Одам савдоси – қулдорликнинг замонавий шакли

Бундан 14 йил аввал, яъни 2010 йил 30 июлда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти “Одам савдосига қарши курашиш бўйича глобал ҳаракатлар режаси”ни қабул қилган. Кейинчалик, 2013 йилда Бош Ассамблея томонидан ушбу ҳужжат қабул қилинган сана, 30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни, деб эълон қилинди.

Ўтган даврда ҳар йили Бутунжаҳон одам савдосига қарши кураш куни дунё миқёсида нишонлаб келинмоқда. Бундан мақсад одам савдосидек ғайриинсоний ва ноқонуний фаолият қурбонларига ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ёрдам беришдир.

БМТ маълумотларига кўра, дунё бўйлаб ҳар йили миллионлаб киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Бу турдаги жиноятлардан жабрланганларнинг 80 фоизи аёллар ва болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600–800 минг нафар аёл ва бола алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.

Халқаро статистикага кўра, одамлар камида 127 мамлакатдан сотувга чиқарилмоқда ва улар 137 давлатда эксплуатация қилинмоқда. Ушбу жиноятчилик туфайли олинаётган йиллик даромад миқдори 7 миллиард доллардан ошиб кетган.

Афсуски, ташқи меҳнат миграцияси жадаллашиши асносида одам савдоси муаммоси Ўзбекистон учун ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Гап шундаки, фуқароларимиз чет элга ишлаш учун кетганларида одам савдоси қурбонига айланиб қолишлари мумкин.

Ушбу омиллар айни муаммонинг ўта долзарблигини кўрсатади.  Шунинг учун 30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан ташкил этилган ҳуқуқий ва маънавий-маърифий тадбирлар оммавий ахборот воситаларининг алоҳида диққат марказида бўлди.

Хусусан, жорий йилнинг 26 июль куни “Ренессанс” телеканалида “Одам савдоси – қулдорликнинг замонавий шакли” мавзусида ток-шоу ташкил этилди. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бош юрисконсульти Р.Атовуллоев, шунингдек, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, Ички ишлар вазирлиги экспертлари, Жиноят ишлари бўйича Қибрай туман суди судьяси иштирок этди.

Иштирокчиларга мамлакатимизда одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги ишлар, одам савдоси қурбонларига кўрсатилаётган ёрдам, мазкур соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш, хорижда меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқароларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ушбу соҳада эришилган натижалар тўғрисида саволлар берилди. Телетомошабинлар ҳам айни мавзу бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш имконига эга бўлди.   

Ток-шоу иштирокчилари таъкидлаганларидек, одам савдосининг ва у келтириб чиқараётган оқибатларнинг олдини олишда давлат ва жамият баравар масъулдир. Бунда фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ва хабардорлигини ошириш, шу билан бир қаторда, юртдошларимизнинг турмуш даражасини яхшилаш ҳамда камбағалликка қарши курашиш борасида кутилган натижадорликка эришиш муҳим ўрин тутади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech