Бугун Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мутасаддилари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Муносиб турар жой масалалари бўйича махсус маърузачиси Балакришнан Раджагопал бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш йўналишида қисқа бўлсада, аммо тарихий йўлни босиб ўтгани, мамлакатимизда унинг даражаси 2021 йилдаги 17 фоиздан 2023 йил якуни билан 11 фоизга тушгани алоҳида эътироф этилди.
Қайд этилганидек, аҳолининг, айниқса кам даромадли оилаларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида охирги 4 йилда 49 мингга яқин кам даромадли оилага уй-жой олиши учун субсидия маблағлари тўлаб берилди.
Учрашувда “ҳоким ёрдамчилари” институтининг жорий қилингани оилаларни камбағалликдан чиқариш, уларнинг доимий бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутаётгани таъкидланди. Умуман олганда аҳолининг муносиб турмуш шароитларини яратиш, касб ўрганиши, ишга жойлашиши каби йўналишлардаги барча лойиҳалар хусусида маълумот берилди.
Шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мутасаддилари ҳам ўз фаолиятлари юзасидан ахборот берди. Хусусан, ушбу тизим янги ташкил этилгани, ҳозирда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига индивидуал ёрдам кўрсатиш имкони пайдо бўлгани айтиб ўтилди. Мулоқот якунида делегация аъзолари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.
Жаноб Балакришнан Раджагопал Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги меҳмонлар китобига ўзининг самимий тилакларини ёзиб қолдирди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги
- Қўшилди: 22.08.2024
- Кўришлар: 936
- Чоп этиш