Бугун Олий суд раиси Б. Исломов Ўзбекистонга ташриф буюрган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Муносиб турар-жой масалалари бўйича махсус маърузачиси Б. Раджагопал билан учрашди.
Мулоқот аввалида меҳмонга сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаган ҳолда унинг ҳуқуқ ва эркинликларини, халқ манфаатини таъминлашга қаратилган амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳамда улар туфайли одил судлов соҳасида юз берган ўзгаришлар ҳақида маълумотлар берилди.
Таъкидланганидек, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади - суд ҳокимиятининг мустақиллиги, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини оширишдан иборат.
Жамиятимизнинг барча соҳаларида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар давомида фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларини, шу жумладан турар-жойга бўлган ҳуқуқларини таъминлаш борасида институционал асослар яратилганлиги алоҳида қайд этилди.
Конституциямизда фуқароларнинг турар-жойга бўлган ҳуқуқ кафолатларини миллий қонунчилигимизга имплементация қилиш жараёнида халқаро стандартларга мувофиқлаштириш масаласига алоҳида аҳамият берилди.
Шунингдек, турар-жойга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги қонун нормаларини қўллашда ягона суд амалиётини шакллантириш масаласида қабул қилинган Олий суд Пленумининг “Хусусийлаштирилган турар жойларга эгалик қилиш, улардан фойдаланиш ва уларни тасарруф қилиш билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида”, “Фуқаролик кодексини татбиқ қилишда суд амалиётида вужудга келадиган айрим масалалар тўғрисида” ва “Уй-жой низолари бўйича суд амалиёти ҳақида”ги қарорларини амалдаги қонунчилик ҳужжатларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқлаштириш ишлари амалга оширилди.
Б. Раджагопал мамлакатимизда муносиб турар-жойга бўлган ҳуқуқни таъминлаш соҳасида олиб борилаётган ишлар ҳақида ўзининг ижобий фикрларини бериб, бу борадаги халқаро андозалар ва жаҳон амалиёти асосида ўз тавсияларини берди.
Ўз навбатида, Б. Исломов Ўзбекистон БМТнинг қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини, айниқса фуқароларнинг муносиб турар-жойга бўлган ҳуқуқи кафолатларини таъминлашга қаратилган барча саъй-ҳаракатларини қўллаб қувватлашини таъкидлади.
Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва БМТ ўртасида кенг кўламли ҳамкорлик муносабатлари ўрнатилгани таъкидланиб, олиб борилаётган ўзаро ҳамкорлик келгусида ҳам самарали натижалар кўрсатишига ишонч билдирилди.
Учрашув доирасида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг расмий канали
- Қўшилди: 22.08.2024
- Кўришлар: 946
- Чоп этиш