3-4 июль кунлари Остона шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммити бўлиб ўтди. Саммит доирасида ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши ва “ШҲТ плюс” форматидаги йиғилиш ўтказилди.
Саммит “Кўп томонлама мулоқотни мустаҳкамлаш – барқарор тинчлик ва тараққиётга интилиш” шиори остида бўлиб ўтди. Унинг асосий кун тартиби долзарб халқаро ва минтақавий муаммоларни ҳал этишда ШҲТнинг ролини кучайтиришга бағишланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев саммит ишида қатнашди ва нутқ сўзлади. Ўзбекистон раҳбари ташриф дастури доирасида хорижий делегациялар раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказди.
Маълумки, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти 2001 йилда ташкил этилган. Ҳозирги вақтда унга тўққиз давлат, жумладан Ўзбекистон, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Покистон, Россия ва Тожикистон аъзо.
Шунингдек, ўн тўрт давлат – Озарбайжон, Арманистон, Баҳрайн, Миср, Қатар, Камбоджа, Қувайт, Мальдив ороллари, Мьянма, Непал, Саудия Арабистони, Туркия, Шри Ланка, Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) мулоқот бўйича ҳамкор ҳисобланади. Яна уч давлат – Афғонистон, Беларусь ва Монголия кузатувчилардир.
Остона саммитида Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Россия, Озарбайжон, Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қатар, Қирғизистон, Монголия, БАА, Покистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этди. Саммитда, шунингдек, БМТ Бош котиби, ШҲТ Бош котиби, МДҲ Бош котиби, Европа Иттифоқи Комиссияси ҳайъати раиси қатнашди.
БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш саммитда нутқ сўзлаб, БМТ Низоми ва Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига асосланган кўп томонлама тамойилларга содиқликни яна бир бор тасдиқлаш зарурлигини таъкидлади. А.Гутерриш уқтирганидек, айни саъй-ҳаракатларнинг марказида тинчлик туриши керак.
БМТ Бош котиби, шунингдек, бугунги кунда халқаро ҳамжамиятни умумий таҳдидларга қарши, жумладан, иқлим ўзгаришига қарши курашишни самарали амалга оширишга жаҳондаги геосиёсий зиддиятлар имкон бермаслиги борасида огоҳлантирди.
Йиғилишда ШҲТнинг 2023-2024 йиллардаги фаолияти сарҳисоб қилинди. Ташкилотни янада мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизлик, инфратузилма, энергетика, иқтисодиёт, экология, соғлиқни сақлаш, туризм, таълим, рақамлаштириш, транспорт ва логистика соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Саммитда ШҲТга аъзо давлатлар сони кўпайганлиги эълон қилинди. Беларусь ШҲТга аъзо бўлганлиги бўйича қарор қабул қилинди.
Иштирокчилар жаҳонда хавфсизликни таъминлаш, таҳдидларга қарши ҳамкорликда курашиш мақсадида халқаро ҳамжамиятни ҳалол ва очиқ глобал мулоқотга чақирдилар.
ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг Остона декларацияси имзоланди. Мазкур ҳужжатда ШҲТга аъзо давлатларнинг долзарб минтақавий ва халқаро муаммоларга яхлит ёндашувлари акс этган.
Давлатлар раҳбарлари “Адолатли тинчлик ва ҳамжиҳатлик йўлида жаҳон бирлиги тўғрисида”ги ташаббусни маъқуллаш тўғрисидаги қарорни имзоладилар. Унда жаҳонда адолатли кўп қутбли тартибни шакллантиришда БМТнинг марказий мувофиқлаштирувчи роли эътироф этилган.
Саммит иштирокчилари ШҲТ фаолиятини комплекс модернизация қилиш бўйича таклифларни маъқулладилар. Шунингдек, “ШҲТнинг ривожланиш стратегияси тўғрисида”ги ҳужжат қабул қилинди.
Давлатлар раҳбарлари томонидан яхши қўшничилик, ишонч ва шериклик тамойиллари тўғрисидаги баёнот имзоланди.
Бундан ташқари, “2025-2027 йилларга мўлжалланган терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик дастури” ва “ШҲТнинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган наркотикларга қарши кураш стратегияси” муҳокама қилинди.
ШҲТга аъзо давлатлар 2030 йилгача Энергетика соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш стратегиясини қабул қилдилар. Стратегиянинг асосий мақсадларидан бири энергия хавфсизлигини мустаҳкамлашдир.
Ҳужжатда энергетика соҳасида ШҲТга аъзо давлатлар ҳамкорлигининг асосий йўналишлари қайд этилган. Хусусан, энергия ресурсларининг транзит салоҳиятини ривожлантириш ва экспорт йўналишларини диверсификация қилиш имкониятлари, янги энергетика тизимини шакллантириш йўналишлари белгиланган.
Шундай қилиб, Остона саммити якунлари бўйича 24 та ҳужжат қабул қилинди. Бундан ташқари, ШҲТни янада ривожлантириш мақсадида уни тизимли модернизация қилиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
ШҲТ саммити иштирокчилари Афғонистондаги вазиятни ҳам кўриб чиқдилар.
Ўткир ОЧИЛОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази бўлим бошлиғи
- Қўшилди: 05.07.2024
- Кўришлар: 1351
- Чоп этиш