5 декабрь куни Тошкентда БМТ Универсал даврий ҳисоботи доирасида Ўзбекистон Республикасининг Тўртинчи миллий ҳисоботи кўриб чиқилиши юзасидан олинган тавсияларни бажариш бўйича миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш юзасидан жамоатчилик маслаҳатлашуви ўтказилди. Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Жамоатчилик маслаҳатлашувида асосий мақсад Универсал даврий шарҳ доирасида Ўзбекистон Республикаси томонидан қабул қилинган тавсияларни самарали ижро этишга оид миллий ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш бўйича кенг жамоатчилик иштирокида фикр алмашиш ва олинган тавсияларни амалга ошириш бўйича механизмларни ишлаб чиқишга қаратилди.
Тадбирда тегишли вазирлик ва идоралар, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, суд органлари ва БМТ вакиллари – жами 30 дан ортиқ иштирокчи қатнашди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова иштирокчиларга мурожаат қилар экан, умуминсоний қадрият ҳисобланувчи инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳар қандай жамиятнинг барқарор ривожланиши учун зарур шарт эканлигини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари тизимини мустаҳкамлаш бўйича фаол иш олиб бораётгани ва бу жараёнда Универсал даврий ҳисобот механизми муҳим аҳамият касб этаётганини қайд этди.
Д.Муратова Ўзбекистон ўз тавсияларини йўллаган барча давлатларга ва ушбу тавсияларни амалга оширишда қўллаб-қувватлаётган халқаро ҳамкорларга миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Универсал даврий шарҳ тавсияларини Учинчи цикл доирасида амалга ошириш бўйича ижобий тажрибага эга эканига эътибор қаратди. Тадбир асносида 2020 йилда қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” доирасида назарда тутилган тадбирларнинг 85 фоиздан ортиғи муваффақиятли амалга оширилгани ҳақида ҳам сўз юритилди.
Жамоатчилик маслаҳатлашуви доирасида Универсал даврий ҳисобот тавсияларининг муайян тематик мавзулари бўйича кўриб чиқилаётган қисми Миллий ҳаракатлар режасини тўлиқ ишлаб чиқишга катта ёрдам бериши, лойиҳа келгусида парламентнинг ҳар икки палатасининг қўшма қарорлари билан тасдиқланиши ҳақида маълум қилинди.
Ўз навбатида, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили Матилда Богнер сўзга чиқди. У давра суҳбатида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари вакилларининг иштирок этаётгани муҳимлигини ҳамда Универсал даврий ҳисобот доирасидаги тавсияларни амалга ошириш каби муҳим масалаларни муҳокама қилишда инклюзив ёндашувнинг аҳамиятини эътироф этди.
М.Богнер Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ютуқларини ва халқаро ҳамкорликдаги ишларни алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Универсал даврий ҳисобот доирасидаги тавсиялар ва унинг механизмлари орқали Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ижобий ривожланишини қўллаб-қувватлашнинг аҳамиятини қайд этди.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий бўлими, Универсал даврий шарҳ масалалари бўйича минтақавий маслаҳатчиси Павло Бялик Универсал даврий ҳисобот доирасидаги тавсиялар мавзу юзасидан тематик гуруҳларга тақсимланганлиги ҳақида фикр юритиб, уларнинг мақсад ва вазифаларини тушунтирди.
П.Бялик мазкур жамоатчилик маслаҳатлашуви Универсал даврий ҳисобот тавсияларини амалга оширишда миллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ва ривожланиш субъектлари ўртасида яқин ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар орқали ушбу тавсияларни инсон ҳуқуқлари бўйича аниқ натижаларга айлантиришга сезиларли ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
Тадбир давомида иштирокчилар тавсиялар бўйича 4 та тематик гуруҳларга бўлиниб, муҳокамалар ўтказди. Биринчи гуруҳда – таълим соҳасидаги, иккинчисида – ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларига оид, учинчи гуруҳда – хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича ва тўртинчи гуруҳда – соғлиқни сақлаш соҳасидаги тавсияларни амалга ошириш мавзулари муҳокама қилинди.
Жамоатчилик маслаҳатлашуви якунида ҳар бир гуруҳнинг модератори тегишли мавзу юзасидан муҳим механизмларни ишлаб чиқишга қаратилган таклифларни билдирди. Шу асосда истиқболдаги амалий чоралар-тадбирлар белгилаб олинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 06.12.2024
- Кўришлар: 559
- Чоп этиш