10 декабрь куни Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 75 йиллигини нишонлаш кампанияси доирасида ўз зиммасига олган ихтиёрий мажбуриятларини бажариши ҳолати” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу анжуман Халқаро инсон ҳуқуқлари кунига бағишланди.
Тадбирда асосан Ўзбекистон томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасида қабул қилинган ихтиёрий мажбуриятларни амалга ошириш ҳолати атрофлича таҳлил қилинди. Бу борада эришилган ютуқлар холис баҳоланди ва мавжуд муаммоларни аниқлаш орқали инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришга қаратилган истиқболдаги стратегияларни ишлаб чиқишга алоҳида аҳамият берилди.
Тадбирда 30 дан ортиқ иштирокчи қатнашди. Парламент аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари, фуқаролик жамияти институтлари, академик ҳамжамият ва халқаро ташкилотлар вакиллари шулар жумласидандир.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирокчиларни Халқаро инсон ҳуқуқлари куни ва Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун билан самимий табриклади. Бу икки тарихий сана инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва миллий қадриятларни асраб-авайлаш борасидаги ўзаро чамбарчас боғлиқликни ифодалашини таъкидлади.
А.Саидов Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва унда қайд этилган глобал консенсусни “барча халқлар ва барча миллатлар учун умумий ютуқ стандарти” сифатида баҳолади. Бугунги кунда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларини бажариш йўлида амалга ошираётган кенг қамровли чора-тадбирлар самараларига батафсил тўхталди.
Хусусан, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш, болалар ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш, қийноқларга қарши курашиш каби йўналишларда олиб борилаётган ишлар эътиборга лойиқ. Шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегия доирасидаги муҳим вазифалар изчил амалга оширилаётгани мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсини мустаҳкамлашга ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат маданиятини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Ўз навбатида, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси номидан Лойиҳа мувофиқлаштирувчиси И.Файзулин сўзга чиқди. У давра суҳбатида нафақат давлат сектори, балки фуқаролик жамияти вакиллари ҳам тўплангани диққатга сазоворлигига эътиборни қаратиб, бундай долзарб масалаларни муҳокама қилишда инклюзив ёндашув муҳимлигини таъкидлади.
Республика Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳузуридаги ”Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари Ойниса Мусурмонова хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш масалалари Ўзбекистонда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади. Мамлакатда бу борадаги ислоҳотлар ва қабул қилинган дастурлар натижасида гендер тенгликни таъминлашга қаратилган қонунчилик базаси изчил такомиллаштирилганига диққатни қаратди.
Шунингдек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари Бекзод Наримонов қийноқларни тақиқлаш ва уларнинг олдини олиш масалалари бўйича Ўзбекистон томонидан қабул қилинган ихтиёрий мажбуриятларнинг бажарилиши жараёнларига атрофлича тўхталди. Мамлакатда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар доирасида қийноқларнинг ҳар қандай шаклини тақиқлашга оид муҳим қонунлар ва норматив ҳужжатлар қабул қилингани эътироф этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова бизнес соҳасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш бўйича Ўзбекистоннинг ихтиёрий мажбуриятлари бажарилиши жараёни ҳақида сўз юритди. Ушбу йўналишда, айниқса, бизнес фаолиятининг инсон ҳуқуқларига таъсирини баҳолаш, ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш ва ҳалол ишбилармонлик тамойилларини жорий этиш муҳимлиги таъкидланди.
Д.Муратова, шунингдек, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва бизнес ўртасидаги ўзаро боғлиқликни ҳисобга олган ҳолда, давлат ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар зарурлигини қайд этди. Жумладан, халқаро нормаларга мувофиқ этика кодексларининг жорий этилиши ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ислоҳотларнинг аҳамияти алоҳида эътиборга моликдир.
Иштирокчилар ихтиёрий мажбуриятларни амалга ошириш бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилиш мақсадида 5 та тематик гуруҳга бўлинган ҳолда муҳокамалар ўтказди. Хусусан:
биринчи гуруҳда – таълим соҳасидаги чора-тадбирлар ижросини кучайтириш;
иккинчи гуруҳда – бизнес соҳасида инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишга оид чора-тадбирларни амалга ошириш;
учинчи гуруҳда – ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишга оид чора-тадбирларни бажариш;
тўртинчи гуруҳда – хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш;
бешинчи гуруҳда – қийноқлар ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ёки жазолаш шаклларининг олдини олиш мавзулари муҳокама қилинди.
Давра суҳбати якунида ҳар бир гуруҳ модератори раҳбарлигида мавзу юзасидан муҳим механизмлар ишлаб чиқишга қаратилган конструктив фикрлар билдирилди. Шу асосда истиқболда бажариладиган амалий чоралар-тадбирлар белгилаб олинди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 10.12.2024
- Кўришлар: 353
- Чоп этиш