Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ томонидан жорий йил биринчи ярмида изчил ишлар амалга оширилди. Бу ҳақда марказ ахборот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев маълумот берди:
– Халқаро ҳамжамият билан кенг кўламли муносабатлар, жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги яқин ҳамкорлик туфайли жорий йилнинг ўтган даврида мамлакатимиз бир қанча муҳим ютуқларга эришди. Ўзбекистон илк маротаба 2025-2027 йиллар учун БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашига ҳамда Халқаро меҳнат ташкилотининг маъмурий кенгашига аъзо этиб сайланди. Шунингдек, Ўзбекистон вакили биринчи бор 2025-2028 йиллар учун БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига аъзо бўлди.
Сенатнинг эллик иккинчи ялпи мажлисида Миллий марказнинг Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари бўйича ҳалқаро мажбуриятларга риоя қилинишининг ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди ва бу ҳақда батафсил маълумот тақдим этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия доирасида ўтган даврда 5 қонун, Президентнинг 6 фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 6 қарори қабул қилинди.
Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланган инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий ҳаракатлар режаларининг ижроси мониторинг қилиб борилди.
Женева шаҳрида 22 март куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 55-сессияси доирасида универсал даврий ҳисобот бўйича Ўзбекистоннинг тўртинчи миллий ҳисоботи тасдиқланди. Мамлакатимиз универсал даврий ҳисобот тавсияларини мунтазам бажариб келмоқда.
БМТ Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларининг бажарилиши устидан жойларда мониторинг ишлари давом эттирилди. Шу мақсадда 15-16 май кунлари Қарши шаҳридаги халқаро темир йўл вокзали ҳамда автобуслар ва автобус бекатлари, шунингдек, олий таълим муассасаларида ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган қулайликлар ўрганилди.
Мониторинг тадбирлари Жиззах, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида жойлашган жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари, вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларни сақлаш муассасалари – жами 21 объектда ўтказилди.
Миллий марказга келиб тушган 712 мурожаат кўриб чиқилди, 350 нафардан ортиқ фуқаро қабул қилинди. Телефон орқали мурожаат қилган 1,6 минг нафардан ортиқ фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Ўтган даврда жами 40 норматив-ҳуқуқий ҳужжат экспертизага тортилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича IV Самарқанд форуми ўтказилди. Форум “Экологик муаммолар: ўзгарувчан дунёда инсон ҳуқуқлари келажаги ва барқарор ечимлар топиш” мавзусига бағишланди. Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази – “Инсон ҳуқуқлари уйи” фаолияти такомиллаштирилди. Жойлардаги ахборот-кутубхона марказлари ва олий ўқув юртларининг ахборот-ресурс марказларига 83 номдаги 450 ҳуқуқий адабиёт беғараз тақдим этилди.
Ҳисобот даврида 14 рисола, инсон ҳуқуқлари бўйича битта халқаро ҳужжат тўплами нашрга тайёрланди. Инсон ҳуқуқлари маданиятини оширишга қаратилган иккита республика танловига старт берилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 01.08.2024
- Кўришлар: 1115
- Чоп этиш