Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази 1996 йил 31 октябрда ташкил этилган. Бугун ушбу санага 28 йил тўлди.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 10 декабрдаги “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Миллий марказнинг мақоми тубдан оширилди, ваколат ва фаолият кўлами янада кенгайтирилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатини самарали амалга ошириш доирасида Ўзбекистоннинг ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятларининг бажарилиши бўйича давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш билан бирга уларнинг бу борадаги фаолиятига яқиндан кўмаклашмоқда.
Президентимизнинг 2022 йил 25 мартда “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятининг моддий-техника таъминотини янада яхшилаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, Миллий марказ таркибида Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-кутубхона маркази – “Инсон ҳуқуқлари уйи” ташкил этилди.
– Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасини ривожлантиришнинг идоравий дастурлари мунтазам ишлаб чиқилгани ва қабул қилингани ҳолда, бу борада давлатнинг стратегик дастурий ҳужжатини тасдиқлаш тажрибаси кузатилмаганини очиқ айтиш лозим, – дейди Миллий марказ матбуот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев. – Шу маънода, 2020 йил 22 июндаги фармон билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси улкан аҳамиятга эга бўлди. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган мазкур стратегия мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришда катта аҳамият касб этаётир. Ушбу ҳужжатда инсон ҳуқуқлари масаласига тизимли ёндашиш ва мавжуд бўшлиқлар, камчиликларни бартараф этиш очиқ-ойдин кўрсатилган.
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича миллий маърузалар тайёрлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсияларини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракат режалари (“йўл хариталари”)ни ишлаб чиқиш Миллий марказнинг энг асосий вазифалари қаторига киради. Бундай миллий маърузалар 1999 йилдан буён тайёрланмоқда ва мунтазам равишда тегишли халқаро ташкилотларга юборилмоқда.
Бундан ташқари, марказ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишни таъминлаш бўйича таклифлар тайёрлаб, тегишли тартибда тақдим этиб келмоқда.
Миллий марказ аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашиш, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш масалалари бўйича илмий тадқиқотларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ютуқлар учун рағбатлантиришни кўзда тутадиган алоҳида мукофот илгари мавжуд эмас эди. Президентимизнинг ташаббуси билан 2020 йил 10 декабрда “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони таъсис этилди.
Эндиликда ҳар йили 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони совриндорлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан тантанали равишда тақдирлаб борилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 31.10.2024
- Кўришлар: 1058
- Чоп этиш