Гиёҳвандликка қарши кураш: миллий, минтақавий ва халқаро ташаббуслар ижобати

Гиёҳвандликка нисбатан “аср вабоси” дея таъриф берилгани бежиз эмас. Чунки бугунги кунда айнан шу иллат туфайли инсоният саломатлиги, тақдири ва келажагига раҳна солинмоқда. Шунинг учун нафақат иллат, балки глобал офат сифатида гиёҳвандликка қарши қатъий курашиб келинмоқда.

БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликни назорат қилиш бошқармаси ҳисоботига кўра, дунёда гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчилар сони 10 йил ичида 23 фоиз ўсган. Яъни, 240 миллиондан –  296 миллион нафарга етган.

Бу ҳақда сўз борганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг дунёдаги глобал муаммолар ечими борасида илгари сурган бир неча ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланганлигини таъкидлаш лозим. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил сентябрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессиясидаги долзарб таклифларидан бири – глобал муаммога айланган гиёҳвандликка қарши кураш мавзуси билан бевосита боғлиқ.

Бу ташаббуснинг моҳияти нимада? Гап шундаки, Ўзбекистон Президенти бутун дунё аҳлини гиёҳвандликка қарши кураш борасида ўзаро бирдамлик ва ҳамкорликда иш олиб боришга чорлади.

Президентимиз ташаббуси асосида тайёрланган резолюция 2024 йил 4 июнь куни БМТ Бош Ассамблеясида бир овоздан маъқулланди ва қабул қилинди. Мазкур резолюция “Марказий Осиё давлатларининг гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш ва бартараф этиш учун ягона фронт бўлиб ҳаракат қилиш ва ҳамкорлик қилишга тайёрлиги” деб номланган.

Шу ўринда сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, юртдошларимизда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларга нисбатан қарши иммунитетни шакллантириш борасидаги ишлар тубдан кучайганини таъкидлаш зарур. Бунда, шунингдек, инсон саломатлигини таъминлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Юртимизда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ноқонуний айланмасининг барвақт олдини олиш, аҳолида уларни истеъмол қилишга нисбатан иммунитетни шакллантириш орқали генофондимизга салбий таъсир кўрсатувчи омиллар бартараф этилмоқда. Жаҳон тажрибаси негизида гиёҳвандликка чалинган беморлар учун тиббий-даволаниш тизими ташкил этилмоқда.

Бунда, айниқса, 2024 йил 6 май куни Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш орқали уларнинг аҳоли саломатлиги ва мамлакатимиз генофондига салбий таъсирини бартараф этиш стратегик чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилингани улкан аҳамият касб этди. Ушбу ҳужжатда айни соҳадаги давлат сиёсатининг истиқболли йўналишлари белгилаб берилди.

Фармон билан Ўзбекистон Республикасида гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш бўйича 2024-2028 йилларга мўлжалланган миллий стратегия тасдиқланди. Миллий стратегияда кўзда тутилган чора-тадбирлар ўз вақтида амалга оширилмоқда.

Эътибор беринг: БМТ Бош Ассамблеяси 2024 йил 4 июнда қабул қилган Резолюция матнида – Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 6 майдаги Фармони билан тасдиқланган Миллий стратегия қоидалари ўз аксини топган. Бу, шубҳасиз, Ўзбекистон гиёҳвандликка қарши кураш борасидаги миллий, минтақавий ва халқаро ташаббусларини узвий боғлиқлик ва мунтазамлик асосида илгари сураётганидан далолат беради.

Янада муҳими шуки, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда гиёҳванд моддалар савдоси ва гиёҳвандликка қарши кураш борасида олиб бораётган изчил сиёсати туфайли минтақамизда бу борада ижобий натижаларга эришилаётгани ҳам айни ҳақиқатдир.

 

Отабек НОРБОЕВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази бўлим бошлиғи

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech