5 июль – Ишпарастлар куни
(Байрам ҳазили)
Бу кун – ўзини меҳнатга тўлиқ бағишлаган, ишга муккасидан кетган ва уй-жойи, қариндош-уруғи ҳамда ошна-оғайниларини бутунлай эсдан чиқарган ишчану камсуқум инсонларнинг касб байрами.
Ишпарастлар куни (Workaholics Day), деб аталмиш ушбу санани ишқпараст, майпараст ё пулпарастлар эмас, балки айнан ишпарастлар нишонлайди.
Дунёнинг турли мамлакатларида анъанавий тарзда байрам қилинадиган бу куннинг тарихи АҚШга бориб тақалади. Тўғри, байрам санаси қачон ва нима муносабат билан таъсис этилгани ҳақида аниқ маълумот тополмадик.
Аммо, ишпарастлик – тақдим, ишпарастлик – тақдир, ишпарастлик – ташхис каби ўхшашу қофиядош таърифларга кўп бора дуч келдик. Асосийси, “ишпарастлик” атамасининг кашшофи ҳақида мухтасар маълумотга эгамиз.
Бу ҳам бўлса, америкалик руҳшунос Уэйн Эдвард Оутс ҳисобланади. Унинг 1971 йили нашр этилган “Ишпараст тазарруси” номли китоби туфайли шу сўз жаҳон бўйлаб кенг оммалашган.
Ишпараст ўзи ким?
Инсониятнинг ишчан ва ишбилармон, меҳнаткаш ва меҳнатсевар деган тушунчаларга сиғмайдиган алоҳида бир тоифасини кўз олдимизга келтирайлик. Уларнинг фазилати ҳам нуқсони ҳам битта – ўз ишига тамомила қарамлиги, тобелиги, мутелиги...
Бу қарамлик қулнинг қулдорга мажбурий – нафрат ва аламзадалик, қасос ва гина-кудуратни ўзида жамлаган ашаддий ғанимларга хос тобелиги эмас. Аксинча, бу тобелик – “жонини жабборга бериб” ишлайдиган ва бундан бемисл маънавий-руҳий фароғат топадиган телба ошиқнинг “иш” аталмиш маъшуқасига соф ва покиза, эмин ва эркин севгисидир.
Ишпараст дегани, бу – барча ишни бажонудил бажарадиган, ҳеч бир топшириқ ё кўрсатмадан бўйин товламайдиган, ҳар қачон, ўз мажбурият ва масъулиятини шахсий манфаатларидан чандон ортиқ қўядиган, раҳбарларнинг қўлидаги “сеҳрли таёқчаси”га айланган муте бир ходим, деб ўйласангиз, адашасиз. Чунки, ишпарастлар – нафақат ижрочи, айни чоғда, фидойи ва ташаббускор шахслар ҳамдир.
Албатта, бундай алоҳида зеҳниятли инсонларга иш билан ҳордиқ орасида жисмоний ва маънавий машғулотлар учун ҳам қулай имконият яратиб бериш фарзу қарз. Шу маънода, айни тоифадаги шахслар учун “Иш куни – байрам” ва “Байрам куни – иш” саналишини яхши билган ҳолда, йилнинг биргина кунини бўлса ҳам уларга бағишлаганимиз энг мақбул ва эзгу амалдир.
Кейинги даврда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, янгиланган Меҳнат кодекси, шунингдек, Ўзбекистон қўшилган тегишли халқаро шартномаларда инсоннинг меҳнат қилиши билан боғлиқ ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, имтиёзлари ва имкониятлари очиқ-ойдин кафолатлаб қўйилган. Бугунги кунда кам ишлаш мумкиндиру, аммо ҳаргиз ортиқча ишлаб, кам даромад олишга асло йўл қўйилмайди.
Шу маънода, бутун дунёда 8 соатлик иш кунини янада қисқартириш, 5 кунлик иш ҳафтасини 4 кунликка айлантириш йўлида нафақат баҳс-мунозаралар қизғин давом этаётган, ҳатто аллақачон амалий қадамлар ҳам қўйилган ҳозирги инсонпарвар ҳамда инсонсевар даврда ишпарастларга осон эмаслигини ўзимизга бир тасаввур қилайлик. Ажаб эмаски, эрта-индин:
- ишлайдиганлар ва ишламайдиганларнинг ўрнини ҳам “сунъий интеллект” тўлиқ эгаллаб олса;
- инсониятнинг “ишпараст” дейилган ажабтовур қавми таг-туги билан барҳам топса;
- шу муносабат билан 5 июль – Ишпарастлар куни байрам сифатида нишонланмайдиган ҳам бўлса...
Хайриятки, бунга қадар бир оз муддат бор. Бугунча айни байрамни нишонлаш имкони ўз ихтиёримизда.
Бинобарин, сафимиздаги барча ишпарастларни байрам билан табриклаймиз. Уларнинг иш столидаги чорлов мисоли янграйдиган “Ишпарастнинг изҳори” номли шеъримизни армуғон этамиз:
Ишхонам – менинг жоним,
кўрмасам, ўтмас оним.
Келгум ҳатто шанбада,
албатта, якшанбада.
Ишхонам – байрамхонам,
Янги йилу Наврўзда,
туғилган кунларда ҳам –
ҳар куни шундамиз-да.
Бемор бўлиб қолмасам,
хумор бўлиб қолмасам,
торим бир-бир узилиб,
бетор бўлиб қолмасам,
Кўрасиз бу туришда
ётиб қолиб ишлайман.
Ёзда дув терлаб, қишда
қотиб қолиб ишлайман.
Яхши ҳам “иш” деганлар,
нетардим “их” десалар.
Асли, ишдан қўрққанлар –
касал ва дангасалар.
Ишдан ўлса – ўлар от,
борингки, ўлар хачир.
Мен ишга келган заҳот,
иш ҳам ажалдек қочур!
Мендайлар ишни ғажир...
Қадрли ишпараст дўстларим, байрамингиз яна бир бор муборак бўлсин!
Ғулом МИРЗО
- Қўшилди: 05.07.2024
- Кўришлар: 1374
- Чоп этиш