Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш мониторинги

2024 йилнинг 6 ойи давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига жами 712 та (2023 йилнинг шу даврида 707 та келиб тушган) мурожаат келиб тушган. Бу кўрсаткич 2023 йилнинг 6 ойида келиб тушган мурожаатларга қараганда 0,7% кўпдир.

Мурожаатларнинг 21 таси аноним мурожаат ҳисобланганлиги сабабли “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 3, 6 ва 29-моддаларига биноан кўрмасдан қолдирилди.

Ўтган 6 ойда Миллий марказ қабулхонасида жами 350 нафардан ортиқ фуқаро қабул қилинган. Шундан 275 нафар фуқаронинг ёзма мурожаатлари иш юритишга қабул қилинган. Қолган 75 нафар фуқарога ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилган.

Мурожаатларнинг 691 таси тааллуқлилиги бўйича тегишли идораларга кўриб чиқиш учун юборилган. Шундан 126 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

Кўриб чиқилган мурожаатларнинг:

  • 275 таси (39,7%) фуқаролардан тўғридан-тўғри қабул жараёнида;
  • 416 таси (60,2%) алоқа воситалари (асосан почта алоқа тармоғи орқали);
  • 14 та мурожаат Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали;
  • 95 та мурожаат  Миллий марказнинг Виртуал қабулхонаси орқали келиб тушган.

Таҳлилларга кўра, мурожаатларнинг 303 таси (43,8%) эркаклар ва 354 таси (51,2%) аёллар томонидан киритилган ҳамда 34 таси (4,9%) жамоавий келиб тушган.

Мурожаатларнинг 601 таси (87%) ариза, 88 таси (12,7%) шикоят ва 2 таси (0,3%) таклифлардир.

Ўтган 6 ой давомида келиб тушган мурожаатлар 2023 йилнинг шу даврида келиб тушган мурожаатлар бўйича ҳудудлар кесимида таққосланганда, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё, Тошкент ҳамда Фарғона вилоятларида мурожаатларнинг ортиши, Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри аҳолисидан мурожаатларнинг камайиши кузатилди. 

Аммо, таҳлилларга қараганда, энг кўп мурожаатлар ўтган йиллардагидек Тошкент шаҳри – 205 (28,8%);  Тошкент вилояти – 124 (17,4%); Қашқадарё– 118 (16,5%) вилоятидан келиб тушган.

Мурожаатларнинг 327 таси (47,3%) ижтимоий-иқтисодий, 286 таси (41,4%) шахсий, 67 таси (9,7%) сиёсий ва 11 таси (1,6%) маданий ҳуқуқларга оид мурожаатларни ташкил қилади.

Миллий марказ томонидан кўриб чиқилган мурожаатларнинг:

  • 111 таси – фуқароларнинг одил судловга оид ҳуқуқларига тааллуқли;
  • 77 таси – суриштирув ва дастлабки тергов органларининг мансабдор шахслари хатти-ҳаракатларидан, шунингдек, қарорларидан норозилик;
  • 86 таси – маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари қарорларидан;
  • 137 таси – бошқа давлат идоралари, муассасалари ва ташкилотларининг қарорлари ҳамда мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларидан норозилик билан боғлиқ;
  • 84 таси – шахсий мулк ҳуқуқларига доир;
  • 52 таси – муносиб турмуш кечиришга доир;
  • 28 таси – давлат органларига мурожаат қилиш билан боғлиқ;
  • 30 таси – суд қарорлари ижроси билан боғлиқ мурожаатларни ташкил қилади.

Мониторинг натижаларига кўра, ўтган йиллардаги каби 2024 йилнинг биринчи ярмида келиб тушган мурожаатларнинг аксарияти одил судловни амалга ошириш, суд қарорларидан, дастлабки  тергов ҳаракатлари ҳамда уларни олиб борган масъул шахсларнинг, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти идораларининг қарорларидан норозилик, ер ажратиш, шахсий мулкка ва уй-жойга бўлган ҳуқуқларга доир мурожаатлар кўп тушаётганлиги маълум бўлди.

Маълумки, мамлакатимизда одил судлов Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Фуқаролик-процессуал, Жиноят-процессуал, Иқтисодий-процессуал, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекслар ва “Судлар тўғрисида”ги қонун талабларига биноан фақат судлар томонидан амалга оширилади, уларнинг фаолиятига аралашиш тақиқланади. Шунингдек, давлат тергов ва суриштирув органларининг фаолияти юқори турувчи орган ҳамда прокурорлар томонидан назорат қилиниши Жиноят-процессуал кодекс ва “Прокуратура тўғрисида”ги қонунда ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.

Миллий марказ томонидан турли давлат идоралари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига 6 ой давомида киритилган 200 дан ортиқ тавсия кўриб чиқилган. Натижада 18 та мурожаат юзасидан фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланди, 25 та ҳолатда фуқароларга ҳуқуқлари тикланишида ва қонуний манфаатларининг амалга ошишида амалий кўмак берилди.

Бундан ташқари, 6 ой давомида телефон қўнғироқлари орқали мурожаат қилган 1650 нафардан ортиқ фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Бу рақасм оғзаки ҳуқуқий маслаҳат сўраб мурожаат қилувчилар сони йилдан-йилга ортиб бораётганини кўрсатади.

Судларда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишини кузатиш мақсадида жами 10 та суд жараёнларида Миллий марказ вакили иштирок этди. Жумладан:

- 8 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий судида Н.Х.га оид жиноят иши тафтиш тартибида кўрилишида;

- февраль-март ойларида Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича апелляция судлов ҳайъатида А.А ва Ф.А.ларга оид жиноят иши;

- 5 март куни Тошкент вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида Ф.В га оид  жиноят иши;

- 7 март куни Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида Ш.Р ва Ф.Мларга оид жиноят иши тафтиш тартибида кўрилишида;

- март ойида Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида Н.Х.га оид жиноят иши;

- йил апрель-май ойларида Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судида даъвогар А.Т нинг даъвоси бўйича фуқаролик иши;

- апрель ойида Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судида даъвогар Х.Х нинг даъвоси бўйича фуқаролик иши;

- апрель-июнь ойларида Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида А.А. ва бошқаларга оид жиноят иши;

- 3 май куни Навоий вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида Ф.А.га нисбатан бўлган жиноят иши кўрилишида Миллий марказ вакиллари иштирок этди.

Фуқароларга “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳиятини тушунтириш борасида Тошкент вилояти, Оҳангарон туманида учрашув ва очиқ мулоқотлар ўтказилди.

Эътиборли томони шундаки, бир инсоннинг бузилган ҳуқуқини тиклаш учун бир неча йиллар талаб этилмоқда. Яъни, Миллий марказ томонидан кўриб чиқилган айрим мурожаатлар бўйича унда кўтарилган масалани қонуний ҳал қилиш ваколатига эга бўлган давлат органига киритилган тавсия ва хулосалар юзасидан бир неча йиллардан сўнг ижобий қарорлар қабул қилинмоқда.

Миллий марказ томонидан кўриб чиқилган ва киритилган таклифлар асосида қаноатлантирилган мурожаатлар қуйидаги ҳаётий мисолларда ўз ифодасини топди:

Биринчи мисол: Фуқаро А.У.нинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Виртуал қабулхонасига нотариал идора орқали расмийлаштирилган “Олди-сотди шартномаси”га кўра сотган Тошкент шаҳрида жойлашган квартира учун даромад солиғи ҳисобланиб келинаётганидан норози бўлиб, бузилган ҳуқуқлари тикланишида амалий ёрдам сўраб ёзган мурожаати тааллуқлилиги кўриб чиқиш учун Давлат солиқ қўмитасига юборилган эди.

Қўмита томонидан мазкур масала ўрганиб чиқилиб, “E-Ijara” электрон хизмати ва фуқаро А.У.нинг шахсий варақасига тегишли ўзгартиришлар киритилган.

Иккинчи мисол: Фуқаро Н.Ш.нинг ишончига кириб оилавий мулкини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб кетган ва ҳозирги кунда оила аъзолари билан уй-жойсиз қолиб кетишига сабабчи бўлган эр-хотин Б.А ва С.А.га нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан тегишли чора кўрилмаётганидан, мурожаатларига ёзма жавоб хатлари берилмаётганидан норози бўлиб ёзган шикояти назорат тартибида кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига юборилган эди.

Прокуратура томонидан берилган жавоб хатига кўра, мурожаатни ўрганиш натижасига кўра айбдор мансабдор шахсларига нисбатан Житноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаро Н.Ш. жиноят иши бўйича фуқаровий даъвогар деб эътироф этилган.

Учинчи мисол: 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқаро Х.А.нинг  ўзига оид маъмурий ҳуқуқбузарликка оид чиқарилган қарорлардан норозилигини билдириб, ҳуқуқлари тикланишида амалий ёрдам сўраб ёзган мурожаати ва тааллуқли ҳужжатлар ўрганиб чиқилиб, Х.А.нинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини таъминлаш тўғрисида прокуратурага тавсия (хулоса) киритилган эди.

Прокуратура томонидан Х.А.нинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузган суд қарорига нисбатан хусусий тартибда протест келтирилиши таъминланган.

Тўртинчи мисол: Фуқаро Ф.А.нинг иш ҳақини ундирилишида амалий ёрдам сўраб ёзган аризаси бўйича ҳам прокуратура идорасига тавсия хати киритилган эди.

Прокуратура томонидан мазкур масала ўрганиш жараёнида қарздор ташкилотдан Ф.А.нинг жами 3.034.955 сўм миқдоридаги иш ҳақи тўлиқ ундириб берилиши таъминланган.

Бешинчи мисол: Миллий марказнинг фуқаролар қабулхонасига мурожаат қилган фуқаро Д.Ж.нинг мурожаатини ўрганиш натижаларига кўра прокуратура идорасига мурожаат муаллифи ва оила аъзоларининг мулкий ҳуқуқлари тикланишида амалий ёрдам сўраб тавсия хати киритилди.

Прокуратурадан олинган жавоб хатига кўра, фуқаро Н.Т.га нисбатан Кадастр идорасининг қарори билан тайинланган 49,5 млн сўмлик маъмурий жарима суд қарори билан ўзгартирилган ва жарима миқдори 6,6 млн сўмга камайтирилган.

Олтинчи мисол: Фуқаро Н.Б.анинг суд қарори ижроси юзасидан йўллаган мурожаати бўйича Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига (МИБга) тегишли таклиф киритилган эди.

МИБ томонидан мурожаат қаноатлантирилиб, қарздор Б.М.дан фуқаро Н.Б.нинг фойдасига 2.910.000 сўмлик алимент пуллари ундириб берилган.

Еттинчи мисол: Бир гуруҳ фуқароларнинг “Т.” УК раҳбари томонидан йўл қўйиб келинаётган айрим қонунбузилиш хатти-ҳаракатлари оқибатида меҳнат ҳуқуқлари бузилаётганлиги ҳолатларидан норозилик билдириб, корхона раҳбарига нисбатан қонунда белгиланган тартибда чора кўрилишида амалий ёрдам сўраб ёзган жамоавий мурожаати атрофлича ўрганиб чиқилиши мақсадида прокуратура идорасига таклиф киритилди.

Прокуратура томонидан олиб борилган ўрганиш натижасига кўра, ушбу корхонада ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш жинояти аниқланганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Саккизинчи мисол: Фуқаро Ғ.Н.нинг ишга тикланишида амалий ёрдам сўраб ёзган мурожаати ўрганиб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига тавсия юборилган эди.

Вазирлик томонидан ушбу фуқарони ички ишлар органлари хизматига тиклаш юзасидан ўрнатилган тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилаётганлиги маълум қилинди.

Тўққизинчи мисол: Фуқаро И.П. ўзи яшаб келаётган маҳалла ҳудудида истиқомат қилаётган айрим фуқаролар томонидан содир этилаётган айрим қонунбузилиш хатти-ҳаракатларига нисбатан қонунда белгиланган чора кўрилишида ҳамда амалдаги қонунчиликда ўрнатилган тартибда ҳимоя ордери берилишида ёрдам сўраб ёзган аризаси бўйича ички ишлар бош бошқармасига тавсия хати киритилган эди.  

Ички ишлар идораси томонидан муаллифнинг мурожаатида келтирилган важлар юзасидан текшириш ишлари олиб борилиб, фуқаро И.П.га ҳимоя ордери берилган.

Ўнинчи мисол: Фуқаро А.Г. ўзининг давлат муассасасига ишга қабул қилинишида номаълум сабабларга кўра айрим тўсқинликлар юзага келаётганлигини билдириб, ўрнатилган тартибда иш билан таъминланишида амалий ёрдам сўраб ёзган мурожаати бўйича тегишли вазирлик раҳбариятига тавсия хати киритилди.  

Вазирлик томонидан тақдим қилинган маълумотга кўра, фуқаро А.Г давлат муассасасига ишга қабул қилинишига розилик берилган. Мурожаат ижобий ҳал қилинган.

Ўн биринчи мисол: Чет эл фуқароси Р.Г. ёшга доир пенсия расмийлаштирилишида ҳамда муқаддам ишлаган вазифалари ҳақида тегишли маълумотларни олишда амалий ёрдам сўраб ёзган аризаси бўйича пенсия жамғармаси ҳамда масъул акциядорлик жамияти раҳбариятига тавсия хатлари киритилди.  

Ўрганишлар натижаларига кўра тақдим қилинган маълумотларга  кўра, фуқаро Р.Г.га ёшга доир пенсия расмийлаштириш масаласи қонуний ҳал қилинган.

Ўн иккинчи мисол: Миллий марказнинг фуқаролар қабулхонасига мурожаат қилган фуқаро Д.А.нинг ўзи ишлаб келган вазирликдан ноҳақ ишдан бўшатилганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати бўйича Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига тегишли тавсия хати киритилди.

Мурожаат Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганиб чиқилиб, фуқаро Д.А.ни ишга тиклаш масаласида судга даъво аризаси киритилган.

Ўн учинчи мисол: Фуқаро Ш.Р.нинг Мажбурий ижро бюроси ҳудудий бўлими ходимлари томонидан суд қарори ижро этилмаётганлигидан норози бўлиб йўллаган мурожаати назорат тартибида ўрганиб чиқиш учун Республика бюросига тавсия хати билан киритилди.

Олиб борилган ижро ҳаракатлари натижасига кўра, қарздорнинг мол-мулклари хатловдан ўтказилиб, қарздорнинг автотранспорт воситаларига нисбатан қидирув эълон қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган ва ижро қилиш учун масъул идорага юклатилган.

Ўн тўртинчи мисол: Фуқаро Б.С. Мажбурий ижро бюроси ҳудудий туман бўлими ходимлари томонидан суд қарори ижро этилмаётганидан норози бўлиб ёзган мурожаати тегишли тартибда ўрганиш ва чора кўриш тўғрисида Республика бюросига тавсия киритилди.

Назорат тартибида олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздор ташкилотдан ундирувчи Б.С фойдасига 8.7 млн. сўм пул маблағлари ундирилиб, ишга тикланган ва суд қарори ижроси таъминланган.

Миллий марказ тавсияси асосида ҳуқуқи тикланган ҳамда ҳуқуқлари рўёбга чиқарилган фуқаролардан миннатдорчилик хатлари келиб тушмоқда. Масалан, Миллий марказнинг Тошкент вилоят ҳокимлигига киритган тавсиясига мувофиқ, Ангрен шаҳридаги 34-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси А.Абдурашидовга 1 хонали уй ажратилганлиги учун мазкур фуқаро томонидан жорий йил 22 февраль куни миннатдорчилик хати юборилган.

Тошкент шаҳар, Олмазор туманида яшовчи фуқаро Д.Исламова қонун устуворлигини таъминлашда ўз ҳиссасини қўшаётганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали Миллий марказ жамоасига жорий йил 5 апрель куни ташаккурнома йўллаган.

Сирдарё вилояти, Сирдарё туманида яшовчи фуқаро С.Худойбердиеванинг мурожаати ўрганиб чиқилиб, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам марказига тавсия хати киритилганди. С.Худойбердиева Марказнинг Сирдарё вилоят филиалига ўз лавозимига тикланганлиги сабабли жорий йил 25 июнь куни Миллий марказга миннатдорчилик хати йўллаган.

 

Отабек НОРБОЕВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий Миллий маркази  бўлим бошлиғи

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech