Андижонда қийноққа қарши курашиш бўйича ўқув машғулотлари ўтказилди

18-19 сентябрь кунлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Андижон вилоятида “Қийноққа солишга қарши курашиш: халқаро амалиёт ва миллий тажриба” мавзусида ўқув машғулотлари ўтказилди. Тадбир Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қийноқларга қарши конвенциясининг 40 йиллигига бағишланди.

Машғулотлар Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди. Андижон вилояти прокуратурасидан 10 нафар, ички ишлар тизимидаги тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ҳамда жазони ижро этиш муассасалари ходимларидан 50 нафар тингловчи иштирок этди.

Ўқув машғулотларининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ва Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашропов иштирокчиларни видеомурожаат орқали қутлади.

Ушбу ўқув курси Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йил 7 февралдаги қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурига асосан ўтказилаётгани алоҳида таъкидланди. Бунда, шунингдек, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларига таянилмоқда.

Ўқув курси дастурига мувофиқ “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартлар, асосий тамойиллар” мавзусида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази бўлим бошлиғи, юридик фанлар номзоди, доцент Фарҳод Ҳайитбоев, “Қийноққа солиш билан боғлиқ қилмишлар содир этилишини олдини олишга оид қонунчиликнинг ривожланиши” мавзусида Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси кафедра бошлиғи, юридик фанлар доктори, доцент Луқмонжон Исоқов, “Қийноққа солиш жинояти учун жавобгарлик масалалари” мавзусида Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг “Юридик фанлари” кафедраси ўқитувчиси  Жасур Ҳамраев, “Нельсон Мандела қоидаларининг мазмун-моҳияти” мавзусида Ички ишлар вазирлиги Академияси “Жазони ижро этиш фаолияти” кафедраси доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Қувонч Қодиров,  мазкур Академия Хорижий кадрлар билан ишлаш факультети  бошлиғи, юридик фанлар доктори, профессор Алимжан Матчанов тақдимот ва интерактив машғулотлар ўтказди.

Машғулотларнинг иккинчи куни “Қийноққа солишга қарши курашишда вояга етмаганлар ва аёлларга оид халқаро ва миллий стандартлар”, “Қийноққа солишга қарши курашишда камситмаслик, айбсизлик презумпцияси, қамоққа олиш, қийноқ тўғрисида хабар беришга оид халқаро стандартлар ва Ўзбекистон Республикаси жиноий-ҳуқуқий тизимида мазкур стандартларнинг қўлланилиши” мавзуларида маърузалар тингланди.

Икки кун давомидаги машғулотларда иштирокчиларнинг назарий билимлари амалий машғулотлар билан мустаҳкамланди. Тадбир якунида барча тингловчилар тест синовларидан ўтиб, сертификатлар билан тақдирланди.

Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини кафолатлаш йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар доирасида қийноқларга қарши курашиш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу ўқув машғулотлари айни узлуксиз жараённинг муҳим қисми бўлиб, келгусида ҳам бу борадаги тадбирлар мунтазам равишда ўтказилиши кўзда тутилган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech