Мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини таъминлаш: назария ва амалиёт

17 сентябрь куни Адлия вазирлигида шу мавзуда илмий-амалий конференция ташкил этилди.  Унда асосий эътибор давлат органлари ва ташкилотларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигига ҳисса қўшиш, мурожаатлар билан ишлашга масъул ходимларни бу борада қонунчиликдаги янгиликлардан бохабар қилиш, мурожаатларга доир қонунчиликдаги муаммоли ҳолатларни илмий-назарий жиҳатдан таҳлил қилиш ҳамда мутахассислар ва кенг жамоатчилик ўртасида ўзаро тажриба алмашинуви майдонини яратиш масалаларига қаратилди.

Тадбирда адлия вазири ўринбосари Ш.Рабиев сўзга чиқиб, биргина Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига платформа ишга тушган вақтдан бошлаб қарийб 10 миллионга яқин мурожаат келиб тушганлигини таъкидлади. Бундай кенг қамров, ўз навбатида, давлат органлари ва ташкилотларининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишловчи масъул ходимларидан янада катта масъулият ва билим талаб этади. 

 Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 7 октябрдаги қарори асосида давлат органлари ва ташкилотларининг мурожаатлар билан иш олиб борувчи ходимлари малакасини ошириш тизими йўлга қўйилгани таъкидланди. Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази ва унинг филиалларида ушбу қарор ижроси юзасидан 2024 йилнинг биринчи ярмида давлат органлари ва ташкилотларининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан иш олиб борувчи 1 минг 835 нафар масъул ходимнинг соҳага оид малакаси оширилди. 

Онлайн ва офлайн тарзда ташкил этилган анжуманда Инсон  ҳуқуқлари  бўйича  Ўзбекистон  Республикаси  Миллий  маркази  директори  ўринбосари Мирзатилло  Тиллабоев иштирок этди ва сўзга чиқди. Конференция қатнашчиларига Миллий  марказнинг  мурожаатлар билан ишлаш борасидаги амалий тажрибаси юзасидан атрофлича маълумот берилди.

Шунингдек, конференция доирасида “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунга шарҳ ва “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби” номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.  

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech