Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш жорий йилнинг 30 июнь – 1 июль кунлари расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлди.
Бу А.Гутерришнинг мамлакатимизга амалга оширган иккинчи расмий ташрифидир. Нуфузли меҳмон 2017 йилда ҳам юртимизга ташриф буюриб, Самарқанд шаҳрида давлатимиз раҳбари билан учрашган эди.
Ўша учрашувда Ўзбекистон билан БМТ ва унинг ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилган. Бундай мулоқот Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги самарали ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этган.
БМТ Бош котибининг бу галги ташрифи ҳам амалий мулоқотларга бой бўлди. Ташриф доирасида А.Гутерриш дастлаб “Янги Ўзбекистон” боғига бориб, Мустақиллик монументи пойига гул қўйди.
Шунингдек, мўътабар меҳмон пойтахтимиздаги Ҳазрати Имом мажмуасини зиёрат қилди. Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги қуёш фотоэлектр станцияси фаолияти билан танишиб, мамлакатимизда экологик тоза энергия ресурсларидан фойдаланишга катта эътибор қаратилаётганига гувоҳ бўлди.
Шундан сўнг олий даражадаги меҳмон Кўксарой қароргоҳига йўл олди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 июль куни ушбу қароргоҳда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди.
Унда глобал ва минтақавий тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳолати муҳокама қилинди.
Учрашувда таъкидланганидек, ҳозирда мамлакатимизда БМТ билан ҳамкорликда 140 та қўшма дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Кейинги йилларнинг ўзида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 10 та махсус резолюцияси қабул қилинди.
БМТ Бош котиби мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида эришаётган муваффақиятларини алоҳида эътироф этди. Мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш, гендер тенгликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларининг конституциявий ва миллий қонунчиликдаги асосларини янада мустаҳкамлаш борасида мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотларни юқори баҳолади.
Ҳақиқатдан ҳам, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида 2017 йилда бошланган, инсонпарвар ва демократик ҳуқуқий давлат – Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар бугунги кунда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси асосида изчил давом эттирилмоқда. Ислоҳотлар марказида, энг аввало, инсон қадрини юксалтириш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, халқимизни рози қилишдек олий мақсад мужассам.
Президентимиз Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида таъкидлаганидек, “Биз Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлашни устувор вазифа этиб белгиладик. Бу сиёсат бир йил билан чекланиб қолмаслиги, доимо бардавом бўлиши барчамизга аён. Шу юртда яшаётган ҳар бир инсоннинг тинч ва бахтли ҳаёт кечириши, унинг соғлиғи жойида бўлиши, яхши таълим олиши, оиласини тебратиши учун қандай шароит керак бўлса, ҳаммасини яратиб беришга ҳаракат қиляпмиз ва бу йўлдан асло тўхтамаймиз”.
Шунингдек, 2020 йил 22 июнда давлатимиз раҳбари Фармони билан мустақил мамлакатимиз тарихида илк бор Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси қабул қилинди. Мазкур Миллий стратегиянинг бош мақсади Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича изчил олиб борилаётган давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий йўналишлари ва вазифаларини белгилаб олишдан иборат.
Бунда 2020 – 2025 йилларга мўлжалланган вазифалар аниқ қайд қилинган ва изчил ижро этилмоқда. Жорий йил июль ойи ҳолатига кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 63 та банди бўйича чора-тадбирлар бажарилди. Бу – Миллий стратегия ижроси 81 фоизга етди, деганидир.
Мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро миқёсда ҳам фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатиб, салмоқли муваффақиятларга эришмоқда. Жумладан, 2020 йил 13 октябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон 2021 – 2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланди.
2024 йил 29 май куни БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо давлатларнинг 40-сессияси доирасида бўлиб ўтган сайловда Ўзбекистон вакили тарихда биринчи марта Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзолигига сайланди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов 2025–2028 йилларда БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси сифатида фаолият олиб боради.
Мамлакатимизда 2018 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми, 2019 йилда Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг йиллик 6-семинари, 2020 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми, 2022 йилда “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим” мавзусидаги Глобал форум, 2024 йилда “Экологик таҳдидлар: ўзгараётган дунёда инсон ҳуқуқларининг истиқболи ва барқарор ечимларни излаш” мавзусидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми каби нуфузли халқаро анжуманлар ўтказилди.
БМТ Бош котиби мамлакатимизнинг инсон ҳуқуқлари билан бир қаторда иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва маданий соҳаларда ҳам БМТ ва унинг институтлари билан ҳамкорликни фаол ривожлантираётганини таъкидлади. Жумладан, А.Гутерриш жорий йил июнь ойида мамлакатимиз БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши (ECOSOC) таркибига ва Халқаро меҳнат ташкилотининг Маъмурий кенгашига сайланганини эътироф этди.
Амалий мулоқотлар доирасида муҳим келишувларга эришилди. Хусусан, 2026–2030 йилларда Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича БМТ билан ҳамкорлиги ҳадли дастури ишлаб чиқилади.
Шунингдек, Кўксарой қароргоҳида БМТ Бош котибига давлатимизнинг юксак мукофоти – “Олий Даражали Дўстлик” орденини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари жаҳонда ҳамжиҳатлик ва бирдамликни фаол илгари суриш, ташкилот фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек, мамлакатимиз ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун Антониу Гутерриш ушбу олий мукофот билан тақдирланганини эътироф этди.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Президенти таклифига биноан БМТ Бош котибининг мамлакатимизга амалга оширган расмий ташрифи Янги Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишини таъминлаш, давлатимизнинг халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар билан манфаатли ва дўстона ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Бу ташриф, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида тинчликни асраш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини изчил юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Азизбек РАМАЗОНОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали бош муҳаррирининг ўринбосари
- Қўшилди: 05.07.2024
- Кўришлар: 1470
- Чоп этиш