14 ноябрь куни Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида академик Бўрибой Аҳмедовнинг 100 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди.
Тадбир Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 14 февралдаги Фармойиши билан тасдиқланган Адабиёт, маданият ва санъат, илм-фан соҳалари атоқли намояндаларининг таваллуд саналарини муносиб нишонлаш ҳамда фаолиятини кенг тарғиб этиш дастури доирасида ташкил этилди. Унда таниқли тарихчи олимнинг ҳамкасблари, шогирдлари ва оила аъзолари қатнашди.
Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов иштирок этди ва сўзга чиқди.
Хотира кечасида академик Бўрибой Аҳмедов машҳур тарихчи олим, атоқли ўзбек шарқшуноси, манбашунос, Х-XIX асрларга оид форс манбалари бўйича йирик мутахассис бўлганлиги таъкидланди. Олим 1961 йилда “Абулхайрхон даврида кўчманчи ўзбекларнинг аҳволи” мавзусида номзодлик диссертациясини, 1974 йилда “ХVI-XVIII асрнинг биринчи ярмида Балх хонликлари” мавзусидаги докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.
Бўрибой Аҳмедов 1960 йилдан Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида илмий ходим, илмий котиб, бўлим мудири, бош илмий ходим бўлиб ишлаган. Шу билан бирга, Тошкент давлат шарқшунослик институтида “Шарқшунослик”, “Ўрта Осиё феодал хонликларининг давлат тузилиши” мавзуларида маърузалар ўқиган.
Олим шарқшунослик ва тарих фанларининг ривожланишига катта ҳисса қўшган бўлиб, 300 дан ортиқ монографик асар, дарслик ва рисолалар, луғат ва қўлланмалар, илмий мақолалар муаллифи ҳисобланади. Унинг кўплаб асарлари инглиз, француз, рус ва бошқа хорижий тилларга таржима қилинган.
Академик Б.Аҳмедов 1996 йили “Амир Темур” тарихий романини ёзган ва нашр эттирган. Ўз навбатида, 1996 йили мамлакатимиз ва дунё миқёсида кенг нишонланган улуғ Соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг 660 йиллиги муносабати билан катта ташкилий ва илмий ишларга муносиб ҳисса қўшган.
Атоқли тарихчи умрининг сўнгги йилларида Амир Темир халқаро жамғармасига раҳбарлик қилган. Олим 1989 йили Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти, 1997 йили Амир Темур ордени ва 1999 йили “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 15.11.2024
- Кўришлар: 408
- Чоп этиш