Бугунги кунда фуқароларимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда истиқомат қиладиган барча инсонларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш жараёнлари халқаро андозалар асосида изчил такомиллаштирилмоқда.
Юртимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам берилди. Халқаро меҳнат тамойилларига мос равишда ишлаб чиқариш, техник, экологик стандартларни кенг татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу каби ютуқларимиз халқаро ҳамжамият, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Халқаро анжуманларда Ўзбекистон қисқа муддатда эришган ана шу муҳим натижалар бошқа давлатлар учун намуна бўлишга муносиблиги таъкидланмоқда.
Маълумки, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) 1919 йилда Версал шартномаси асосида ташкил этилган. У 1945 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг биринчи ихтисослашган агентлигига айланган.
ХМТнинг Меҳнат соҳасидаги асосий тамойиллар ва ҳуқуқлар бўйича декларацияси 1998 йил қабул қилинган ва 2022 йилда унга ўзгартириш киритилган. Ҳозирги кунда ХМТга аъзо 187 та давлатнинг барчаси ана шу Декларацияда белгиланган мажбуриятларни изчил амалга ошириб келмоқда.
Ушбу мажбуриятлар қаторига, жумладан:
- касаба уюшмалар эркинлигини тан олиш;
- мажбурий меҳнатнинг барча шаклларига барҳам бериш;
- болалар меҳнатини тугатиш;
- касбий камситишларга чек қўйиш;
- хавфсиз ва соғлом иш муҳитини яратиш масалалари киради.
ХМТ меҳнат қонунчилиги ва меҳнат шароитларини яхшилаш масалалари бўйича конвенция ва тавсиялар ишлаб чиқиш учун халқаро комиссия сифатида тузилганини алоҳида қайд этиш лозим. Шу нуқтаи назардан, 1992 йили ХМТга аъзо бўлган Ўзбекистон ҳозирги кунгача ушбу халқаро ташкилотнинг 14 та конвенциясини ратификация қилгани диққатга лойиқ.
Мамлакатимиз ратификация қилган ХМТ конвенциялари қуйидагилардан иборат:
- Мажбурий меҳнат тўғрисидаги конвенция;
- Қирқ соатлик иш ҳафтаси ҳақидаги конвенция;
- Байрам кунлари ҳақ тўлаш ҳақидаги конвенция;
- Бирлашмалар эркинлиги ва касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенция;
- Бирлашиш эркинлиги ҳақидаги конвенция;
- Бажарилган меҳнат учун бир хил маош тўлови ҳақидаги конвенция;
- Оналикни ҳимоя қилиш ҳақидаги конвенция;
- Мажбурий меҳнатга барҳам бериш тўғрисидаги конвенция;
- Дискриминация ҳақидаги конвенция;
- Бандлик сиёсати ҳақидаги конвенция;
- Меҳнаткашларнинг вакиллари ҳақидаги конвенция;
- Жамоавий шартномалар ҳақидаги конвенция;
- Ишга олишда минимал ёш ҳақидаги конвенция;
- Болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларини тақиқлаш ва зудлик билан чоралар кўриш ҳақидаги конвенция.
Ўзбекистонда, шунингдек, 2019 йилдан бошлаб Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ҳамда ушбу масалалар бўйича Миллий маърузачи институти самарали фаолият кўрсатмоқда.
Миллий комиссия меҳнат муносабатларини такомиллаштириш, мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва муносиб меҳнат тамойилларини илгари суриш юзасидан халқаро ташкилотлар, биринчи навбатда, ХМТ билан ҳамкорликда тизимли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Бу борада муҳим натижаларга ҳам эришилди. Хусусан, ХМТ билан ҳамкорликда 2021 йили Ўзбекистонда муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган янги миллий дастур ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ХМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан амалий ҳамкорлиги, жумладан, меҳнат муносабатлари тизими мустаҳкамланиши ва ривожланишига хизмат қилди. Бунда, аввало, соҳада мавжуд муаммолар белгилаб олинди ҳамда кенг жамоатчилик ва халқаро ҳамжамиятга очиқ эълон қилинди. Ўз навбатида, айни муаммоларга мақбул ечимлар топиш бўйича тез фурсатларда муҳим амалий ишлар бажарилди.
Айниқса, мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг ўзига хос мутлақо янги тизими яратилганини таъкидлаш лозим. Қолаверса, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича уч босқичли тизим шакллантирилди. Бу ўринда “Миллий комиссия – кичик комиссиялар – ҳудудий комиссиялар” занжири ҳақида сўз бормоқда.
Шунингдек, халқаро нормалар асосида меъёрий-ҳуқуқий база такомиллаштирилди. Фуқаролик жамияти вакиллари мониторинг фаолиятини олиб боришда асосий етакчи кучга айланди. Халқаро ноҳукумат ташкилотлар вакиллари билан меҳнат масалалари бўйича мулоқот ва ҳамкорлик кенгайтирилди ва ўзаро ишонч мустаҳкамланди.
Бундан ташқари хорижда меҳнат қилаётган фуқароларни тизимли қўллаб-қувватлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Қишлоқ хўжалиги тизими ислоҳ қилинди, кластер тизими яратилди, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам берилди.
Ўзбекистоннинг қисқа даврда шу каби ёрқин натижаларга эришганлиги, шунингдек, ХМТнинг бир қатор муҳим конвенцияларини ратификация қилганлиги, инсонларга муносиб меҳнат шароитларини яратаётганлиги, муаммоларни эътиборсиз қолдириш сиёсатидан – уларни мулоқот орқали ҳал этиш тамойилига ўтганлиги ХМТга аъзо давлатлар томонидан юқори баҳоланди.
Жорий йил 7 июнь куни ХМТнинг Женевадаги қароргоҳида Халқаро меҳнат конференциясининг 112-сессияси ўтказилди. Сессия доирасида 2024−2027 йиллар учун ХМТ Маъмурий кенгаши аъзолари ва уларнинг ўринбосарлари сайлови бўлиб ўтди.
Бу сайловда Ўзбекистон Республикаси 194 та, яъни энг кўп овоз олди. Шу тариқа мамлакатимиз ўз тарихида илк маротаба ХМТнинг Маъмурий кенгаши аъзолигига сайланди.
ХМТ Маъмурий кенгаши уч йил муддатга сайланадиган 56 нафар аъзо ва уларнинг 66 нафар ўринбосаридан иборат. Маъмурий кенгаш томонидан ҳар йили март, июнь ва ноябрь ойларида учта сессия ўтказилади.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистоннинг ХМТ Маъмурий кенгаши аъзоси этиб сайланганлиги, бир томондан, мамлакатимиз глобал меҳнат сиёсатида янада фаоллик кўрсатишига кенг шароит яратади.
Иккинчи томондан, забт этилган бу марра ХМТ доирасида қарорлар қабул қилиниши жараёнларида, меҳнат муносабатлари тизимини такомиллаштириш юзасидан янги таклиф ва ғоялар ишлаб чиқилишида Ўзбекистонинг тўғридан-тўғри ҳамда фаол иштирок этиши учун янги имкониятларга йўл очади.
Наврўзбек АСЛОНОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази масъул ходими
- Қўшилди: 05.07.2024
- Кўришлар: 1349
- Чоп этиш