бошқа манбалардан Евроосиёнинг минглаб аҳоли яшайдиган жойлари ҳақидаги маълумотларни тўплагани муҳим ўрин тутган. Беруний бутун дунёга машҳур бўлган 5 метрли глобусини яратгач, у Ер шарининг 3/5 қисми ҳали ҳисобга олинмаганини аниқлаган. 

“Бундай катта тафовутни шу билан изоҳлаш мумкинки, барча қадимий географлар Евроосиё дунё океани билан ўралган, деб ҳисоблашган”, деб ёзади Ф. Старр «Унутилган маърифат» номли китобида. Беруний эса ушбу фаразни рад этди. XX асрнинг 50-йилларида ҳиндистонлик Саййид Ҳасан Бараний Ўрта асрлар олимининг ёндашуви тўғри эканини тасдиқлади. Абу Райҳон Беруний, қуруқликни сайёрамизнинг 2/5 қисмига кўтарган кучлар Ернинг бошқа қисмида жамланган бўлиши керак, деган фикрни илгари сурган. У Европа ва Осиё орасида бир ёки бир неча қуруқлик ҳудудлари жойлашган бўлиши керак, деган хулосага келади ва шундай ёзади: “Аҳоли яшамайдиган ерлар ҳам мавжудлигини инкор қиладиган ҳеч нарса йўқ”. 

Албатта, Америка қитъасининг кашф этилиши борасида жуда кўп қарама-қарши, баҳсли фикрлар мавжуд. Масалан, уни Беринг денгизи ёки Тинч океанини кесиб ўтган қадимий халқлар, тахминан мингинчи йилда Ньюфаундленд қирғоқларигача етиб борган норвегиялик денгизчилар, ё бўлмаса, XV аср тадқиқотчилари Христофор Колумб ва Жон Кабот топган, деган фаразлар илгари сурилган. 

Шунга қарамай, америкалик олимларнинг бу борадаги илмий хулосалари тобора қатъийлашмоқда. Уларнинг фикрича, Америка қитъасини сўзсиз Беруний кашф этган. Бу хулосани яқинда яна бир америкалик олим Ричард Стоун ҳам тасдиқлади. Унинг АҚШда чоп этиладиган оммабоп, академик нашрлардан бири – “Science” (“Фан”) журналининг 2014 йил 20 июнь сонида эълон қилинган мақоласида шу ҳақда сўз боради. 

Р.Стоуннинг қайд этишича, ҳали Ғарбда Ренессанс даври бошланмасдан анча олдин Шарқ Уйғониш даврининг ёрқин намояндаси бўлган Абу Райҳон Беруний Ер айланасининг узунлигини ҳайратланарли тарзда аниқ ҳисоблаб чиққан, солиштирма оғирлик ҳамда модданинг сувга нисбатан зичлиги катталикларини кашф этган. Вақтнинг ибтидоси ҳам, интиҳоси ҳам йўқ, деб ҳисоблайдиган креационизм таълимотини рад этган ва Коперникдан беш аср аввал Қуёш системасининг маркази Қуёш бўлиши мумкинлигини исботлаган. “Машҳур аллома ўз кашфиётлари қаторига Американинг мавжудлиги ҳақидаги башоратни ҳам киритган”, деб эътироф этади америкалик олим. 

 

АҚШга 24 йил аввалги сафар таассуротлари

 

Ўзбекистонлик олти нафар журналист, жумладан, камина ҳам 1998 йил 8-28 сентябрь кунлари Ўзбекистон – АҚШ Қўшма комиссияси музокараларининг натижаси сифатида ташкил этилган "Миллий хавфсизлик ва матбуот эркинлиги" дастури доирасида АҚШнинг Вашингтон, Нью-Йорк, Сан-Диего, Спрингфилд каби бир қатор катта-кичик шаҳарларида бўлиб қайтгандик. 

Ўша сафаримизнинг асосий йўналиши журналистлар фаолияти ва матбуот эркинлиги билан боғлиқ бўлгани учун, авваламбор, ана шу мавзуга бевосита тааллуқли баъзи бир қиёсий кузатувларимга тўхталмоқчиман. 

Бундан 24 йил аввал: Сафарнинг дастлабки куни тонг чоғи Вашингтондаги меҳмонхонанинг мен жойлашган хонаси эшиги тагида бир тахлам газета қолдириб кетишди. Улар жуда кўп, боз устига сифатли қоғозда, рангли услубда, ёрқин жилоларда чоп этилган.

Аввалбошда бу газета нусхалари менга тегишли эканига андак шубҳаландим. Сўнг эса уларни обдан варақладим, инглиз тилида бўлишига қарамасдан ҳижжалаб ўқидим, ҳатто бир нечтасини сафардан юртимизга олиб ҳам қайтдим. Замонавий газетачиликнинг америкача мактабидан хабардор бўлишсин, деган ниятда ўша рангин рўзномаларни таниш бош муҳаррирларга тарқатдим. 

Бугун газеталарни оппоқ қоғозларда, рангли услубда чоп этиш амалиётини биз ҳам яхшигина ўзлаштириб олдик. Энди газеталаримиз ҳатто Интернетда ўз сайтларига ҳам эга. Самолёт ва поездларда газеталаримиз йўловчиларга бепул тақдим этилади. Меҳмонхоналарда-чи? Бу масалада ва газеталаримизнинг чинакам мухлисларига етиб бориши ҳамда шу орқали адади тубдан ортиши борасида, чамамда, ҳали кўп ишлашимиз керак. 

Бундан 24 йил аввал: АҚШда дўконлардан биридан диктофон харид қилдим. Сотувчи ўша даврдаги янги технологияга асосланган, яъни “MP-3” тизимда ишлайдиган мўъжаз овоз ёзиш ускунасини тавсия қилганида рад этдим. Содда қилиб айтсам, ўшанда кассетасиз диктофонда овоз ёзиш мумкинлигига ишонмагандим. 

Орадан икки йилча вақт ўтар-ўтмас, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ўзимизга ҳам шиддат билан кириб келди. Бугун Қўшма Штатлардан харид қилинган ўша диктофон шахсий архивимда сақланмоқда. Негаки, бир томондан, маҳсулот сифатли ва чидамли бўлса, иккинчи томондан, техника тараққиётидан бироз бехабарлигим туфайли кассетали "матоҳ"им жуда тез урфдан қолди. 

Бундан 24 йил аввал: Вашингтонда СИ-СПЭН (Жамият муаммоларига доир воқеаларни ёритадиган сунъий йўлдош орқали кабелли алоқа) телетармоғи фаолияти билан яқиндан танишдик. Кабелли телевидениенинг бир тармоғи сифатида 1977 йилда ташкил этилган ушбу телетармоқ хусусий асосда ишлайди. Энг қизиғи, СИ-СПЭН телетармоғи 1979 йилдан бошлаб АҚШ Вакиллар палатаси мажлислар залидан бевосита кўрсатувлар намойиш этишга киришган бўлса, 1986 йилдан буён АҚШ Сенати мажлисларини тўғридан-тўғри эфирга узатиб келар экан. 

Ўша даврда Ўзбекистондаги бир палатали парламент фаолияти асосан мамлакат Президенти нутқ сўзлаганда, яъни тахминан уч ойда бир марта телевидениеда кўрсатиларди, десам, хато бўлмас. Шу боис америкаликларнинг бу борадаги амалий тажрибаси биз, ўзбекистонлик журналистларни қизиқтириб қолганди.

Шукрки, ҳозирги кунда миллий парламентимизнинг ҳар икки палатаси, тегишли қўмиталар, Қонунчилик палатаси ҳузуридаги сиёсий партиялар фракциялари фаолияти, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва тақдим этиш, ўқиш ва муҳокама қилиш, маромига етказиш ва қабул қилиш жараёнлари – барча-барчаси ойнаи жаҳон орқали мунтазам ва онлайн кўрсатиб борилмоқда. 

Бундан 24 йил аввал: АҚШ оммавий ахборот воситалари нодавлат асосда, яъни мустақил фаолият юритишига ҳавас қилгандик. Ўша пайтда юртимизда биттагина мустақил даврий нашр – "Ҳуррият" газетаси чоп этиларди. 

Кейинчалик Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари таркибида нодавлат, мустақил босма ва электрон ОАВ сони ортди. Ўзим ҳам турли йилларда "Туркистон-пресс" нодавлат ахборот агентлиги ва "Моҳият" мустақил газетаси таҳририятида ишладим. 

Бундан 24 йил аввал: Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасидаги учрашувда ушбу ташкилот вакиласи Кристина Лапичак хонимдан мамлакатимизда сўз эркинлиги ва журналистларга нисбатан муносабат бўйича анчайин эътирозли гапларни эшитишимизга тўғри келган.

Ўшанда биз ҳам воқеликни тушунишга ва тушунтиришга ҳаракат қилганмиз, роса баҳслашиб-тортишганмиз. Гоҳ ўзимиз ранжиган, гоҳ мезбонларни ранжитган ҳолларимиз ҳам бўлган...

Мамлакатимизда, Президент Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, “бугунги кунда матбуот иши, журналистлар фаолияти нафақат “тўртинчи ҳокимият”, балки мудофаа, хавфсизлик каби ҳал қилувчи соҳага айланиб бормоқда”. 

 

АҚШда адабиёт ва санъатга эътибор

 

Қўшма Штатларга сафаримиз бошида АҚШни ва америкаликларни яқиндан билиб олишимиз учун мезбонлар бизга ҳамроҳлару таржимонларсиз томошага чиқишни, яъни имкон қадар кўпроқ якка ҳолда пиёда сайр қилишни тавсия этишди. Шу боис дастлабки кундаёқ Вашингтон кўчаларини роса кездим, ҳатто адашиб ҳам қолдим. 

Америкаликлар очиқкўнгил ва хушмуомала, бағрикенг ва сабр-тоқатли инсонлар экан. Мурожаат қилганимда, бафуржа тўхтаб, тўғри йўл кўрсатиш мақсадида қайси меҳмонхонага жойлашганимни сўрайдилар. Не қилайки, Вашингтоннинг Шимоли-Ғарбидаги Эн-стрит, 2000 манзилида жойлашган "Эмбасси-сквэйр суитс" меҳмонхонаси, деган мураккаб жумла сира эсимга келмайди. Алқисса, ҳар гал меҳмону мезбон томон ўзаро узрхоҳлик билан хайрлашамиз. 

Шу тариқа анчагина йўл юрганимдан сўнг маҳобатли бир ҳайкалга дуч келдим. Синчиклаб боқсам: таниш қиёфа – Генри Уодсуорт Лонгфелло, АҚШ мумтоз шоирларидан бири, кўплаб дилбар шеърлар ва машҳур «Гайавати ҳақида қўшиқ» достони муаллифи!

Ахир, Лонгфеллонинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилганман-ку. Устоз шоир ўнг қўлини узатган томонни мўлжал олиб, “Аё, таваккал” деб, қадамимни тезлатдим. Буни қарангки, иккинчи чорраҳадан ўтибоқ, меҳмонхонамиз олдидан чиқдим. 

Айтмоқчиманки, америкаликлар адабиёт ва санъатни жуда қадрлайди. Машҳур шоирлару ёзувчиларга, олимлару санъат усталарига кўплаб ёдгорликлар тиклангани ҳам шундан.

АҚШда ҳар йили дунёдаги бошқа ҳар қандай мамлакатдагига қараганда кўп бадиий адабиёт нашр қилинади ва сотилади. Ҳозирга қадар Синклер Льюис, Юджин О’Нил, Перл Бак, Уильям Фолкнер, Эрнест Хемингуэй, Жон Стейнбек, Сол Беллоу, Исаак Башевис-Зингер, Чеслав Милош, Иосиф Бродский, Тони Моррисон, Боб Дилан каби америкалик ижодкорлар адабиёт соҳасида Нобель мукофотига сазовор бўлган. 

Сан-Диего шаҳрига сафаримиз чоғида америкалик ҳамкасбимиз Шерон хонимнинг хонадонида меҳмон бўлдик. Америкалик оиланинг шахсий кутубхонаси билан танишиш асносида ўзимизга қадрдон бўлиб қолган муаллифларнинг асарларини учратдим. Бинобарин, ўзбек китобхонига АҚШ адабиёти буюк ҳажвчи Марк Твен, саргузашт жанри асосчиларидан бири Эдгар Аллан По, илмий фантастика жанрининг мумтоз намояндаси Рэй Брэдбери, дунёнинг энг машҳур романнавислари Жек Лондон, Генри Жеймс, Теодор Драйзер каби истеъдодли Америка мумтоз адибларининг сара асарлари орқали маълум ва манзур.

Шу билан бир қаторда, ўзим ҳали билмаган кўплаб янги ва забардаст номларга ҳам дуч келдим. Хусусан, 1947 йилда Нью-Йоркда таваллуд топган Даниэла Стилнинг бадиий асарлари жаҳондаги 47 мамлакатда 28 тилда чоп этилган бўлиб, сотилган китоблари сони 600 миллион нусхадан ортган. Адибанинг романлари асосида ҳозиргача 23 та бадиий фильм суратга олинган. Бундай машҳурлик камдан-кам ёзувчиларга насиб этган. 

Америка модерн адабиётининг романнавис вакиллари – Холид Ҳусайний ва Ог Мандино ҳамда АҚШда XIX асрда яшаб-ижод этган О.Генри, У.Демил, шунингдек, ХХ асрга мансуб Э.Куин, Х.Эллсон, М.Гилберт, Э.Уоллес, Р.Деймо, Ж.Карр,  Г.Ралстон, Ж.Макдональд, Г.Слизер, Т.Хилл, П.Билл, Р.Хардвик, Л.Блок, Ж.Скотт сингари новелланавис адибларнинг асарларини ўзбек тилида мутолаа қилганимда, Шерон хонимнинг китобга тўла ўша жавонлари кўз ўнгимдан ўтади. 

АҚШ шаҳарларида "Макдональд" емакхоналарига нисбатан китоб дўконлари кўп экан! Бизда-чи? Афсуски, ҳали-ҳозирча кўчаларимизда китоб дўконларидан кўра гамбургер ва лаваш марказлари бир неча баробар кўпроқ, назаримда. 

Санъатга эътибор масаласига келсак, Нью-Йорк марказидаги Бродвей, яъни Сайилгоҳ кўчасининг ўзида 40 дан ортиқ театр биноси мавжуд ва ҳаммаси ҳамиша томошабинлар билан гавжум эканига гувоҳ бўлганмиз.

Шундай қилиб, Ўзбекистон ва AҚШ ҳамкорлиги ҳозир ҳар қачонгидан мустаҳкам эканлиги эътирофга сазовор. АҚШнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеникнинг ЎзА мухбири билан интервьюсида таъкидланганидек, “Бу жараёнда ҳар куни янги натижага гувоҳ бўляпмиз. Хавфсизликни таъминлаш, иқтисодиётни ривожлантириш, таълим соҳасини ривожлантиришда дадил қадамлар ташланяпти. Икки томонлама кун тартибининг барча жабҳаларида ўсиш намоён. Тошкент ва Вашингтон келгусида ҳам ўзаро манфаатни илгари суриш ва янги имкониятлар яратиш йўлида ҳамжиҳатлик билан иш олиб боришга интилмоқда”[2].

 

Ғулом МИРЗО

 

[1] Берун – эски ўзбек тилида чекка ҳудуд деган маънони беради.

[2] https://uza.uz/uz/posts/jonatan-henik-ozbekiston-aqsh-hamkorligi-yildan-yilga-mustahkamlanmoqda_613260

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech