2 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти Марказий тергов ҳибсхонаси шахсий таркиби учун шу мавзуда маънавият ва маърифат дарси ўтказилди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари иштирокида ташкил этилди.
Маънавият дарси Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига бағишланди. Уни Миллий марказнинг Жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш бўлими бош мутахассиси М.Каримов, етакчи мутахассис А.Аҳмедов ҳамда Миллий марказ бош юрисконсульти Р.Атовуллоев олиб борди.
Тадбирда Марказий тергов ҳибсхонаси шахсий таркибига янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, шунингдек, Тараққиёт стратегияси, “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида инсон манфаатлари устувор этиб белгиланган тамойилларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Бунда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ўз навбатида, инсоннинг қадр-қиммати, шаъни ва обрў-эътиборини жойига қўйишдек юксак маънавий қадриятларни мустаҳкамлашга хизмат қилиши ҳақида сўз юритилди. Дарс давомида, хусусан:
· янги таҳрирдаги Конституцияда инсон ҳуқуқларининг акс этиши;
· инсон қадр-қимматини таъминлашнинг асосий тамойиллари ва миллий қонунчилик;
· “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ислоҳотлар;
· инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартлар ва уларнинг мамлакатимизда татбиқ этилишига оид масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, тадбирда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги илғор тажрибалар хусусида муҳим маълумотлар тақдим этилди. Мурожаатлар билан ишлашда самарадорликни ошириш юзасидан амалий тавсиялар берилди.
Маънавият ва маърифат дарси якунида унинг қатнашчилари инсон қадрини ҳимоя қилишнинг аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Тадбир жонли мулоқот ва қизғин баҳс-мунозаралар руҳида ўтди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 02.12.2024
- Кўришлар: 521
- Чоп этиш