Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларига оид машғулотлар давом этмоқда

10 июль куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида “Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда халқаро ва миллий механизмлар” мавзусидаги онлайн ўқув курси давом этди. Машғулотлар Президентимизнинг 2023 йил 7 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилмоқда.

Иккинчи кунда дастлаб Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати бош инспектори, подполковник Назокат Тожиева маъруза қилди. У ўз чиқишида хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар, зўравонлик содир этган шахслар билан ўтказилаётган профилактика ишлари билан боғлиқ масалаларга эътиборни қаратди.

Олий суд судьяси Санобар Мамадалиеванинг “Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга ёрдам бериш ва жиноятчиларни жавобгарликка тортиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар” юзасидан маърузаси ҳам тингланди.

Шунингдек, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси бошқарма бошлиғи Ўғилой Ўрозова “Гендер тенглигини таъминлаш: халқаро ва миллий тажриба” мавзусида маъруза қилди.

Машғулотлар қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди. Тингловчилар мавзуга оид ҳамда амалиётда учраётган масалалар билан боғлиқ барча саволларига экспертлар томонидан батафсил жавоб олди.

Ўқув курсида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази, унинг ҳудудий бўлимлари ва намунали туманлараро марказлари директорлари ҳамда ушбу Марказнинг ҳуқуқшунослари –42 нафар иштирокчи онлайн қатнашмоқда.

Мазкур маърифий тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ҳамкорлигида ташкил этилган. У БМТнинг Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси 45 йиллигига бағишланган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech