Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 16 июлда “Ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, ногиронликни белгилашнинг янги тартиби жорий этилмоқда, дейилади “Huquqiy axborot” канали хабарида.
Бунда 2024 йил 1 сентябрдан Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятининг туман (шаҳар)ларида босқичма-босқич эксперимент тариқасида, 2025 йил 1 сентябргача республиканинг қолган ҳудудларида: — фуқароларга ногиронликни белгилаш бўйича ЯИДХП (my.gov.uz), “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ёки ижтимоий ходимлар орқали оилавий шифокорларга мурожаат қилиш имконияти яратилади;
— тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси (ТИЭК) кўриги учун фуқароларнинг тиббий ҳужжатларини йўллаш оилавий шифокорлар томонидан электрон тарзда амалга оширилади;
— “Инсон” марказлари ходимлари томонидан 18 ёш ва ундан катта шахсларнинг функционаллигини баҳолаш тартиби жорий этилади. Бунда баҳолаш натижалари 2025 йил 1 сентябргача ногиронликни белгилаш учун асос ҳисобланмайди;
— шахс соғлиғининг ҳолатига кўра “Инсон” марказларига бориш имконига эга бўлмаганда соғлиғининг ҳолати ва функционалликни баҳолаш шахснинг уйида ёки даволанишда бўлган стационарда ўтказилади;
— 2024 йил 1 октябрдан ихтисослаштирилган (психиатрия, фтизиатрия ва пульмонология, педиатрия) ТИЭКлар томонидан ногиронликни белгилаш тартиби бекор қилиниб, ногиронлик туманлараро ва туман (шаҳар) ТИЭКлар томонидан белгиланади.
Шунингдек, ногиронликни электрон тарзда белгилаш тартиби йўлга қўйилади. Қарорга мувофиқ, 2025 йил 1 апрелдан:
- фуқароларни ТИЭК кўригига йўллаш учун лозим бўлган амалдаги даволаниш муддатлари бўйича талаб бекор қилинади ҳамда ҳар бир касалликнинг кечиши ва туридан келиб чиқиб алоҳида белгиланади;
- ТИЭК томонидан касбга, спортга ва таълимга тавсия бериш тартиби бекор қилинади;
- ТИЭКнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг муддатини узайтириш ҳамда махсус жиҳозланган транспорт воситасини бошқариш лаёқатини белгилашга оид функциялари давлат тиббиёт муассасаларига ўтказилиши орқали тугатилади;
- 18 ёшдан катта шахсларга ногиронликни белгилашда ногиронликнинг муддати, сабаби, тиббий реабилитация тадбирлари, шунингдек, протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситаларига муҳтожлигига оид маълумотлар “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида шакллантирилади.
- 2025 йил 1 сентябрдан туманлараро ва туман (шаҳар) ТИЭКлар томонидан фақат тиббий ҳужжатларга асосан ногиронликни белгилаш тартиби бекор қилиниб, ногиронликни шахс соғлиғининг ҳолати ва функционалликни баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб электрон тарзда белгилаш тартиби йўлга қўйилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 17.07.2024
- Кўришлар: 1298
- Чоп этиш