КЕНГ ҚАМРОВЛИ ТАШАББУСЛАР, ИНТЕРАКТИВ ЛОЙИҲАЛАР ВА МУҲОКАМАЛАР
Самарқандда “Буюк аждодлар мероси — Учинчи Ренессанс пойдевори” VIII халқаро конгресси ўз ишини якунлади
IRCICA, ICESCO, TURKSOY сингари халқаро ташкилотлар “Ал-Фурқон” фонди, Халқаро Туркий академия масъуллари ҳамда дунёнинг 35 давлатидан 300 га яқин олимлар, мутахассислар, тадқиқотчилар иштирокида бўлиб ўтган халқаро конгресснинг охирги кунида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий музейларининг экспозициялари бўйича тақдим қилинган лойиҳалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, “Янги Ренессанс: Маданий меросни сақлашда кино ва медианинг ўрни” мавзусида TURKSOY халқаро форуми ўтказилди.
Унда туркий тилли мамлакатларнинг кино саноати вакиллари иштирокида “Кино — мерос ҳимоячиси: маданий лойиҳалар ва ташаббуслар тақдимоти”, “Глобал медиа ҳамкорлик:
меросни асраш бўйича маданиятлараро лойиҳалар” каби тадбирлар ўтказилди.
Бундан ташқари, иштирокчилар Ислом цивилизацияси маркази мультимедиа блоки учун тайёрланган видеороликлар туркуми тақдимоти, “Бақтрия тарихи”, “Ўзбекистон археологик марваридлари”, “Клавихо”, “Худойберган Девонов ва немис меннонитлари”, “Мухтор Авезов” лойиҳалари тақдимоти билан танишди.
Конгресс доирасида мамлакатимизнинг бой маданий мероси, уни сақлаш, оммалаштириш масалалари кўрилди. Ислом цивилизациясининг қимматли маданий ва маънавий мулкини келажак авлодга етказиш каби муҳим мавзуларда муҳокамалар бўлди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг келгуси режалари ва лойиҳалари, хусусан, марказ музейининг бўлимлари ҳақида маълумот берилди.
Кенг қамровли ташаббусларга, интерактив лойиҳаларга, муҳокамаларга бой “Илм-фан ва таълим”, “Шаҳарсозлик ва меъморчилик”, “Санъат ва бадиий ҳунармандчилик”, “Анъаналар”, “Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс”, “Давлатчилик тарихи” бўйича кўплаб муҳим тақдимотлар ҳам конгресс кун тартибидан ўрин олди.
Конгресс давомида замонавий технологиялар ёрдамида маданий меросни сақлаш ва қайта тиклаш масалалари, шунингдек, маданий бойликларни ёш авлодга етказишда янги инновацион ёндашувларга алоҳида эътибор қаратилди.
Бу йилги конгрессда дунёнинг 35 давлатидан 300 га яқин олим ва экспертлар, жумладан 180 нафар хорижлик, 110 нафар ўзбекистонлик олим иштирок этди.
Конгресс давомида еттита шўъба йиғилиши, битта форум, ўнлаб давра суҳбатлари, тақдимотлар, илмий мулоқотлар ташкил қилинди. Шунингдек, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қўшма лойиҳалари бўйича “йўл харитаси”, Халқаро экспертлар кенгаши таркиби тасдиқланди.
Қолаверса, Самарқанд декларацияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг янгиланган концепцияси қабул қилинди.
Конгрессда фаол иштирок этган чет эллик қатнашчилар WOSCUнинг “Олтин китоб” халқаро мукофоти билан тақдирланди.
Конгресс қатнашчилари Самарқанд шаҳри мезбонлик қилаётган яна бир халқаро анжуман — “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалининг очилиш маросимида иштирок этди. Фурсатдан фойдаланиб, уларнинг фикрлари билан қизиқдик.
Маҳмуд Эрол Қилич ,
Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқотлари маркази — IRCICA директори:
— Ўтмишини билмаган одам келажагини ҳам кўра олмайди, дейишади. Бу борада Ўзбекистон Президенти Жаноб Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ишлар ҳар жиҳатдан диққатга сазовор. Айниқса, давлатингиз раҳбарининг конгресс сабаб илм аҳлини бир жойда жамлаб, яна уларга табрик йўллаши бизни қувонтирди.
Ўзбекистонлик ҳамкорлар билан тез-тез кўришиб тураман. Улар ҳар доим юртингизда маданий меросни ўрганиш, аждодлар меросини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишга боғлиқ янги ташаббуслар амалга ошаётганини айтади. Бу Ўзбекистон маърифат, эзгулик тарғиботчиси эканидан далолат.
Султон Раев ,
Халқаро туркий маданият ташкилоти — TURKSOY раиси:
— Сўнгги йилларда янги Ўзбекистонда маънавий-маърифий, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан кенг қамровли янги ислоҳотлар амалга ошириляпти. Ўзбекистон Президентининг “Учинчи Ренессанс” ғояcи бугун янги Ўзбекистонни ифодаламоқда. Мамлакатда юз бераётган мафкуралар, ғоялар ва илғор ташаббуслар дунёга юртингизнинг маънавий қиёфасини намоён этмоқда ва кўплаб давлатларга ўрнак бўлмоқда.
Ирина Попова ,
Россия фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти директори:
— Мен фаолият юритадиган институтда Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон тарихига оид кўплаб қўлёзмалар ва аждодларингиз қаламига мансуб асарлар бор. Биз бугунгача уларнинг кўпчилигини юртингиз олимлари, илмий доиралар вакиллари билан тадқиқ этганмиз. Бунинг учун энг яхши шароитни, албатта, Президент Шавкат Мирзиёев яратиб берди. Энди эса илм аҳлини Ўзбекистоннинг дўстлари демоқда ва бундай муносабатдан кейин биз ҳамкорликка тайёрмиз. Ўйлайманки, биргаликдаги ҳаракатларимиз туфайли Қуръони каримнинг нодир нусхаларини факсимиле (фото нусха) қилишимиз, бошқа қўлёзмаларни тадқиқ этишимиз мумкин.
Доктор Тан Ҳусим хоним,
Қатар Миллий кутубхонаси директори:
— Очиғи, бу анжуманда иштирок этишни жуда истаган эдим. Чунки олдинги йилларда унинг фаолиятини ижтимоий тармоқлар орқали кузатганман. Ҳозир Имом ал-Бухорийдай алломалар юртида эканим ва уларнинг ворислари билан ёнма-ён турганимдан хурсандман. Ислом оламида Имом ал-Бухорийни билмаган инсон йўқ. Мусулмон оламига хос кўплаб кашфиётлар ҳам ушбу аллома номи билан боғлиқ. Тарихни, ислом тарихини ойдинлаштиришда ҳам Бухорий шахси муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Президентининг аллома ҳаётини, илмий фаолиятини ўрганиш билан боғлиқ билдираётган таклифлари олимларни, уламоларни янада жипс бўлишга чорламоқда. Бунинг учун катта раҳмат.
Доктор Сомиа Жакта Бухадеф ,
ICESCOнинг UNESCOдаги делегацияси раҳбари:
— Дунёнинг 54 мамлакатида ваколатхонамиз бор. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бизда алоҳида қизиқиш уйғотган. Чунки марказ жуда катта меросни ўрганишни ва оммалаштиришни мақсад қилган. Бу марказ Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси экани қувонарли. Чунки давлатингиз раҳбари нафақат ислом таълимоти, ислом санъати, Ренессанс даври алломалари тарихи каби кўплаб ўрганилиши лозим бўлган билимлар учун имконият яратмоқда.
Натали Бондиль,
Франциянинг Араб дунёси институти директори:
— Франция ва Ўзбекистон етакчилари ташаббуси билан бир муддат олдин Францияда ташкил этилган кўргазма икки мамлакат олимларининг мулоқот майдонини ташкил этди. Биз бу кўргазмани ўтказиш асносида ҳали ўрганилиши керак бўлган ноёб артефактлар борлигини билганмиз. Икки мамлакат ташаббуси янги кашфиётларни бошлаб берди. Бугунги конгресс Ўзбекистоннинг тарихни ўрганиш ва оммалаштиришга жиддий киришганини билдиради.
Ўзбекистон Президенти томонидан йўлланган табрик ўз навбатида бутун дунё илмий доираларига янгича илҳом берди.
Доктор Музаффар Шекер ,
Туркия Фанлар академияси Президенти:
— Бугун ўзбек ва турк олимлари ўзаро ҳамкорлиги туфайли кўплаб салмоқли натижаларга эришди. Бунга икки мамлакат етакчиларининг дипломатик алоқалари ва дўстона муносабатлари сабаб, десам адашмайман. Юртингизда маданий меросни ўрганиш ва оммалаштириш, ислом олами алломалари ва буюк аждодлар тарихини ўрганиш бўйича яратилган шароитлар ана шу эришилган натижаларнинг пойдевори бўлиб хизмат қиляпти. Бизнинг Фанлар академиямиз ҳамда унинг илмий ходимлари доим ҳамкорликка тайёр.
Дамир Мухетдинов ,
Россия Федерацияси Мусулмонлар идораси раисининг биринчи ўринбосари:
— Ўзбекистон ва Россия муносабатлари ўзининг янги бир палласига кўтарилмоқда. Бунда диний-маърифий соҳалар муҳим аҳамият касб этади. Юртингизда шу йўналишда амалга оширилаётган ишларни, саъй-ҳаракатларни олқишлаймиз. Чунки бу ўрганишлар, тадқиқотлар натижасида нафақат тарих ойдинлашади, балки муқаддас динимизнинг маърифати ҳам янада кўпроқ намоён бўлади. Бу эса ҳозирги зиддиятли бир даврда жуда ҳам аҳамиятли. Ҳа, Ўзбекистон ўз вақтида муҳим қадам ташламоқда.
Доктор Шокир Салоҳ ,
Ислом олами Робитаси конференциялар ва тадбирлар бўйича директори:
— Конгрессга таклиф учун миннатдорлик билдираман. Биз Имом ал-Бухорий мажмуаси билан танишдик. Аждодлар меросини асраб-авайлаш орқали Ўзбекистон бугун барча ислом олами вакилларини муштарак бўлишга чорлаяпти. Чунки Имом Бухорий ислом оламида нуфузли шахс. Унинг илмий фаолиятини чуқур ўрганиш дунёга янги илмларни беради. Ўзбекистон раҳбари мана шундай буюк ишларга йўл очаётгани, албатта, қувонарли.
Муҳаммад ал-Адиб бин Самури ,
Малайзия Миллий университети ҳузуридаги Ислом цивилизацияси институти директори ўринбосари:
— Мен Имом Бухорийнинг ҳаёти ҳақида анимацион фильм яратиш таклифини илгари сурдим. У ёшлар аудиториясига мўлжалланган бўлиб, Ўзбекистон, умуман, дунё болалари учун фойдали бўлади.
Ёшлар Имом Бухорий каби тарихий шахсларини тушуниши ва қадрлаши керак. Анимацион фильмлар орқали Имом Бухорийнинг ҳаётини тарғиб қилиш, унинг билимларини ёш авлодга ўргатиш мумкин. Бу орқали ёшлар билимга ҳурмат билан қарашни ва уларни қаерда бўлмасин қабул қилишни ўрганади.
Доктор Карим Ифрак ,
Франция миллий илмий тадқиқотлар маркази лойиҳа директори:
— Ўзбекистонда Қуръони каримнинг энг кўҳна ва нодир қўлёзмалари сақланади. Ҳазрати Усмон Мусҳафи ва милодий VIII асрда номаълум хаттот томонидан кўчирилган “Катта Лангар Қуръони” жуда ноёб нусхалардир. Бундан ташқари, Амир Темур давридаги Қуръон ҳам мавжуд. Уларнинг айрим саҳифалари қисман Франция, қисман Америка ва Қатар давлатлари музей ва кутубхоналарида сақланмоқда. Бугун конгрессда “114 Қуръон” лойиҳаси номли видеоролик намойиш этилди. Унда турли давлат музейларида сақланаётган Қуръон нусхаларини битта нашр остида бирлаштириш ва янги факсимиле нусхаси чоп этилиши маълум қилинди. Бу жуда улуғ иш. Шунда барча қилинаётган ишлар, олиб борилаётган тадқиқотларни ягона бир манбада сақлаш ва барча учун танишиш имкони бўлади.
Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон раҳбарига ислом динининг асл моҳиятини халқаро жамоатчиликка етказиш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдираман.
Президент бошчилигида бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази келажакда тинчликнинг, илм-маърифатнинг қадрига етадиган халқлар учун ғурур ва ифтихор рамзи бўлади.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Нодир МАҲМУДОВ ёзиб олди.
- Қўшилди: 27.08.2024
- Кўришлар: 831
- Чоп этиш