Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Муносиб турар жой масалалари бўйича махсус маърузачиси Балакришнан Ражагопал Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби фаолияти билан танишди.
Муассаса раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, тингловчи ва амалдаги судьялар иштирок этган учрашувда БМТ институтлари томонидан мамлакатимизда инсоннинг хусусий мулкка нисбатан конституциявий ҳуқуқини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, хусусан малакали судьялар тайёрлайдиган ягона таълим даргоҳи – Судьялар олий мактабида ҳам салмоқли ишлар қилинаётгани эътироф этилди.
– Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ соҳасини ривожлантириш учун дадил қадамлар ташланганини кўриб, таъсирландим, рости, – деди жаноб Ражагопал. – Масалан, мутахассисларни касбий тайёрлашга ихтисослашган ушбу мактаб ҳам етук судьялар, суд-ҳуқуқ тизими фаолларини кўпайтиришга муносиб ҳисса қўшяпти.
Мулоқот давомида мамлакатимизда аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида кейинги йилларда амалга оширилган ва келгусида қилинажак ишлар хусусида фикр юритилди. Нуфузли халқаро тузилма вакилининг даргоҳга ташрифи соҳадаги имкониятларни атрофлича муҳокама қилиш, уй-жой масаласида мавжуд муаммолар ечимини тезлаштиришга хизмат қилиши эътироф этилди.
Таниқли экспертнинг фикрича, судьялар Конституциянинг қонунуий асосчилари экани инобатга олинса, айнан малакали судьялар фаолияти ўта муҳим аҳамият касб этишини англаш қийин эмас. Зеро, ҳақ-ҳуқуқи бузилган фуқаро дардига даво излаб борадиган энг охирги манзил – суд. Шундай экан, ҳар қандай жамият мудом билимли судьялар кўмагига эҳтиёж сезади.
– Кўп мамлакатларда инсон мулки, жумладан уй-жой ҳуқуқи билан боғлиқ масала асосий ҳужжатда акс этмаган. Ўзбекистон бу борада мустаҳкам ҳуқуқий асос яратган, – дея сўзини давом эттирди БМТ маърузачиси. – Яъни, Бош қомус – Конституциянинг 47-моддасида айни масала ечими белгилаб қўйилган. Ҳеч ким суд қарорисиз, қонунга зид тарзда фуқарони уй-жойидан маҳрум эта олмайди. Зарур ҳолатда мулкдорга уй-жой қиймати, кўрилган зарарнинг ўрни қонунда назарда тутилган тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қоплананади. Уй-жой билан боғлиқ ҳуқуқ асосий қонун билан таъминлангани кўп давлатларга намуна бўлмоқда.
Йиғилишда Ҳиндистон, Жанубий Африка, Бразилия суд-ҳуқуқ тизими такомиллашишига оид мисоллар келтирилди. Ражагопал Судьялар олий мактаби тингловчиларининг хусусий мулкка оид ҳуқуқий билимини юқори баҳолаб, аҳолини муносиб турар жой билан таъминлаш, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқини муҳофаза қилиш бўйича таклиф, тавсиялар берди.
– Кейинги йилларда қабул қилинган қонунлар, янгиланган Конституция Ўзбекистонни ҳуқуқий давлат сифатида, халқаро меъёр асосида ривожланишига ҳисса қўшади ва хизмат қилади, – деди меҳмон ЎзА мухбирига берган интервьюсида. – Тақдим қилинган маълумотга кўра, муассасада таълим олаётган бўлажак судьялар учун яхши имкониятлар яратилган. Амалга оширилаётган лойиҳалар ҳам эътирофга лойиқ. Ушбу тузилмадан умидим катта. Агар иш шу йўсинда давом этса, олдинда турган барча вазифалар бажарилиб, тизимни такомиллаштириш йўлидаги камчиликлар бартараф этилиб, имкониятлар янада кенгаяди.
БМТ вакили мактабнинг ахборот ресурс маркази билан ҳам танишди. Учрашув сўнгида эксперт жамоа вакиллари, судьялар, қатор вазирлик, ташкилот ва идоралар ходимларининг мавзуга оид саволларига атрофлича жавоб қайтарди.
Беҳруз Худойбердиев,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
Аброр Содиқов ва Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА
- Қўшилди: 26.08.2024
- Кўришлар: 956
- Чоп этиш