Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган қамровдор ислоҳотлар самаралари туфайли Ватанимизнинг халқаро майдондаги нуфузи сезиларли даражада юксалди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳаётимизнинг турли соҳаларига кенг татбиқ этилаётган демократик янгиланишлар ва очиқ сиёсат дунё ҳамжамиятининг эътибори-ю эҳтиромини Ўзбекистонга қаратмоқда.
Аввало, Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ва ривожланиш суръатлари ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари бугунги кунда жаҳон иқтисодиётининг муҳим таркибий қисмига айланиб бормоқда.
Мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш, инвесторларнинг бу борадаги давлат сиёсатининг изчиллигига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва инвесторлар билан ишлашда давлат тузилмаларининг масъулияти оширилмоқда. Шу боис юртимизга халқаро компаниялар ва инвесторларнинг фаол равишда кириб келиши ортмоқда.
Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлик соҳасидаги фаолияти ҳам диққатга сазовор. Мамлакатнинг ташқи сиёсати ўзаро ишонч ва ҳамкорликка асосланган бўлиб, ўз навбатида, бу муҳим омил хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш имконини берди. Хусусан, Ўзбекистон БМТ, ЕХҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти каби халқаро ташкилотлар доирасида ўз мавқеини мустаҳкамлади.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг маданий ва маънавий мероси халқаро майдонда алоҳида ўринга эга. Хусусан, Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарлар ва уларнинг бой маданий мероси дунё жамоатчилигининг диққатини ўзига жалб этмоқда. Туризм соҳасидаги ривожланиш ва сайёҳлик инфратузилмасини яхшилаш натижасида Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.
Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ошишида таълим ва илм-фан соҳасидаги ислоҳотлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мамлакатда юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга йўналтирилган ислоҳотлар ва хорижий университетлар билан мунтазам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг илмий салоҳиятини ва жаҳон майдонидаги мавқеини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни ва аҳамияти янада ортиши мамлакатнинг барқарор ривожланиши ва халқаро ҳамжамият билан интеграциялашувида муҳим омил бўлмоқда. Бу жараёндаги ислоҳотлар ва саъй-ҳаракатлар мамлакатнинг келажакда ҳам халқаро майдондаги нуфузи ва обрў-эътибори янада мустаҳкамланишига қатъий ишонч бағишлайди.
Халқаро ҳамжамият билан кенг кўламли ҳамкорлик натижасида Ўзбекистон бир қанча ютуқларга эришди. Хусусан, биргина 2024 йилнинг ўтган даврида қўлга киритилган муҳим натижалар бу фикримизни яққол тасдиқлайди.
Биринчидан, 2024 йил 29 май куни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги қароргоҳида бўлиб ўтган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга аъзо давлатларнинг 40-сессиясида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов 2025-2028 йиллар учун БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига аъзо бўлди. Шу орқали Ўзбекистон вакили тарихда биринчи марта БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига сайланди.
Иккинчидан, 2024 йил 4 июнь куни БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси асосида “Марказий Осиё давлатларининг гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммоларни самарали ҳал этиш ва бартараф этиш учун ягона фронт бўлиб ҳаракат қилиш ва ҳамкорлик қилишга тайёрлиги тўғрисида”ги резолюцияни бир овоздан қабул қилди. Резолюцияда Марказий Осиёда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш минтақадаги гиёҳванд моддалар савдоси ва гиёҳвандликка қарши курашиш билан чамбарчас боғлиқлиги таъкидланган. БМТ расмий ҳужжатида Ўзбекистоннинг янги сиёсати натижасида минтақада юз бераётган ижобий ўзгаришларга алоҳида эътибор қаратилгани алоҳида аҳамиятга эга.
Учинчидан, 2024 йил 7 июнь куни Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро меҳнат конференциясининг 112-сессиясида Ўзбекистон илк маротаба Европа ҳудудидан энг кўп овоз тўплади ва Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Маъмурий кенгаши аъзолигига сайланди. Бу ютуқ Ўзбекистоннинг глобал меҳнат сиёсатида, ХМТ томонидан қабул қилинаётган қарорларда, меҳнат муносабатлари тизимини такомиллаштириш юзасидан янги таклиф ва ғояларнинг ишлаб чиқилишида бевосита фаол иштирок этишига имконият яратади.
Тўртинчидан, 2024 йил июнь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Ўзбекистон ва Хитой томонидан Халқаро цивилизациялар ўртасидаги мулоқот кунини белгилаш бўйича таклиф қилинган резолюция бир овоздан маъқулланди. Ушбу резолюцияда Ўзбекистон раҳбариятининг умумий хавфсизлик ва фаровонликни таъминлаш учун ҳамжиҳатлик руҳини ривожлантириш, амалий ҳамкорликка интилиш, тинчлик ва барқарор фаровонликка эришиш йўлида халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини сафарбар этишга қаратилган ғоялари ўз ифодасини топган.
Бешинчидан, 2024 йил июнь ойида 2025-2027 йиллар учун БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши аъзолигига ўтказилган сайловда Ўзбекистон 185 мамлакат томонидан қўллаб-қувватланиб, ЭКОСОСга сайланди. Мамлакатимиз тарихда илк бор ушбу тузилмага аъзо бўлди. БМТ доирасида барқарор ривожланишнинг барча уч йўналиши – иқтисодий ва ижтимоий соҳалар, шунингдек, атроф-муҳитни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларда ЭКОСОС муҳим ўрин тутади.
Олтинчидан, 2024 йил 13-14 июнь кунлари “Экологик таҳдидлар: ўзгараётган дунёда инсон ҳуқуқларининг истиқболи ва барқарор ечимларни излаш” мавзусидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича IV анъанавий Самарқанд форуми ўтказилди. Президентимиз форум иштирокчиларига мурожаатида таъкидлаганидек, “Экологик инқироз барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги энг асосий тўсиқ ва таҳдидга айланди. Глобал миқёсда қашшоқлик муаммолари кўпаймоқда, инсоннинг соғлиқ, тоза сув, озиқ-овқат ва уй-жойга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш хавф остида қолмоқда. Бундан аввало ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар, хусусан, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар, аёллар ва болалар жиддий азият чекмоқда”.
Президентимизнинг Самарқанд форумига мурожаатидаги ғоя ва ташаббуслари Ўзбекистонда иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ инсон ҳуқуқлари муаммоларига ечим топиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини яна бир бор тасдиқлайди. Бинобарин, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлар мамлакатимизнинг халқаро нуфузини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Шундай қилиб, жорий йилнинг биринчи ярмида қўлга киритилган салмоқли ютуқлар мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлади. Натижада Янги Ўзбекистоннинг келажакда барқарор ривожланишига нисбатан қатъий ишонч халқимизга бунёдкорлик шижоатини бахш этаётган бўлса, жаҳон ҳамжамиятининг эътибору эътирофини янада кучайтирди.
Дилноза РАҲМАТЖОНОВА,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази етакчи мутахассиси
- Қўшилди: 09.07.2024
- Кўришлар: 1536
- Чоп этиш