21 сентябрь куни Наманган давлат университети (НамДУ) ва Наманган давлат педагогика институти (НамДПИ) талабаларига “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари” ва “Бола ҳуқуқлари” фанларини ўқитиш сифати юзасидан мониторинг ўтказилди. Ушбу тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Миллий марказ бу борада Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш доирасида иш олиб бормоқда.
Мониторингнинг асосий мақсади аҳоли, айниқса, болалар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш ҳамда таълим муассасаларида инсон ҳуқуқлари бўйича билимларнинг янада самарали ўқитилишини таъминлашдан иборатдир. Бунда, шунингдек, фуқароларнинг инсон ҳуқуқларини онгли равишда ҳурмат қилишга эришиш кўзланган.
Мониторинг ўтказиш учун Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилди.
Ишчи гуруҳ НамДУ ва НамДПИда таълим жараёнларини кузатиб, дарслар жараёнини чуқур таҳлил қилди. Шу аснода инсон ҳуқуқлари бўйича таълим сифатини ошириш мақсадида масъул шахсларга тегишли тавсиялар берилди.
Мониторинг давомида ўқитувчилар ва талабалар ўртасида инсон ҳуқуқлари бўйича таълим жараёнлари юзасидан сўровнома ўтказилди. Натижалар таҳлил қилиниб, тегишли тавсиялар Наманган вилоятидаги барча таълим муассасаларига тақдим этилиши режалаштирилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 24.09.2024
- Кўришлар: 783
- Чоп этиш