Шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов бошчилигидаги делегация аъзолари Франциянинг пойтахти Париж шаҳрида бўлиб турибди.
Ташриф доирасида мамлакатимизнинг Франциядаги элчихонаси билан ҳамкорликда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловларга бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда Франциянинг парламент, эксперт, академик, жамоат доиралари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбатида кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти юзасидан маълумот берилиб, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида эришилаётган ютуқларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, Ўзбекистонда бўлажак парламент сайловлари илк бор янги таҳрирдаги Конституция ва сайлов қонунчилигига киритилган охирги ўзгартиришларга мувофиқ ўтказилиши қайд этилди.
Тадбир иштирокчиларига сайловолди ташвиқот доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли тайёргарлик ишлари ҳақида ҳам батафсил ахборот берилди.
Ўз навбатида, Франция томони вакиллари мамлакатимизнинг замонавий тараққиёти, кўп қиррали Ўзбекистон-Франция ҳамкорлигининг турли жиҳатларига тўхталиб, юртимизда бўлажак муҳим сиёсий воқеа юзасидан ўз фикрларини билдирдилар.
Франция Миллий Ассамблеясининг собиқ аъзоси Карол Бюро-Бонар:
— Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловларига бағишланган тадбирда иштирок этиш таклифини катта мамнуният билан қабул қилдим. Мен Франциядан сайловларда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш таклифини ҳам олдим. Аввал ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида, шунингдек, мамлакатингизда бўлиб ўтган парламент сайловларида кузатувчи сифатида қатнашиш шарафига муяссар бўлганман. Ҳар гал Ўзбекистонга борганимда мамлакатингизда амалга оширилаётган, ортга қайтмайдиган ўзгаришлар, демократик ислоҳотлардан ҳайратга тушаман.
Шу муносабат билан Қонунчилик палатасига сайловларни аралаш (мажоритар-пропорционал) тизим асосида ўтказилиши, шубҳасиз, Ўзбекистонда сиёсий партиялар ўртасидаги рақобатни янада кучайтиради.
Айниқса, аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглигини таъминлаш масалаларига катта эътибор қаратилаётганини алоҳида қайд этмоқчиман. Хотин-қизлар учун ажратилган квота депутатликка номзодлар умумий сонининг 40 фоизигача оширилгани бунинг ёрқин далилидир. Мазмунли муҳокамалар ўтказгани ва фикр алмашгани учун делегация ва Ўзбекистон элчихонасига миннатдорлик билдирамиз.
Биз 2025 йилда Самарқанд шаҳрида ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўтказилишини олқишлаймиз. Бу, менинг фикримча, Ўзбекистоннинг демократик ислоҳотларни амалга оширишдаги ютуқларини халқаро ҳамжамиятга янада кенгроқ тақдим этиш имконини беради.
Франция Миллий Ассамблеясининг собиқ аъзоси Пьер Кабаре:
— Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловларида Франциядан халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш таклифини катта мамнуният билан қабул қилдим. Бу менга юртингизда сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли демократик ислоҳотларга жойида баҳо бериш учун яхши имкониятдир. Ўзбекистонда парламент сайловлари мажоритар-пропорционал сайлов тизими асосида ўтказилиши – муҳим воқелик, чунки сайловчилар сиёсий партиялар вакиллари орқали муаммоларни муҳокама қилиш, ўз фикрини билдириш имкониятига эга бўлади.
Давра суҳбати якунида франция парламентарийлари Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган сайловларда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун катта иштиёқ билан тайёргарлик кўраётганликларини таъкидлаб, мамлакатимиз сайлов тизимида янгиликлар билан олдиндан, яна бир бор танишиш имконияти яратилгани учун миннатдорлик билдирдилар.
- Қўшилди: 08.10.2024
- Кўришлар: 600
- Чоп этиш