Ўзбекистон ташқи ишлар вазири БМТнинг махсус маърузачиси билан учрашди

ТОШКЕНТ, 21 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов бугун БМТнинг уй-жой ҳуқуқи бўйича махсус маърузачиси Балакришнан Ражагопал билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"БМТнинг Уй-жой ҳуқуқи бўйича Махсус маърузачиси жаноб Балакришнан Ражагопал билан учрашдик, – деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг telegram-каналида. – Ўзбекистон  Ҳукумати халқаро ташкилотлар билан кўплаб соҳаларда фаол ҳамкорлик қилмоқда. 2024 йил бошидан буён Ўзбекистон ташаббуси билан БМТнинг 5 та резолюцияси қабул қилинди. Биз БМТнинг махсус маърузачилари билан барча соҳаларда яқин ҳамкорликни давом эттиришга тайёрмиз".

Эслатиб ўтамиз, БМТнинг уй-жой ҳуқуқи бўйича махсус маърузачиси Балакришнан Ражагопал 19-30 август кунлари ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турибди. У миллий қонунчиликда ва амалиётда уй-жой ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва амалга ошириш, жумладан, уй-жойнинг арзонлиги ҳамда яроқлилиги, хизматлардан фойдаланиш имкониятини ва мажбурий кўчиришни ўрганиб чиқади.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech