Ҳар бир мустақил давлат ўз тараққиёт йўлини белгилар экан, энг аввало конституциявий асосларга таянади. Ушбу муҳим ҳужжатда халқ фаровонлиги йўлидаги олий мақсад ва вазифалар ўз аксини топади. Зеро, Конституция – давлатнинг ҳуқуқий пойдевори бўлиб, унда жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олувчи асосий тамойил ва қоидалар мужассамлашган. Айнан шу ҳужжат орқали давлат ўз фуқароларининг фаровон ҳаёт кечириши, ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатланиши, ижтимоий адолат тамойилларининг устуворлигини таъминлашга интилади. Айнан Конституция инсон ҳуқуқларини энг олий қадрият сифатида инсон қадр-қиммати ҳамма нарсадан устун эканлигини эътироф этади.
Бугунги кунда глобаллашув жараёни тобора тезлашиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини янада яхшироқ таъминлаш ва кафолатлашни тақозо этади. Аввало инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласига оид нормалар Конституцияда мустаҳкамланиши лозим. Айнан Конституцияга мувофиқ ҳаракат қилиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини адолатли ҳамда тенг асосда ҳимоя қилишни таъминлайди.
Таъкидлаш жоизки, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги қоидалар демократик конституцияларнинг асосини ташкил қилади. Конституциявий ислоҳотларнинг муваффақияти унда турли қатлам вакилларининг манфаатлари инобатга олинганлиги ҳамда улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланишига боғлиқ бўлади.
Маълумки, йиллар давомида Бош қомусимиз олий даражадаги юридик ҳужжат сифатида суверен, демократик ва ҳуқуқий давлат барпо этишда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиб келди. Шунингдек, мамлакатимизнинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий қиёфасини, бошқарувнинг демократик шаклини, жамият ривожланишининг стратегик йўналишларини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини ҳамда аҳоли турмуши фаровонлигини таъминлашда муҳим ўрин касб этди.
Юртимизда олиб борилган ислоҳотлар, жумладан, жаҳон ҳамжамиятида тутган ўрни ва нуфузининг ошириш борасидаги саъй-ҳаракатлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликнинг ривожланиши, шунингдек халқаро ҳужжатларга қўшилиш ҳамда уларни ратификация қилиш орқали мамлакатимизда инсон қадр-қиммати, унинг манфаатлари устунлиги долзарб масалага айлангани ҳеч кимга сир эмас. Бу борада мамлакатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Ҳаракатлар стратегияси”, “Тараққиёт стратегияси” ва “Ўзбекистон-2030” стратегиялари давлат ва жамиятни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқди. Ҳар бир стратегияда халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш ғоялари илгари сурилди. Янги Ўзбекистонни барпо этиш билан боғлиқ ислоҳотларда “инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари, айниқса, қадри энг муҳим қадрият” деган тамойил муҳим ўринга чиқди. Шу билан бирга, мамлакатимизда йиллар давомида амал қилиб келган “давлат-жамият-инсон” тамойили янги “инсон-жамият-давлат” тамойилига ўзгартирилди. Ушбу тамойилни миллий қонунчилик ва конституциявий амалиётда мустаҳкамлаш, шунингдек, инсон манфаатини ҳар нарсадан устун қўйиш бош мақсад қилиб олинди.
Бу ислоҳотлар мустақиллик йилларида қабул қилинган ва салкам 30 йилдан ортиқ хизмат қилган Конституциямизнинг баъзи нормаларини такомиллаштириш, бугунги кун талабларига мослаштириш зарур эканлиги, Янги Ўзбекистонга янгиланган Конституция кераклигини кўрсатди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мақсади- “Инсон қадри учун” ҳамда “Давлат-инсон учун” тамойилларини реал ҳаётимизга жорий этишдир. Бу масалада қонунчиликка киритилаётган янгиликлар, ўзгартириш ва қўшимчалар демократик жараёнларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратмоқда”.
Хусусан, мамлакатимизда ҳам болалар, ёшлар, хотин-қизлар, кексалар, ўқитувчилар, ногиронлиги бўлган шахслар, хориждаги ватандошларимиз, маҳкумлар, бир сўз билан айтганда, аҳолининг барча қатлами ҳуқуқ ва манфаатларини инобатга олган ҳолда реал ҳаётдаги йирик ўзгаришлар Янги таҳрирдаги Конституцияда ўз аксини топди.
Конституциямизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тўлиқ ва самарали амалга ошириш ҳамда кафолатлашга тизимли ёндашилди. Аввало, Ўзбекистоннинг беш устуни, яъни суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани қатъий белгилаб қўйилди, унинг мазмуни тубдан такомиллаштирилиб, янги боб ва моддалар билан бойитилди.
Конституциямизга асосан Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланиши, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият эканлиги белгиланди. Инсон ҳуқуқларига оид нормалар сони 3,5 баробардан зиёдга кўпайгани фикримизнинг яққол далилидир.
Булардан – шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар борасидаги нормалар қарийб 3 баробар, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатлари 3,5 баробардан кўпроққа ортди. Учта янги боб (амалдаги Оила бобига қўшимча болалар ва ёшлар, Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар бобига қўшимча маданий ва экологик ҳуқуқлар, алоҳида адвокатура боби) билан бойитилди. Дарҳақиқат, Конституциянинг 15 та нормасида давлат шарт-шароитлар яратиши, 16 та нормасида давлат кафолатлаши, 4 та нормада давлат ғамхўрлик қилиши алоҳида кўрсатиб ўтилганининг ўзиёқ давлатнинг олий мақсади инсон ҳуқуқларини таъминлаш эканлигини кўриш мумкин.
Жумладан, Конституцияда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятлар олиши белгиланди. Ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгиланди. Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда (бозор қийматида) қопланиши кафолатланди.
Эндиликда, қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилмаган масалаларда зиддият юзага келса, масала давлат эмас, инсон фойдасига ҳал этилади. Чунки, Конституциямизнинг 20-моддасига “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади” деган норма киритилди. Бу ўз навбатида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг тўғридан-тўғри амал қилиши, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, мансабдор шахслар томонидан ўз фаолиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликларга риоя қилиш ва уни ҳимоя қилиш олий мақсадга айланганлигидан далолат беради.
Ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маданий ҳуқуқлар билан бир қаторда илк маротаба экологик ҳуқуқлар ҳам Конституция даражасида мустаҳкамланди. Унга кўра давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик, атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириши белгилаб қўйилди.
Бундан ташқари, янгиланган Конституцияда кучли ижтимоий ҳимоя ва муҳтожларга ғамхўрлик – давлат сиёсатининг муҳим йўналиши эканлигини кўриш мумкин. Бу борада Конституция:
- таълим олиш ҳуқуқи ва имкониятини кенгайтириш;
- ногиронлиги бор болаларнинг ўз тенгдошлари билан бир хил таълим олиши учун барча шароитларни яратиш;
- ўқитувчилар шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш;
- давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратиши;
- давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, камбағалликни қисқартириш;
- ҳар кимнинг меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқи каби бир қатор нормалар билан бойитилди.
Ушбу ўзгаришлардан асосий мақсад, Ўзбекистоннинг ҳуқуқий тизимини янада мустаҳкамлаш, демократик институтларни ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ижтимоий адолатни таъминлашга қаратилгандир.
Бинобарин, юртбошимиз таъкидлаганидек, “Ҳеч шубҳасиз, том маънода халқчил қомус бўлган Асосий қонунимиз Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимиз ортга қайтмаслигининг мустаҳкам ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилади”.
Дилдора Аҳмедова,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази ходими
"Истеъмол маданияти" газетаси 2024 йил 28 ноябрь №22(190)-сони
- Қўшилди: 27.11.2024
- Кўришлар: 773
- Чоп этиш