Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонасида бўлажак парламент сайловига бағишланган брифинг бўлиб ўтди

ПЕКИН, 21 октябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонасида Хитой оммавий ахборот воситалари вакиллари учун жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловига бағишланган брифинг ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

 

Иштирокчиларга сайловолди ташвиқотининг бориши, сайлов жараёнлари, партия платформалари, қонунчилик жиҳатлари, сайлов тизимидаги янгиликлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

 

 Шунингдек, сайлов конституциявий тамойилларни ҳаётга татбиқ этиш, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни амалга ошириш, давлат ва жамиятни ўзгартиришда Олий Мажлиснинг ролини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

 

Парламент сайлови Ўзбекистоннинг янгиланган Конституцияси асосида, сайлов қонунчилиги ва халқаро стандартларга мувофиқ ўтказилиши алоҳида қайд этилди.

 

Брифинг иштирокчиларига бўлажак сайловларда хотин-қиз номзодлар сони ортиб бораётгани ҳақида маълумот берилди.

Сайловни кузатишда дунёнинг турли давлатларидан мингдан ортиқ халқаро кузатувчилар, халқаро ташкилотлар, хорижий сайлов комиссиялари иштирок этади, дейилади тадбирда.

 

Лиу Жиахин, "CGTN English" телеканали мухбири:

 

– Бўлажак парламент сайловларини ёритиш учун Хитойдан Ўзбекистонга таклиф этилганимдан жуда мамнунман.

 

Бу менинг мамлакатингизга биринчи сафарим. Лекин Ўзбекистон ҳақида, сайёҳлик жойлари ва гўзал тарихий шаҳарлар ҳақида кўп ўқиганман, эшитганман.

 

Элчихонада ташкил этилган бугунги тадбир туфайли мен Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган сайловлар ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлдим. Давлат томонидан хотин-қизларнинг мамлакат сиёсий ҳаётидаги иштирокига катта эътибор қаратилаётгани билан қизиқдим. Сиёсий партиялардан депутатликка номзод аёллар сони 30 нафардан 40 нафарга кўпаймоқда.

 

Сайловда иштирок этаётган номзодларнинг ёши 47 ёшдан ошмагани, энг кичиги эса 25 ёшда экани ҳам ҳайратланарли.

 

Сайловлар муваффақиятли ўтишини тилайман.

 

Минмэй, "Beijing Psearcher Media" ноширлик уйи муҳаррири:

 

– Компаниямиз хитойлик китобхонларни Ўзбекистон билан таништириш мақсадида журналлар чиқариш ва мақолалар чоп этишда элчихона билан яқин ҳамкорлик қилади.

 

Ўзбекистонда жорий йилнинг 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган парламент сайловига бағишланган брифингда иштирок этиш мен учун катта шарафдир. Тадбир давомида мамлакатингизда бўлиб ўтадиган муҳим сиёсий воқеа ҳақида батафсил маълумот олишга муваффақ бўлдим.

 

Бўлажак сайловларни турли мамлакатлардан келган халқаро кузатувчилар кузатиб боради. Ўзбекистонга парламент сайловларини ёритиш учун Хитой оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам таклиф этилгани қувонарлидир.

 

Ишончим комилки, парламент сайловлари Ўзбекистоннинг янада гуллаб-яшнаши, мамлакат демократик асосларини мустаҳкамлаш ва парламент тизимини ривожлантириш учун асос бўлиб хизмат қилади.

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech