Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот кунининг моҳияти ва аҳамияти

Жорий йил 7 июнда бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Ўзбекистон ва Хитой томонидан Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот кунини белгилаш бўйича таклиф қилинган резолюция бир овоздан маъқулланди. Бинобарин, 10 июнь – Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни, деб эълон қилинди.

Ушбу резолюция халқаро ҳамжамият томонидан қизғин кутиб олинди ва кенг қўллаб-қувватланди. Резолюцияни тайёрловчи асосий гуруҳ ишида жами 15 давлат, имзолашда эса 83 давлат фаол иштирок этди.

БМТнинг Цивилизациялар Альянси ва ЮНЕСКО каби халқаро ташкилотлар резолюциянинг қабул қилинишини олқишлади. Зеро, Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот кунининг таъсис этилиши Ўзбекистон ва Хитой томонидан халқаро ҳамжамиятга тақдим этилган яна бир муҳим ҳамда қулай ижтимоий имкониятдир.

Кўплаб инқироз ва синовлар ўзаро боғланган, дунё янги нотинчлик ва ўзгаришлар даврига қадам қўяётган бир пайтда Халқаро цивилизациялар мулоқоти кунининг ўз вақтида таъсис этилгани улкан аҳамиятга эга. Бу сана:

  • цивилизациялар ўртасидаги мулоқот мавзусига эътибор қаратиш;
  • тўқнашувларни бартараф этиш;
  • ўзаро таълимга кўмаклашиш;
  • глобал цивилизация тараққиёти;
  • цивилизациялар ўртасидаги консенсусни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга кенг кўламда ёрдам беради.

Айни пайтда дунёмиз асрлар мобайнида кузатилмаган миқёс ва кўламлардаги бемисл  ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Геосиёсий қарама-қаршиликлар кундан-кунга кучайиб, минтақавий зиддиятлар бирин-кетин юзага чиқмоқда.

Шу маънода, халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот камситиш ва нотўғри қарашларга барҳам беради. Бу бани башар аро ўзаро тушуниш ва ишончни яхшилаш, халқлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг самарали воситаси ва ягона йўли ҳисобланади.

Ўзбекистон Хитойнинг Глобал цивилизация ташаббусини қатъий қўллаб-қувватлайди. Эътиборлиси, Ўзбекистон Хитойнинг таклифига биноан "Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни" резолюциясини ишлаб чиқишда асосий гуруҳ аъзоси сифатида фаол иштирок этди ва резолюциянинг қабул қилинишига салмоқли ҳисса қўшди.

Ўзбекистон доимо мулоқот орқали тинч йўл билан консенсусга эришишга фаол интилиб келади. Мамлакатимиз ҳамиша цивилизациялар ўртасидаги тарқоқликни самимий мулоқот йўли билан бартараф этиш, цивилизациялар ўртасидаги тўқнашувларни ўзаро ўрганиш орқали енгиш ва цивилизациялар уйғунлигига эришиш тарафдоридир.

Мухтасар айтганда, жаҳон ҳамжамияти томонидан муҳим халқаро сана, яъни 10 июнь – Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот кунининг таъсис этилгани:

биринчидан, цивилизациялар хилма-хиллигини ҳурмат қилишга чорлайди;

иккинчидан, турли цивилизациялар ўртасида ўзаро алмашинув, таълим, мерос ва инновациялар учун фойдали мулоқот майдони яратади;

учинчидан, бутун дунё мамлакатлари глобал муаммоларга жавоб берадиган салоҳиятли кучларни бирлаштиришлари учун ноёб имкониятни юзага келтиради.

 

Ҳусниддин ХОЛМАМАТОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази масъул ходими

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech