Ҳақиқат эгилади, букилади, аммо синмайди. Золимлар зулм ва зуғум билан оқни қора, қорани оқ қилиб кўрсатишга уринишса ҳам, барибир вақт ўтиб ҳақиқат юзага чиқади. Тўғри, тарих қудуғидан ҳақиқатни излаш ва тиклаш ниҳоятда машаққатли иш. Бунинг учун тарихий ҳужжатларни синчиклаб ўрганиш, қиёслаш, текшириш, таҳлил қилиш, бир сўз билан айтганда, тадқиқот олиб бориш талаб этилади. Шукурки, давлатимиз мустақилликни қўлга киритгач, халқимиз тарихидаги муҳим воқеа ва ҳодисаларга холисона баҳо бериш, тарихий ҳақиқат ва адолатни қарор топтиришга қаратилган кўплаб кенг кўламли тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Жорий йилда нашр этилган “Тарихий хотира беқиёс”[1] китоби ҳам, ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон Республикаси прокуратураси тарихига оид чуқур ва изчил тадқиқотлар маҳсули саналади.
Китобнинг илк саҳифаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги сўзлари билан бошланади: “Халқимиз асрлар давомида оғир синовларда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб келган. Ўз озодлиги, эркинлиги йўлида курашиб, беҳисоб қурбонлар берган ота-боболаримиз жасорати хотирамиздан ҳеч қачон ўчмайди”.
Китобнинг бош ғояси ва асосий мақсадини ифодалаган ушбу фикрлар ҳар биримизни донишманд халқимиз, мард ва жасур аждодларимизнинг қаҳрамонликлари билан яқиндан танишишга, уларнинг жасоратларидан ўрнак олишга, шу нуқтаи назардан, китоб мутолаасига диққат-эътибор ва масъулият билан киришишга ундайди.
Ушбу энциклопедик китоб Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи томонидан нашрга тайёрланиб, “Encyclopedia world” нашриётида халқаро андозаларга мувофиқ тарзда юқори сифат ва дид билан чоп этилган.
Ушбу китобнинг қандай ўзига хос хусусиятлари бор?
Биринчи хусусияти. Китобнинг тузувчи-муаллифлари ниҳоятда катта жамоани ташкил этади – 77 нафар юрист ва тарихшунос олимлар ҳамда соҳа мутахассислари мазкур нашрга асос бўлган тадқиқотга ҳисса қўшганлар. Китоб Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, 3-даражали Давлат адлия маслаҳатчиси Ниғматилла Йўлдошевнинг умумий таҳрири остида нашр этилган. Шунингдек, нашр учун масъуллар: Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори Б. Ҳасанов, Бош прокурор ўринбосари С. Самадов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Кадрлар бошқармаси бошлиғи А. Абдуллаевнинг хизматларини ҳам эътироф этиш керак.
Иккинчи хусусияти. Дастлаб киши эътиборини ноодатий услуб, фалсафий-рамзий сурат ва ранглар билан ишланган китоб муқоваси тортади. Муқовада тиканли симлар домига тушиб қолган “Мартлет қуши” тасвирланган. Мартлет қуши Ғарб афсоналарига кўра, меҳнатсеварлик, қатъиятлилик, ирода, матонат, интилувчанлик рамзи ҳисобланади. Муқовада ушбу қушни акс эттириш орқали мамлакатимиз прокуратураси тизимида виждонан ва ҳалол хизмат қилган, юксак шахсий профессионал салоҳияти билан қисқа фурсатда улкан ишларни амалга оширган, аммо фидокорона меҳнати собиқ мустабид тузумда қадр топмаган, аксинча, зуғумкор қатағон сиёсатининг “тиканли симлари” исканжасида қолган халқимизнинг фидойи фарзандларига ишора қилинган. Муқова учун ботаётган қуёш нурларидан алвон тусга кирган шафақ ранги танланган. Ёзувчи Наби Жалолиддин “ўлимнинг ранги” деб атаган ушбу ранг умидсизлик, зулм ва қатағон тимсолини ифодалаган.
Китобхон асар мутолаасига киришар экан, китоб муқовасида акс этган дард унинг саҳифаларида янада алангаланиб бораётганини англайди.
Учинчи хусусияти. Ўз мазмунига кўра ушбу китоб энциклопедик характерга эга бўлиб, унда ХХ асрнинг қатағон йилларида турли туҳмат ва иғволар билан тазйиққа учраган, лавозимидан бўшатилган, ҳатто озодликдан маҳрум қилинган ёки ўлим жазосига ҳукм этилган, аслида эса ҳеч бир айби бўлмаган, жамиятда адолат устуворлиги учун қатъий курашган 40 нафар прокуратура ходимларининг фожиали қисмати архив манбалари ва тегишли ҳужжатлар асосида холис ифода этилган. Эътиборли жиҳати шундаки, ҳар бир прокуратура ходими ҳақида маълумот берилар экан, энг аввало, манбалар аниқ кўрсатилган. Шахслар, шаҳарлар, бино-иншоотлар, хат ва ҳужжатларнинг расмлари тақдим этилган. Бу эса маълумотларнинг холис ва ишончли эканини тасдиқлайди, китобхонда шубҳа қолдирмайди.
Тўртинчи хусусияти. Қатағон зулмига учраган прокуратура ходимлари ҳақидаги маълумотларни ўқир экансиз, уларнинг фожиавий қисматида муайян умумий жиҳатлар борлигига гувоҳ бўласиз. Аввало, уларнинг барчаси ўз касбида юксак профессионал малака ва салоҳиятга эга бўлган. Адолатни таъминлаш йўлида виждонан, ҳалол хизмат қилган. Шўро амалдорлари, собиқ ҳукмрон партия раҳбарлари ноғорасига ўйнамаган ва аксинча, адолатни таъминлаш йўлида уларга қарши курашишдан ҳам ҳайиқмаган. Алал-оқибат, туҳмат ва бўҳтон қурбони бўлган, ноҳақ жазоланган.
Мисол учун ҳуқуқшунос Ҳабибулла Ниғматуллаев ҳақида китобда келтирилган маълумотларга эътибор қаратайлик.
Ҳ. Ниғматуллаев 1905 йилда Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманида таваллуд топган. Дастлаб Тўрткўл қишлоқ хўжалиги техникумида, кейин бир йиллик ҳуқуқшунослик курсида таълим олган. Чимбой, Тахтакўпир, Кегейли туман прокуратурасида хизмат қилган. 1929 йилда “ёт унсурлар билан алоқа қилганлик ва уларни қўллаб-қувватлаганлик”да айбланиб, ишдан бўшатилган ва жазога тортилган. Аммо ўзига қўйилган айблар асоссиз эканини исботлаган Ҳ. Ниғматуллаев 1935 йилда прокуратура тизимида қайта ишга тикланган.
1937 йилда у иккинчи марта ҳибсга олинган. Ҳ. Ниғматуллаев бу сафар дин арбобининг ўғли бўлганликда, катта ер эгаси сифатида ёлланма меҳнатдан фойдаланганликда ва бу орқали камбағалларни эксплутация қилганликда “айбланган”. Қарийб 20 ой давом этган тергов давомида қийноқлар ва шафқатсиз тарздаги жисмоний ҳамда руҳий босимларга қарамай, Ҳ. Ниғматуллаев НКВД ходимлари томонидан олдиндан тайёрлаб қўйилган протоколларнинг бирортасини ҳам имзоламаган, ҳеч бир инсонга туҳмат қилмаган. 1939 йилда у суд томонидан айбсиз деб топилган.
Ҳ. Ниғматуллаевга қарши навбатдаги қатағон тўлқини 1951 йилда уюштирилган. У дўстининг уйида айни жаноза маросимида иштирок этаётган пайтида ҳибсга олинган. Сталинни ҳақорат қилганликда айбланган Ҳ. Ниғматуллаевга Туркистон ҳарбий округи ҳарбий трибунали ҳукми билан ўлим жазоси тайинланган. Ўлимидан 38 йил ўтиб, яъни 1989 йилда ўлим жазоси асоссиз равишда тайинлангани тан олиниб, унинг пок номи оқланган.
Китобхон бу каби фожиавий қисматлар билан яқиндан танишар экан, собиқ шўро тузумининг машъум қатағон сиёсати тўғрисида кенг ва аниқ тасаввур ҳосил қилади, мустабид тузум ҳеч қачон адолатли бўлмаслигини, адолат устуворлиги фақат ва фақат мустақил давлатда ҳамда эркин жамиятдагина барқарор бўлишини англайди, бугунги тинч ва фаровон, ҳур ва озод кунларга шукроналик келтиради.
Мухтасар айтганда, “Тарихий хотира беқиёс” китоби Ўзбекистон Республикаси прокуратураси органларининг ҳаққоний тарихини тиклаш, собиқ мустабид тузум даврида асоссиз айбланган прокуратура фидойиларининг пок номини оқлаш, халқимизга виждонан ва садоқат билан хизмат қилган ҳуқуқ ҳимоячиларининг ёруғ хотирасини ёд олиш ва келажак авлодга етказишда муҳим аҳамиятга эга. Китоб халқимизнинг, айниқса, ёшларнинг прокуратура органлари ходимларининг шарафли фаолияти ҳақидаги тасаввурларини янада бойитишга хизмат қилади. Юридик соҳада энди фаолият бошлаётган ёш мутахассисларда ғурур ва ифтихор, шу билан бирга, масъулият ҳиссини кучайтиради.
Тарихий ҳақиқатни юзага чиқаришга ҳисса қўшувчи тадқиқотлар ўтказиш ва китоблар нашр этиш ишлари бардавом бўлишига тилакдошман.
Акмал САИДОВ,
академик
«Халқ сўзи» газетасининг 2024 йил 18 июль кунги 144 (8767)-сони
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг кутубхонаси
[1] Тарихий хотира беқиёс / Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н. Т. Йўлдошевнинг умумий таҳрири остида; Тузувчи-муаллифлар: Р. Т. Шамсутдинов ва бошқ.; Нашр учун масъул: Б. В. Ҳасанов ва бошқ. – Тошкент: “Encyclopedia world”, 2024. – 316 б.
- Қўшилди: 18.07.2024
- Кўришлар: 1321
- Чоп этиш