Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, атоқли таржимон ва адабиётшунос Иброҳим Ғафуровнинг "Адабиёт дунёси" деб номланган саккиз жилдли "Асарлар"и тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид олиб борди. Унда академик Акмал Саидов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Шарифа Салимова, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Шаҳноза Назар ва бошқалар сўзга чиқди.
– Иброҳим Ғафуров адабиётимиздаги сўзнинг асллик даражасини белгилаб берадиган буюк заргардир, – дейди Шарифа Салимова. – Сўзлар устознинг олдидан шунчаки ўтиб кетмайди. У киши одам китоб ўқиганда унинг қаърига кириб кетиш керак, ўқувчи китоб қаърига кириб кетганда у ўзининг асл қиёфасини очади, дейди. Бу эса ҳаммамизга ибрат мактаби бўлади.
Таниқли адабиётшунос Иброҳим Ғафуров нақ ярим асрдан бери ўзбек адабиётидаги жараёнларни теран таҳлил, тадқиқ ва талқин этиб келади. Бадииятда ҳаққонийлик ва инсонийлик, адолат ва миллий ўзига хослик, илмийлик ва холислик тамойилларининг намоён бўлиш ҳолатларини кузатади. Иброҳим Ғафуров "Ўзбекистон адабиёти ва санъати", "Миллий тикланиш" газеталаридаги ижодий фаолияти мобайнида адабий-ижтимоий жараёнларга фаоллик билан ўз муносабатини билдириб борди. Олим 1973 йил "Мақсуд Шайхзода лирикаси" мавзусида Салоҳиддин Мамажонов раҳбарлигида филология фанлари номзоди илмий даражаси учун диссертация ёқлади. 1999-2008 йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қонун ижодкорлигида бевосита иштирок этди.
"Асарлар" – муаллифнинг бадиий таржимаи ҳолидир, умрининг баёнидир. Ушбу тўплам "Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров ҳақидаги фикрлари" номли кириш сўзи билан бошланган.
Тўпламнинг биринчи жилди "Жозиба" деб номланган ва унда адабиётшунос адабий-танқидий фаолиятига киришган илк давр – 1960-1970 йилларда ёзилган ва нашр этилган уч адабий-танқидий рисола – "Гўзалликнинг олмос қирралари", "Ёнар сўз" ва "Жозиба" ўрин олган. Иккинчи жилд "Юрак – аланга" деб номланади ва ушбу муқова остида 1970-1980 йилларда ёзилган уч рисола жам бўлган. Булар "Ям-яшил дарахт", "Юрак – аланга" ва "Лириканинг юраги" рисолаларидир.
"Шеърият – изланиш демак" деб номланган учинчи жилддан муаллиф ХХ аср 50-60 йиллар ўзбек шеъриятини тадқиқ этади. Ушбу жилдда "Прозанинг шоири" номли рисола ҳам бор. Тўртинчи жилдга "Дил эркинлиги", бешинчи жилдга "Ҳаё – халоскор", олтинчи жилдга "Мангу латофат" ва еттинчи жилдга "Паривашлар мажлиси" дея сарлавҳа қўйилган. Бешинчи жилдда Алишер Навоий ижодига оид материаллар ўрин олган бўлса, қолган жилдларга адибнинг бадиа, мансура, эссе, насрий достон ва адабий суҳбатлари тўпланган.
"Олтин қозиқ" деб номланган саккизинчи жилд ҳам мақолаларни тўплаган. Хусусан, унда муаллиф шундай деб ёзади:
"Тўғри йўл табиатдан, табиатнинг Олтин қозиғидан чиқади. Аввало, одамлар, фикримизни тўғрилаб олайлик, истеъдодлар соҳаларга айлансин, ҳар бир одам бир фойдали ихтисос эгаси бўлсин, одамзодга фойда етказсин".
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, Иброҳим Ғафуров "ўз ҳузур-ҳаловатидан кечиб, бир умр одамларга илму зиё, маърифат улашиб келаётган ҳассос сўз санъаткоридир". Нуроний ёшдаги адабиётшунос ва таржимоннинг яна тўрт жилд "Асарлар"и нашрга тайёрланмоқда.
Отабек Исроилов
- Қўшилди: 22.07.2024
- Кўришлар: 1285
- Чоп этиш