Қашқадарёда қийноққа қарши кураш бўйича ўқув машғулотлари якунланди

4 – 5 июль кунлари Қашқадарё вилоятида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув курси ўтказилди. Ўқув курси Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ўқув курси очилиши муносабати билан тингловчиларга видеомурожаат йўллади.

Ўқув машғулотлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурига асосан ўтказилаётгани алоҳида таъкидланди. Бунда, шунингдек, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларига таянилмоқда.

Машғулотлар аввалида БМТга тенг ҳуқуқли аъзо ҳисобланувчи Ўзбекистон қийноқларни муайян одамлар томонидан бошқаларга нисбатан қўлланадиган энг ғайриинсоний қилмиш сифатида ҳар доим қоралаб келиши қайд этилди. Халқаро ҳуқуққа кўра, қийноқлар – инсониятга қарши жиноятдир. Бу борада қабул қилинган барча ҳужжатларда қийноқлар қатъиян тақиқланади ҳамда қийноққа солиш ҳолатини оқлашга ҳеч қачон ва ҳеч қандай асосда йўл қўйилмайди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатини янада кучайтиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида изчил ва кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани буни яққол тасдиқлайди.

Бу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июнда қабул қилинган “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини алоҳида таъкидлаш лозим. Худди шу қарор туфайли 26 июнь – Қийноқ қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни юртимизда миллий ва халқаро даражадаги тарихий аҳамиятга молик сана сифатида нишонланиши яхши анъанага айланди.

Тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш борасидаги ташаббус ҳам даставвал айни шу қарорда ўз аксини топган.

Ўз навбатида, Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги қарорига мувофиқ, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки терговни амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари доимий равишда ташкил этилмоқда. Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ бўлим бошлиғи Фарҳод Ҳайитбоев шу ҳақда батафсил маълумот берди.

Асосий машғулотлар Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори, юридик фанлар доктори Муроджон Турғунов, Ички ишлар вазирлиги Академияси “Жазони ижро этиш фаолияти” кафедраси доценти Қувонч Қодиров, Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафедраси ўқитувчиси Барно Қодирова, Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг “Юридик фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси Шаҳобиддин Ғаниев томонидан олиб борилди.

Ўқув курсининг иккинчи кунидаги машғулотларда халқаро эксперт Азамат Шамбилов онлайн иштирок этди. У тингловчилар эътиборига “Янгиланган Нельсон Мандела қоидалари” мавзусидаги тақдимотини намойиш қилди.

Икки кунлик қисқа ўқув курси давомида Қашқадарё вилояти прокуратурасидан 10 нафар ва ички ишлар тизимидаги тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасаларидан 50 нафар ходим – жами 60 нафар тингловчининг назарий билимлари амалий машғулотлар билан мустаҳкамланди.

Тест синовларидан муваффақиятли ўтган тингловчиларга сертификатлар топширилди.

Машғулотлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қийноқларга қарши конвенцияси қабул қилинганининг 40 йиллигига бағишланди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech