10 декабрь – Ўзбекистон Республикасининг
Давлат мадҳияси қабул қилинган кун
Мустақил юртимиз давлат рамзларини ишлаб чиқиш жараёнлари истиқлолга эришишдан анча олдин бошланган. Шу нуқтаи назардан, мазкур жараённи Ўзбекистон Республикаси биринчи Конституциясининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши жараёнлари билан узвий боғлиқ ҳолда, қуйидаги уч даврга бўлиб ўрганиш мақсадга мувофиқ.
Биринчи давр – Ўзбекистон собиқ иттифоқ таркибида бўлган вақтда давлат суверенитети рамзларининг тикланиши ва улар шаклларини ишлаб чиқиш жараёнидан бошланади.
Иккинчи давр – Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги эълон қилинган 1991 йил 31 август санасидан бошланиб, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Конституцияси қабул қилинган кун, яъни 1992 йил 8 декабргача давом этади.
Учинчи давр – Ўзбекистон Республикасининг янги Конституцияси қабул қилинган кундан бошланади.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи, Давлат герби ва Давлат мадҳиясининг ишлаб чиқилиши ҳамда қабул қилиниши жараёни икки ярим йилдан кўпроқ муддатни ва амалий аҳамиятга эга бўлган тўртта босқични ўз ичига олади.
Биринчи босқич – Ўзбекистон Республикасининг рамзий белгиларини ишлаб чиқишга тайёргарлик жараёнларини ўзида қамрайди. Хусусан, Ўзбекистон Давлат гимни тўғрисидаги масала ўн иккинчи чақириқ Олий Советнинг 1990 йил 24-31 март кунлари бўлиб ўтган биринчи сессияси кун тартибига киритилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Бу босқичда 1990 йил 31 мартда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги ҳамда 1991 йил 15 февралда «Ўзбекистон Давлат байроғи ва Давлат герби эмблемаларини ишлаб чиқиш тўғрисида»ги парламент қарорлари қабул қилинди.
Ўзбекистон Олий Кенгашининг 1990 йил 15 февралдаги қарорига мувофиқ, Конституциянинг янги лойиҳасини тайёрловчи комиссияга янги Давлат байроғи, герби ва мадҳиясига доир таклифлар ҳамда улар тўғрисидаги низомлар тайёрлаш вазифаси юклатилди.
Бунда кенг жамоатчилик ва депутатлар фикрига таяниш, лойиҳалар юзасидан халқ муҳокамалари уюштириш тавсия этилди. Шу билан бирга, Давлат байроғи, герби ва мадҳиясини қабул қилиш юзасидан комиссия тузилди, унинг экспертлар гуруҳи тасдиқланди.
Давлат мадҳиясини қабул қилиш бўйича тузилган эксперт комиссияси сафидан таниқли артистлар, давлат мукофоти совриндорлари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоблари И.Акбаров, Р.Абдуллаев, С.Жалил, М.Бурхонов, У.Мусаев, Б.Умиджонов жой олди.
Иккинчи босқич – Ўзбекистон Республикаси Давлат рамзларини ишлаб чиқиш бўйича танловлар ўтказиш даври. Давлат рамзлари лойиҳалари танлови борасидаги амалий тайёргарлик ишлари 1991 йил 11 февралда бошлаб юборилган бўлса, ўша йилнинг июнь ойидаёқ Давлат байроғи ва герби лойиҳасига дастлабки танлов эълон қилинди. Тегишли комиссиялар энг яхши мадҳия матни бўйича ҳам танлов эълон қилди ва бу ишга мутахассислар билан бирга кенг жамоатчилик жалб этилди.
Ўн иккинчи чақириқ Олий Советнинг 1990 йил 24-31 март кунлари бўлиб ўтган биринчи сессияси мажлисида ушбу масала юзасидан Ўзбекистон компартияси марказий комитетининг секретари, депутат Ж.Ҳамидов ахборот бериб, Ўзбекистон Давлат мадҳияси тўғрисидаги масала меҳнаткашларнинг жуда кўп хатлари ва таклифларига биноан республика халқ депутатларининг муҳокамасига ҳавола этилаётганини таъкидлади.
Бу масала пайдо бўлишининг боиси нимада? Сессияда таъкидланганидек, авваламбор, у ҳаётнинг мураккаб ва кескин иқтисодий, ижтимоий ва маънавий муаммоларидан, миллий онгнинг тезкорлик билан ўсиб бораётганлигидан келиб чиқди.
Мадҳия мустақил давлатнинг белгиси, ҳамду саноси ва айрилмас нишонасидир. Ўзбекистон ССРнинг биринчи гимни 1947 йилда яратилган, матн муаллифи Темир Фаттоҳ, мусиқа муаллифи Мутал Бурҳонов бўлган. 1978 йилда гимннинг матни қисман таҳрир қилиниб, қайтадан тасдиқланган. Ўша гимн матни муаллифлари – Темир Фаттоҳ билан Туроб Тўла, мусиқаси муаллифи эса Мутал Бурҳонов бўлган.
Ж.Ҳамидов «Гимн мазмунининг янгиланиши Ўзбекистон Конституциясига киритиладиган ўзгаришлар, яъни жамиятнинг сиёсий асослари ва Коммунистик партиянинг ўрни ҳақидаги моддаларга ҳам боғлиқ» эканини қайд этган.
Бу масала Ўзбекистон компартиясининг мафкура комиссиясида кўриб чиқилиб, Олий Советнинг тегишли комиссиялари Ўзбекистон Давлат гимнининг матни ва мусиқасини яратиш борасидаги ташкилий ишларни бошлаши тавсия этилган ҳамда қуйидаги таклифлар киритилган: «Шу ишлар ниҳоясига етганда Гимннинг янги матни халқ муҳокамаси учун эълон қилинсин. Сўнгра республика Олий Советининг сессиясига киритилсин. У Ўзбекистон ССР Конституциясининг 180-моддаси асосида Ўзбекистон Олий Совети томонидан тасдиқланиши керак».
Депутатлар ўшанда бу борада тақдим этилган қуйидаги қарор лойиҳасини қабул қилган: «Ўзбекистон Олий Советининг Маданият, фан ва халқ таълими, маданий меросни асраш, Миллатлараро муносабатлар, тил ва байналмилал тарбия масалалари доимий комиссияларига Ўзбекистон Давлат гимнининг янги матни ва мусиқасини тайёрлаш ишларини ташкил этиш топширилсин. Давлат гимни янги матн ва мусиқасининг лойиҳаси халқ муҳокамасига қўйиш учун эълон қилинсин».
Учинчи босқич – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи, герби ва мадҳияси лойиҳаларининг умумхалқ муҳокамасини ташкил этиш. Ушбу жараёнда фуқаролар ва мутахассислар томонидан таклиф этилган Давлат байроғи ва герби эмблемаларининг вариантлари, мадҳия матни ҳамда мусиқаси матбуотда ёритилиб, умумхалқ муҳокамасига қўйилди.
Давлат рамзларини ишлаб чиқиш бўйича махсус комиссия муҳокама давомида барча вилоятлардан кўплаб мактублар, хилма-хил лойиҳалар, таклиф ва истаклар битилган хатлар олди. Муҳокамаларда турли касб эгалари, ёшу қари фаол қатнашди.
Тўртинчи босқич – Ўзбекистон Республикаси Давлат рамзлари бўйича танлов ва умумхалқ муҳокамаси натижаларининг Олий Кенгашда умумлаштирилиши. Бу ўринда, авваламбор, Давлат рамзлари бўйича танлов ва умумхалқ муҳокамасининг дастлабки олти ой ичида эришилган натижалари Олий Кенгашнинг 1991 йил 31 августда иш бошлаган олтинчи сессиясида кўриб чиқилганини таъкидлаш лозим.
Шу билан бир қаторда, Давлат мадҳиясининг шеърий матни ва мусиқасини тайёрлаш учун Олий Кенгаш депутатлари ижодкор зиёлилар билан ҳамкорликда икки ярим йил давомида иш олиб борди. Ушбу давр ичида Давлат мадҳияси шеърий матнининг танловида 60 дан ортиқ шоирлар, мусиқа танловида 30 га яқин композиторлар иштирок этди.
Маълумки, ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1992 йил 8-10 декабрь кунлари бўлиб ўтган ўн биринчи сессиясида мустақил давлатнинг Асосий Қонуни бўлмиш Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг лойиҳаси моддама-модда муҳокама этилди ва қабул қилинди. Конституциямизнинг 5-моддасида: «Ўзбекистон Республикаси қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари – байроғи, герби ва мадҳиясига эга», деган конституциявий қоида муҳрлаб қўйилди.
Жаҳон давлатлари эмблемаларининг Конституцияда тасдиқланиши, албатта, моҳият жиҳатидан бир-биридан фарқ қилади:
биринчидан, АҚШ, Япония, Швеция, Греция каби бир қатор давлатларнинг Конституцияларига давлат эмблемалари тўғрисида бирор модда киритилмаган;
иккинчидан, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Грузия сингари давлатларда давлат байроғи, герби ва мадҳияси Конституция ҳамда конституциявий қонунларда мустаҳкамланган;
учинчидан, кўпгина давлатлар Конституцияларида давлат эмблемаларининг тавсифи махсус модда билан тасдиқланган. Хусусан, Озарбайжон, Жазоир, Германия, Испания, Италия, Туркия, Эстония каби давлатларнинг Конституциялари моддаларида – фақат байроқ; Австрия, Арманистон, Куба, Литва, Молдова, Польша сингари давлатларнинг конституциявий моддаларида эса байроқ ва гербнинг тавсифи берилган;
тўртинчидан, шундай Конституциялар ҳам борки, уларда давлат эмблемалари алоҳида бўлим ёки бобларда белгиланади. Мисол учун, Хитой Конституциясининг 4-бўлими, Эрон Конституциясининг 2-боби айни шу мавзуга бағишланган.
Ушбу сессия мажлисида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси ҳақидаги масала кўриб чиқилди. Бу борада ахборот берган атоқли адиб П.Қодиров, жумладан, қуйидагиларни қайд этди: «Давлат мадҳияси Ўзбекистон мустақиллигини маънавий жиҳатдан бутун жаҳон олдида тасдиқ этадиган, халқимизнинг ўзига хос миллий ғурурини ифода қиладиган жуда муҳим омил ҳисобланади... Давлат байроғи ва Давлат гербини тайёрлашда биз бутун ижод соҳаси, тасвирий санъат намояндалари билан иш олиб борган эдик... Бу ҳақда мен газеталардаги мақолаларда айтганман... Мана шу бизнинг изланишларимиз натижасида 3 та вариантдан иборат Давлат мадҳияси сизларнинг бугун муҳокамангизга киритиляпти. Уларни биз газеталарда... радио, телевидениеларда эълон қилдик».
П.Қодиров Давлат мадҳияси вариантларининг магнит лентасига ёзилганини депутатларга қўйиб беришдан олдин мадҳия жанрининг умумий мазмун-моҳияти, шунингдек, Давлат мадҳиясига жаҳон миқёсида қўйиладиган талаблар ҳақида тўхталди. «Давлат мадҳияси қўшиқ каби фақат миллий чолғу асбобларидагина ижро этилса, Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида, масалан Европа ёки Осиё мамлакатларида уни ижро этадиган чолғу асбоблари топилмай қолиши мумкин. Шуни ҳисобга олиб, давлат мадҳиялари барча маданий мамлакатларда бор бўлган симфоник ва духовой оркестрларда хор иштирокида ижро этилади. Мусиқа шу талабларга мослаб ёзилади... «Чўли ироқ»ни, «Муножот»ни мадҳия қилсак деган таклиф тушди. Лекин бу яхши кўрган, гўзал куйларимизни бошқа мамлакатларда ижро этиб бўлмаслигини ўзларингиз тасаввур эта оласизлар. Албатта, Ўзбекистон Давлат мадҳиясида миллий руҳ, миллий жаранг бўлиши керак... Давлат мадҳияси бизнинг халқимизга хос жозибали, миллий оҳангларни бошқа давлат халқларига ҳам етказиб берадиган умуминсоний савияда ёзилиши зарур», деди П.Қодиров.
Шу ўринда Ҳиндистон, Туркия, Покистон каби бир қатор давлатларда Ўзбекистон Республикаси Президентини кутиб олганларида Мутал Бурхонов ёзган мадҳия мусиқаси қандай жаранглаганини юртдошларимиз бевосита ёки радио-телевидение орқали кўриб-эшитгани мисол келтирилди.
«Ҳар эшитганимизда дилимизда миллий туйғу уйғонганини сезганмиз, чунки шу Ўзбекистонга хос оҳанглар жуда жаранглайди», деб сўзида давом этди П.Қодиров. «Бундай фазилатлар биз тақдим этаётган ҳар уч мадҳияда ҳам бор. Бахтиёр Алиев мусиқаси, Абдулла Орипов шеъри; Мирпўлат Мирзо шеъри, Рустам Абдуллаев мусиқаси ва Абдулла Орипов шеъри... Мутал Бурхоновнинг ҳаракатдаги мусиқаси. Ҳар учала вариантда ҳам Ватанга муҳаббат, истиқлолни улуғлаш, келажакка ишонч руҳи янграб турибди... сайловчиларимиз, жамоатчилик вакиллари турли вилоятлардан, туманлардан юборган фикр-мулоҳазаларини ҳам инобатга олганмиз. Юзлаб одамлар ўз муносабатларини билдирган».
Раислик қилувчи биринчи бўлиб Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповга сўз берди. Абдулла Орипов Давлат мадҳияси шеърий матнининг ўзи ёзган икки вариантини ўқиб эшиттирди.
Биринчиси, кўп йиллар «Баҳор» ансамбли учун жозибали миллий куйлар ёзиб, тажриба орттирган композитор, собиқ СССР Давлат мукофоти совриндори Бахтиёр Алиев мусиқасига шеърий матн:
«Минг йиллар қаъридан келар карвонинг,
Ҳақ йўлга бошлайди одил имонинг,
Жаҳонда ягона Ўзбекистонсан
Маърифат, истеъдод бўлғай сарбонинг.
Оқар дарёларинг ҳайқириб оқсин,
Қуёшдек порлаган бахт кулиб боқсин,
Дўстга дўст, бағри кенг, яшнаган диёр
Сенга ҳам тоабад тангри бўлсин ёр.
Ватанга посбондир фарзандлар ҳушёр,
Истиқлол сен учун мангу барқарор,
Инон ўз кучингга Ўзбекистоним.
Қудратли аждодлар руҳи сенга ёр.
Оқар дарёларинг ҳайқириб оқсин
Қуёшдек порлаган бахт кулиб боқсин,
Дўстга дўст, бағри кенг, яшнаган диёр
Сенга ҳам тоабад тангри бўлсин ёр».
Иккинчиси, машҳур бастакор Мутал Бурхоновнинг элга таниш мусиқасига ёзилган мадҳия матни:
«Серқуёш, ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,
Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!
Яшнагай то абад илму фан, ижод,
Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!
Олтин бу водийлар – жон Ўзбекистон,
Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,
Оламни маҳлиё айлаган диёр!
Бағри кенг ўзбекнинг ўчмас иймони,
Эркин, ёш авлодлар сенга зўр қанот!
Истиқлол машъали, тинчлик посбони,
Ҳақсевар, она юрт, мангу бўл обод!
Олтин бу водийлар – жон Ўзбекистон,
Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!
Улуғ халқ кудрати жўш урган замон,
Оламни маҳлиё айлаган диёр!».
Сўнгра шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котиби Мирпўлат Мирзо ўзининг таниқли бастакор, кўплаб ёш композиторлар танловларининг совриндори Рустам Абдуллаев мусиқасига ёзган шеърий матнини ўқиб берди:
«Уйғонар чўққилар устида офтоб,
Ям-яшил водийга сочиб олтин нур,
Ўзбеклар юрти бу – навқирон, озод
Заминда музаффар ўлкасан, мағрур.
Қўлларни қўлларга озод ватан учун берайлик,
Эллардан элларга ҳур диёр сифатин тарайлик.
Сўнмас руҳимизда матонат асло
Туркистон наслимиз меросдир бардош,
Азалдан қалбларда ўчмаган зиё
Барҳаёт сиймолар сенга бўлди бош.
Қўлларни қўлларга озод ватан учун берайлик,
Эллардан элларга ҳур диёр сифатин тарайлик.
Бизни тангри қўллар, дунёлар чорлар,
Тарк этмас истиқлол энди умрбод,
Қалбларда ҳаётга муҳаббат порлар,
Муқаддас тупроқни этурмиз обод,
Қўлларни қўлларга озод ватан учун берайлик,
Эллардан элларга ҳур диёр сифатин тарайлик».
Шундан кейин депутатлар ҳар учала матн вариантини мусиқалари билан бирга тинглайди. Музокараларда Абдулла Орипов шеъри ва Мутал Бурхонов мусиқаси асосида яратилган Давлат мадҳиясини қабул қилиш борасида аниқ бир тўхтамга келинди. Танловда иштирок этган муқобил мадҳия вариантлари муаллифларини ҳам муносиб тақдирлаш тўғрисида келишиб олинди.
Сессия якунида илк бор Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси депутатлар томонидан биргаликда ижро этилди. Мазкур сессияда, шунингдек, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
Олий Кенгашнинг 1992 йил 10 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга киритиш ҳақида»ги қарорида ушбу Қонун билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси 1992 йил 10 декабрдан қонунда кўзда тутилган ҳамма жойда ижро этилиши белгилаб қўйилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Совети Раёсатининг 1978 йил 18 мартда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Давлат гимни тўғрисида»ги ва 1985 йил 29 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Давлат гимни тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги фармонлари ўз кучини йўқотган, деб ҳисобланди.
Шундай қилиб, бир томондан, давлат рамзлари жамият ва давлат ўртасидаги ўзаро ижтимоий келишув рамзи бўлса, иккинчи томондан, озод ва обод Ватанни бунёд қилиш ғояси атрофида бутун жамият кучларини бирлаштира оладиган қудратли қуролдир. Ўзбекистон Республикаси давлат рамзларининг яратилиши жараёнлари эса, шубҳасиз, юртимизда конституциявий мустақилликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадамлар ҳисобланади.
Акмал Саидов ва Ғулом Мирзонинг
“Сен баҳорни соғинмадингми?” номли
китобидан олинди
- Қўшилди: 10.12.2024
- Кўришлар: 274
- Чоп этиш