Иброҳим ҒАФУРОВ – Ўзбекистон Қаҳрамони, давлат ва жамоат арбоби, таржимон, адабиётшунос олим ва адиб:
– Пойтахтимизда “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг очилишида иштирок этганимдан мамнунман. Бундай билим уйларининг очилиши, маданият ва маърифат масканлари-ю, гулшанларининг дунёга келиши халқимизни янада саводхон, янада маърифатли қилади. Шу билан бирга, юртдошларимизнинг китоб дунёларига қизиқишини оширади ва бу қизиқишлар янада ортишига жуда катта шароитлар яратади.
Яқинда Президентимиз ташаббуси билан биз – бир гуруҳ ижодкорлар мамлакатимизнинг вилоятлари, туманлари, шаҳарлари, чекка қишлоқларида учрашувлар ўтказдик. Жойларда шундай ўқув марказлари, маърифат масканлари очилаётганини ўз кўзимиз билан кўриб келдик.
Тошкент вилоятининг Хондайлиқ қишлоғи – улуғ шоиримиз Сидқий Хондайлиқий яшаб ўтган тарихий манзил бунга яққол мисол. Ўша қишлоқда ажойиб бир кутубхона, қироатхона очилганига гувоҳ бўлдик.
Бутун қишлоқ аҳлининг бундан бошлари осмонга етгани бежиз эмас. Чунки жуда кўркам жиҳозлар, сара китоблар ва замонавий компьютерлар билан таъминланган хоналар энди уларнинг ва фарзандларининг хизматида бўлади. Ўзингиз бир тасаввур қилинг: чекка тоғ қишлоғида шундай маърифат маскани иш бошлади ва ундан нафақат ёшлар, балки аҳолининг барча қатламлари бирдек баҳраманд бўлмоқда.
Шу маънода, Тошкентда очилган “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, кўлами ва қамрови беқиёсдир. Аслида, инсон ҳуқуқларига оид кўплаб тиллардаги китоблар, журналлар, турли бебаҳо манбаларни сақлаш ва эмин-эркин мутолаа қилиш учун бундай ноёб маърифат масканининг барпо этилиши ҳам долзарб, ҳам муҳим, ҳам қутлуғ амалдир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 06.12.2024
- Кўришлар: 410
- Чоп этиш