2024 йил 18 июль куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлиси бўлди.
Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг 2024 йил 24 июндаги мурожаати асосида “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 86-моддаси биринчи қисмига расмий шарҳ бериш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Суд мажлисига Конституциявий суд раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов раислик қилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига киритилган масала юзасидан маърузачи судья қонун нормасига шарҳ бериш бўйича келиб тушган мурожаатнинг моҳияти, иш кўрилишига сабаб бўлган асосий ҳолатлар юзасидан маъруза қилди.
Суд мажлисида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази вакили Конституциявий судга мазкур масалани киритишга асос бўлган ҳолатлар, шунингдек, бошқа важлар ҳамда далиллар ва маълумотларни баён қилди. Кўриб чиқилаётган масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзоларининг фикр ва мулоҳазалари тингланди.
Шундан сўнг Конституциявий суд раиси суд мажлисида билдирилган барча фикр-мулоҳазаларни чуқурроқ ўрганиш ва ишга оид материалларни ҳар томонлама таҳлил қилиш, Конституциявий суднинг қарорини тайёрлаш мақсадида Конституциявий суд мажлиси 2024 йил 23 июль куни давом эттирилишини эълон қилди.
Назокат Усмонова,
Аслиддин Алижонов (сурат)
ЎзА мухбири
- Қўшилди: 18.07.2024
- Кўришлар: 1285
- Чоп этиш