Президент Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига юкланган яна бир муҳим топшириқ рўёбга чиқмоқда. Шу йил 3 декабрь куни Миллий марказнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича ахборот-ресурс маркази негизида янги маърифат маскани – “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг расмий очилиш маросими бўлади.
“Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг очилиши иккита муҳим сана доирасида ўтказилмоқда.
Булардан бири – 8 декабрда нишонланадиган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кундир. Яна бири Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилингани муносабати билан бутун дунёда 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари куни сифатида эътироф этилган халқаро санага боғлиқ.
Тақдимотга 100 нафар иштирокчи таклиф этилган. Хусусан, фаолияти инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқий нормаларни тарғиб қилиш билан боғлиқ бўлган халқаро ва минтақавий ташкилотлар вакиллари, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик ваколатхоналар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат органлари мутахассислари, етакчи экспертлар, илм-фан ва жамоат арбоблари ҳозир бўлиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг очилиши тадбирини мамлакатимизнинг барча ҳудудлари марказларидаги кутубхоначилар онлайн кузатиб бориш имконига эга бўлади.
Беҳруз Худойбердиев, Аброр Содиқов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА
- Қўшилди: 01.12.2024
- Кўришлар: 492
- Чоп этиш