Инсон ҳуқуқлари бўйича механизмлар тавсиялари: бу борадаги ҳисобдорликка бағишланган семинар ўтказилди

17-19 июль кунлари Тошкент вилоятида вазирлик ва давлат идоралари масъул ходимлари учун "Инсон ҳуқуқлари бўйича барча механизмлар тавсияларини бажариш юзасидан ҳисобот бериш ва келгуси чоралар бўйича миллий механизмни мустаҳкамлаш, шу жумладан тавсияларни кузатиш бўйича миллий маълумотлар базасидан фойдаланиш" мавзусида семинар бўлиб ўтди. Тадбир ЮНЭЙДС ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Семинарда Универсал даврий ҳисобот доирасида Ўзбекистоннинг Тўртинчи миллий маърузаси кўриб чиқилиши якунлари юзасидан тақдим этилган тавсияларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш бўйича миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ва қабул қилишга кўмаклашиш  масалалари муҳокама этилди. Бу ўринда 2023 йил 8–10 ноябрь кунлари Женева шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 44-сессиясида кўриб чиқилган Универсал даврий ҳисобот юзасидан Ўзбекистоннинг Тўртинчи миллий маърузаси ҳақида сўз бормоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси вакиллари, Олий суд, Бош прокуратура, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил институти,  Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази вакиллари иштирок этди. Семинарда, шунингдек, йигирмага яқин вазирлик, давлат ташкилоти ва нодавлат лар масъул ходимлари қатнашди.

Семинар очилишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабаев ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлинмасининг инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси Павло Бялик сўзга чиқди.

Павло Бялик айни семинар Универсал даврий ҳисобот тавсияларини амалга оширишда миллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ва ривожланиш субъектлари ўртасида яқин ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали ушбу тавсияларни инсон ҳуқуқлари бўйича аниқ натижаларга айлантиришга сезиларли ҳисса қўшишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди. Бу, ўз навбатида, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасида жуда долзарбдир.

Ўз навбатида, М.Тиллабаев Ўзбекистон Универсал даврий ҳисобот тавсияларини 3-босқич доирасида амалга ошириш бўйича ижобий тажрибага эга эканлигини таъкидлади. Ушбу тавсиялар доирасида инсон ҳуқуқлари соҳасида 20 дан ортиқ янги қонун қабул қилинганлиги диққатга лойиқдир.

Уч кунлик семинар Универсал даврий ҳисобот тавсияларини амалга ошириш бўйича  миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш учун қулай платформа вазифасини бажарди. Бунда давлат органлари ва фуқаролик жамияти вакиллари кенг жалб этилгани жуда муҳимдир.

Семинарда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича маслаҳатчиси  Артур Яцевич,  БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси Ҳуқуқий масалалар бўйича катта маслаҳатчиси Раъно Саидумарова, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси Анваржон Мелибоев ўз чиқишлари билан иштирок этди.

Тадбир якуни бўйича қуйидаги муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш, яъни:

биринчидан, Универсал даврий ҳисобот доирасида Ўзбекистоннинг Тўртинчи миллий маърузаси кўриб чиқилиши якунлари юзасидан тақдим этилган тавсияларни имплементация қилиш бўйича миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

иккинчидан, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тавсияларни кузатиш бўйича миллий маълумотлар базасини тўлиқ ишга тушириш;

учинчидан, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тавсияларни кузатиш бўйича миллий маълумотлар базасидан фойдаланиш бўйича давлат органлари ходимлари учун ўқув семинарлари ташкил қилиш;

тўртинчидан, Универсал даврий ҳисобот доирасида Ўзбекистоннинг Тўртинчи миллий маърузаси кўриб чиқилиши якунлари юзасидан тақдим этилган тавсияларни имплементация қилиш бўйича қабул қилинган миллий ҳаракатлар режаси мониторинги юзасидан хар 6 ойда умумлаштирилган ҳисобот тақдим қилиб бориш таклиф этилди.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech