Ўзбекистон – ЭКОСОС аъзоси

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши, яъни ЭКОСОСБМТнинг олтита асосий органидан биридир.  У БМТнинг иқтисодий ва ижтимоий, маданият, маориф, соғлиқни сақлаш билан боғлиқ фаолият соҳаларида халқаро масалалар юзасидан тадқиқотлар олиб боради, маърузалар тайёрлайди, конференциялар ўтказади, тегишли конвенциялар лойиҳасини ишлаб чиқади.

Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш БМТнинг ихтисослаштирилган муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш, барча иқтисодий ва ижтимоий масалалар юзасидан Бош Ассамблея тавсияларини амалга ошириш билан изчил шуғулланади. Шу маънода, ЭКОСОС – БМТнинг энг йирик ва мураккаб ёрдамчи органидир.

БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши 1945 йили ташкил этилган. БМТ Низомининг Х боби, 61-72- моддалари айнан шу Кенгашга тегишлидир. Дастлаб Кенгаш аъзолари сони 18 та бўлган, кейинчалик 54 тага оширилган.

Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш аъзолиги географик вакилликка асосланган. Бош Ассамблея томонидан БМТнинг мазкур Кенгашига:

  • 4 та ўринга – Африкадан;
  • 11 та ўринга – Осиёдан;
  • 6 та ўринга – Шарқий Европадан;
  • 10 та ўринга – Лотин Америкаси ва Кариб денгизи ҳавзасидан;
  • 13 та ўринга – Ғарбий Европа ва бошқа ҳудудлардан аъзолар 3 йил муддатга сайланади. Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш раиси эса ҳар йили сайланиши белгиланган.

Иқтисодий ва ижтимоий кенгашнинг фаолияти асосан инсон ҳуқуқлари, гиёҳвандлик, аҳоли, ижтимоий ривожланиш, статистика, аёлларнинг ҳолати, фан ва технология каби мавзулар бўйича комиссияларда амалга оширилади. Кенгаш Европа, Осиё ва Тинч океани, Ғарбий Осиё, Лотин Aмерикаси ва Aфрика учун минтақавий комиссиялар ишини ҳам назорат қилади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган шиддатли демократик ислоҳотлар халқаро даражада кенг эътироф этилмоқда. Бунинг ёрқин мисоли сифатида айрим салмоқли далилларга тўхталамиз.

Биринчидан, яқинда БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига 2025–2028 йиллар учун 9 нафар мустақил эксперт сайланди. Инсон ҳуқуқлари қўмитасига экспертлик учун 16 та давлат ўз номзодларини тақдим этди ва Ўзбекистон вакили – академик Aкмал Саидов Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо мамлакатлардан энг кўп овоз олди ва сайланди.

Иккинчидан, жорий йил 7 июнь куни ХМТнинг Женевадаги қароргоҳида Халқаро меҳнат конференциясининг 112-сессияси ўтказилди. Сессия доирасида 2024−2027 йиллар учун ХМТ Маъмурий кенгаши аъзолари ва уларнинг ўринбосарлари сайлови бўлиб ўтди. Бу сайловда Ўзбекистон Республикаси 194 та, яъни энг кўп овоз олди. Шу тариқа мамлакатимиз ўз тарихида илк маротаба ХМТнинг Маъмурий кенгаши аъзолигига сайланди.

Учинчидан, 2024 йил 7 июнда БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида 2025-2027 йиллар учун БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши аъзолигига ўтказилган сайловда Ўзбекистон ғолиб бўлди. Яширин овоз бериш натижаларига кўра, мамлакатимиз БМТга аъзо давлатларнинг 185 нафар овозини олди.

Ўзбекистон ўз тарихида биринчи бор БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши аъзолигига сайланди. Бинобарин, Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш БМТнинг ўта муҳим вазифа-ваколатларини бажарадиган нуфузли органларидандир.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, жорий йил 30 июнь – 1 июль кунлари мамлакатимизга расмий ташриф буюрган БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ўзбекистоннинг Иқтисодий ва ижтимоий кенгашга аъзо бўлганлиги юзасидан “Дунё” ахборот агнетлигига интервью берди. А.Гутерришнинг эътироф этишича, Ўзбекистон БМТ ва унинг органлари билан кенг кўламли масалалар бўйича яқин ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Хусусан, 2017 йилдан буён БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан тўққизта, жумладан, 2024 йилда учта резолюция қабул қилган. Бу ўринда, жумладан, “Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот куни” ва “Марказий Осиё давлатларининг гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш ва бартараф этиш учун ягона фронт бўлиб ҳаракат қилиш ва ҳамкорлик қилишга тайёрлиги” резолюциялари ҳақида сўз бормоқда.

Хулоса қилиб айтганда, БМТ Бош котиби эътироф этганидек, Ўзбекистоннинг БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашига аъзолиги  ушбу тузилма фаолиятига мамлакатимиз ўз муносиб ҳиссасини қўшиши учун яна бир қулай имконият яратади.

Энг асосийси, мамлакатимиз БМТнинг бу муҳим органига сайлангани Президентимиз раҳбарлигида Янги Ўзбекистон ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган изчил демократик ислоҳотлар халқаро ҳамжамият ва БМТга аъзо давлатлар томонидан кенг эътироф этилганидан яққол далолатдир.

 

Наврўзбек AСЛОНОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси

Миллий маркази масъул ходими

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech