Гулнора МАЪРУФОВА – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси:
– Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда “Инсон ҳуқуқлари уйи” ўз фаолиятини расмий равишда бошлагани мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида жуда катта аҳамиятга эга. Чунки “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг очилиши, аввало, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи мутахассислар учун зарур.
Қолаверса, мазкур маърифат маскани очилгани нафақат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан қизиқувчилар, балки ушбу соҳада ўз малакасини ошириш ва билим даражасини юксалтириш истагида бўлган барча юртдошларимиз учун ҳам ниҳоятда муҳим ва қулайдир. Нега деганда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази негизида “Инсон ҳуқуқлари уйи” билан бир қаторда йирик ахборот-ресурс маркази ҳам иш бошлади.
Бу ерда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасига саводли ёндашиш борасида ҳамма шарт-шароит муҳайё. Яъни, бундай нозик ва муҳим масала билан шуғулланиш учун замонавий билимларни эгаллаш имконини берадиган зарур адабиётлар, турли тиллардаги китоблар, соҳага тегишли миллий ва халқаро аҳамиятга эга ҳуқуқий ҳужжатлар жамланган.
Анча йиллардан буён оила ва хотин-қизлар масалалари билан шуғулланиб келаман. Мамлакатимизда соғлом оилани шакллантириш, бу масканда юксак маънавий-ахлоқий муҳитни қарор топтириш учун шароит яратиш ҳамда соғлом бола туғилиши ва уни тарбиялаш масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ҳар биримизнинг зиммамизга улкан масъулият юклайди.
Кейинги йилларда ушбу йўналишда салмоқли ишлар қилинди. Соҳани ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллашмоқда ва мустаҳкамланмоқда. Аминманки, айни шу муҳим ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий-маърифий жараёнларда эндиликда “Инсон ҳуқуқлари уйи” ҳам муносиб ҳисса қўшади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 06.12.2024
- Кўришлар: 535
- Чоп этиш