10 июль куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг эллик тўртинчи ялпи мажлисида, жумладан, “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди. Ушбу ҳужжат билан соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида иш берувчининг бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларнинг электрон шаклда юбориш шартлари белгиланмоқда.
Шунингдек, қонунда ходимларни оммавий равишда ишдан бўшатиш мезонлари аниқ белгилаб берилаётганлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси билан ўзаро мувофиқлаштирилаётганлиги келгусида ишчиларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга хизмат қилади.
Қонунда бандликни рағбатлантириш ва аҳолини тадбиркорликка жалб этиш учун субсидиялар вазирлик ва идораларнинг маблағлари ҳисобидан кўрсатилаётган молиявий ёрдамлар, яъни субсидиялар уларнинг мақсадли жамғармалари ҳисобидан амалга оширилиши назарда тутилиб, ссуда ажратиш ёки рад этишнинг асослари белгилаб қўйилмоқда.
Иш қидираётган шахсларни рўйхатга олиш тартиби соддалаштирилмоқда. Унга кўра иш қидираётган шахсларнинг иш стажи, маълумоти (мавжуд бўлган тақдирда), иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар ва бошқа маълумотлар маҳаллий меҳнат органи томонидан масъул давлат органлари ва ташкилотлардан мустақил равишда, шу жумладан, “Рақамли ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олиниши белгиланмоқда.
Қонунда ишга жойлаштиришга доир йўлланмалар ва ишга жойлашишга кўмаклашиш юзасидан мурожаатномалар асосида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш тартиби “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун талабларига мувофиқлаштирилмоқда.
Қонун асосида меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилинганда моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча кафолатлар белгиланиб, агар меҳнат шартномаси бекор қилинган тақдирда, иш қидириш даврида ўртача ойлик иш ҳақининг ишдан бўшатиш нафақаси ҳисобга олинган ҳолда, бироқ кўпи билан икки ойга сақланиб қолиши ходимлар учун кафолатланиши назарда тутилмоқда.
Қонунда ишдан ва иш ҳақи (меҳнат даромади)дан маҳрум бўлган шахсларга ишсизлик нафақаси миқдорини белгилаш шартларига аниқлик киритилиб, ишсизлик нафақасини тўлашни тугатиш ва тўхтатиб туриш тартиблари, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиладиган шахслар билан бундай ишларда иштирок этиш учун меҳнат шартномаси муддатини ўн бир ойгача бўлган муддатга тузиш асослари, ишсиз шахсларга стипендия тўлаш шартлари белгиланмоқда ҳамда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағларидан фойдаланиш йўналишлари такомиллаштирилмоқда.
Ҳужжатда ишсиз шахсларга касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш даврида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан стипендияларни тўлаш мезонлари аниқ белгиланмоқда. Таъкидланганидек, мазкур қонуннинг қабул қилиниши ишга жойлаштириш бўйича аҳолига кўрсатилаётган хизматлар самарадорлигини оширишга, ишга жойлаштириш бўйича мурожаат қилаётган фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигига чек қўйиш ҳамда аҳолининг давлат органларига нисбатан ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Сенатнинг эллик тўртинчи ялпи мажлисида жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 18 та масала, шу жумладан, 14 та қонун муҳокама қилинди, дейилади Олий Мажлис Сенати Ахборот хизматининг хабарида.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 11.07.2024
- Кўришлар: 1466
- Чоп этиш