Давлат ва ҳуқуқ тарихи ҳуқуқий таълимнинг ажралмас қисми ҳисобланади. У ўқувчи ва талабаларда ҳуқуқий дунёқарашни, давлат ва ҳуқуқ институтларининг хилма-хиллиги тўғрисида билимларни, ҳуқуқий тафаккур асосларини шакллантиришга хизмат қилади. Хусусан, “Давлат ва ҳуқуқ тарихи” ўқув фани Ватанимизнинг неча юз йиллар мобайнида буюк цивилизация ва маданият марказларидан бири бўлганлигини, унинг давлатчилик ва ҳуқуқ соҳасидаги тарихий тажрибаси жаҳон цивилизациясига катта ҳисса бўлиб қўшилганлигини англашга ёрдам беради.
Ўзбекистон ҳудудида давлатчилик ва ҳуқуқ анъаналари мамлакатнинг икки Шарқ Ренессанси бешикларидан бири бўлишига пойдевор яратган. Бу тажриба “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс сари” деган шиор остида мамлакатимизни янги ривожланиш босқичига кўтариш учун муҳим омилдир. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “узоқ ўтмишдан ҳозирги давргача миллий тафаккуримиз негизида шаклланиб келган, турли ғоя ва амалий ҳаракатларда ўз ифодасини топган эл-юртимизнинг орзу-умидлари бугунги кунда Янги Ўзбекистон тушунчасида жамулжам бўлди”.
Яқинда юридик техникумлар ўқувчилари учун нашр этилган “Давлат ва ҳуқуқ тарихи” дарслиги (Тошкент: ТДЮУ, 2024. – 744 б.) Тошкент давлат юридик университети профессори Ҳайдарали Муҳамедов қаламига мунсуб бўлиб, муаллифнинг бой илмий-педагогик тажрибаси асосида, шунингдек, юридик фанда охирги йиллардаги тарихий-ҳуқуқий тадқиқотлар натижаларини ҳисобга олган ҳолда тайёрланган. Айтиш жоизки, Ҳ. Муҳамедов юқори малакали ҳуқуқшунос олим, 40 йилдан ортиқ вақт мобайнида илмий-педагогик фаолият билан шуғулланиб, “Давлат ва ҳуқуқ тарихи” ўқув фани бўйича юридик таълим муассасалари талабаларига маърузалар ўқиб келмоқда.
Шу йиллар давомида Ҳ. Муҳамедов 10 га яқин монография, дарслик ва ўқув қўлланмалар, 100 дан ортиқ илмий мақола нашр эттирган. Муаллифнинг асарлари Ўзбекистон ва хорижий мамлакатлар давлати ва ҳуқуқи тарихига бағишланган.
Янги дарслик ўқув дастурига мувофиқ тайёрланган. Китобда қадим замонлардан бошлаб ҳозирга қадар Ўзбекистонда ҳамда хорижий мамлакатлар тарихининг турли давр ва босқичларида давлатчилик ҳамда ҳуқуқнинг шаклланиши ва ривожланиши босқичлари ҳамда хусусиятлари ёритилган.
Муаллиф тарихий, қиёсий-ҳуқуқий ва тизимлилик методлари ҳамда давлат ва ҳуқуқ тарихини даврлаштиришнинг анъанавий усулига асосланиб, Қадимги давр давлати ва ҳуқуқи, Ўрта асрлар давлати ва ҳуқуқи, Янги давр давлати ва ҳуқуқи, Энг янги давр давлати ва ҳуқуқини ажратган. Ҳар бир даврга бағишланган мавзулар алоҳида битта бўлимга киритилган. Ҳар бир мавзу матни охирида билимларни мустаҳкамловчи саволлар келтирилган.
Дарслик, шубҳасиз, бир қатор ютуқларга эга. У ўқувчиларга давлат ва ҳуқуқ тарихи соҳасида фундаментал билимларни эгаллашга ёрдам беради. Дарслик ўқувчиларни Ўзбекистон ҳамда хорижий давлатлар давлати ва ҳуқуқи тарихидаги асосий воқеалар, тушунчалар, анъаналар, институтлар, тузилмалар, ҳужжатлар билан таништиради.
Шунингдек, ўқувчилар китобдан давлат ва ҳуқуқ тарихидаги энг муҳим ислоҳотлар мазмуни, қонунчилик ҳужжатлари намуналари тўғрисида маълумотларни олади. Дарсликда Ўзбекистон давлат ва ҳуқуқи тарихидан ташқари, Европа ва Америка давлатлари, Япония, Хитой каби мамлакатлар давлат ва ҳуқуқ тарихига катта эътибор қаратилган.
Дарсликда Ўзбекистон ҳудудидаги илк давлатларнинг келиб чиқиши шарт-шароитлари, сабаблари ва хусусиятлари, Ўзбекистон ҳудудидаги илк давлатларнинг ижтимоий-сиёсий тузуми, Ўзбекистон ҳудудидаги қадимги давлатлар ҳамда ўрта асрлар давлати ва ҳуқуқи ёритилган. Айниқса, мустақил Ўзбекистон Республикаси давлати ва ҳуқуқининг ривожланиши кенг таҳлил этилган.
Шу билан бирга, “Давлат ва ҳуқуқ тарихи” ўқув фанининг юридик фанлар таркибида касбий ҳуқуқий онг ва қадриятларни, бўлажак ҳуқуқшуноснинг дунёқараши ва юридик тафаккурини, миллий ўзликни англашни, миллий давлатчилик ва ҳуқуқ тарихига, ота-боболар қолдирган меросга ҳурмат руҳини шакллантиришда устувор аҳамият касб этиши дарслик бўйича қатор таклиф ва мулоҳазаларни билдиришни тақозо этади.
Биринчидан, фикримизча, “Давлат ва ҳуқуқ тарихи” ўқув фани предметида марказий муаммо – бу Ўзбекистон ҳудудида давлатчилик ва ҳуқуқнинг пайдо бўлиши ҳамда ҳозирги кунга қадар ривожланиши муаммосидир.
Шунинг учун мазкур ўқув фани, даставвал, Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқи тарихини, унинг анъана ва қадриятларини, ундан кейин хорижий мамлакатлар давлати ва ҳуқуқи тарихини ўрганишни мақсад қилади. Яъни, Ўзбекистон давлати ва ҳуқуқи тарихини ўрганиш устувор бўлиб, хорижий мамлакатлар давлати ва ҳуқуқи тарихи шу билан боғлиқ равишда ўрганилиши керак.
Иккинчидан, дарсликнинг айрим бўлимларида ўқув материали давлат ва ҳуқуқ тарихини даврлаштириш тамойилларига номувофиқ ва номутаносиб равишда тақсимланган.
Учинчидан, дарсликда Ўзбекистон давлат ва ҳуқуқ тарихининг ёритилишида узилиш ва бўшлиқларга йўл қўйилган. Давлат ва ҳуқуқ тарихининг айрим босқичлари, баъзи муҳим воқеалар эътибордан четда қолган. Жумладан, Ўзбекистон давлат ва ҳуқуқи тарихи ривожланишидаги янги босқич – Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича давлатчилик ва ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар дарсликда лозим даражада ёритилмаган.
Мухтасар айтганда, шу каби айрим камчиликларига қарамасдан, дарсликнинг юридик техникумлар ўқув жараёнидаги аҳамияти шубҳасиз, деб ўйлаймиз. Мазкур дарслик юридик техникумлар ўқувчилари, талабалар, ўқитувчилар ҳамда давлат ва ҳуқуқ тарихига қизиқувчилар учун фойдали манба бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Акмал САИДОВ,
академик
"Куч - адолатда" газетаси 2024 йил 15 ноябрь кунги №50(1032) - сони
- Қўшилди: 15.11.2024
- Кўришлар: 466
- Чоп этиш