Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган умуммиллий ҳаракат – “Яшил макон” лойиҳаси мамлакатнинг экологик барқарорлиги ва аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ташаббуслардан биридир. Бу лойиҳа доирасида Зангиота тумани Ўртаовул маҳалла фуқаролар йиғинида муҳим тадбир ташкил этилди. Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти, халқ депутатлари Зангиота тумани Кенгаши, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси Зангиота тумани Кенгаши вакиллари, олимлар, депутатлар, маҳалла оқсоқоллари ҳамда маҳалла фаоллари – маҳалла еттилиги иштирок этишди.
Ўзбекистонда ҳар бир йилнинг ўзига хос номланиши мамлакат тараққиёти учун аниқ йўналишларни белгилаб бериши билан аҳамиятлидир. Шу маънода, кириб келаётган 2025 йилнинг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилиниши мамлакатда экологик барқарорликка эришиш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича янги имкониятлар эшигини очади. Бу ташаббус нафақат атроф-муҳит муҳофазаси, балки иқтисодий ўсиш ва ижтимоий тараққиёт учун ҳам мустаҳкам пойдевор яратади.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида белгиланган кенг кўламли ислоҳотлар, жумладан, “яшил иқтисодиёт” тамойилларига асосланган ривожланиш, мамлакат иқтисодиётининг юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини янада ошириш каби мақсадлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига бой янги ҳудудларни барпо этиш ҳамда экологик вазиятни барқарорлаштириш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
“Яшил макон” лойиҳаси доирасида ўтказилган мазкур тадбирда 1000 туп терак ва 200 туп павлония дарахти кўчатлари экилиши муҳим амалий қадам бўлди. Тераклар тез ўсувчанлиги ва ҳавони тозалаш хусусияти билан машҳур бўлса, павлония дарахти экологик ва иқтисодий жиҳатдан ўта фойдали ҳисобланади. Унинг ёғочи қурилиш, мебелсозлик ва саноат учун катта қийматга эга бўлиб, қуёш энергиясини ҳам яхши тўплайди.
Мазкур тадбир фақат кўчат экиш билан чекланмасдан, аҳоли ўртасида экологик маданиятни юксалтиришга, табиатга бўлган масъулиятни кучайтиришга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Маҳаллий жамоатчилик вакиллари, олимлар ҳамда ёшлар иштирокида амалга оширилган бу эзгу иш нафақат бугунги кун, балки келажак авлодлар манфаатларига хизмат қилади. Зеро, соф ҳаво, яшил муҳит ва соғлом экотизим келажак авлодларга қолдирадиган энг катта бойлигимиздир.
Тадбир иштирокчилари “Яшил макон” лойиҳаси доирасида бундай ташаббусларни ҳар бир маҳаллада кенг қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласида фуқароларнинг фаоллигини ошириш, ёш авлодга экологик таълим-тарбия бериш ҳамда янгидан-яги дарахтзорлар барпо этиш ишларини жадаллаштириш муҳимлигини қайд этдилар.
“Яшил макон” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ҳар бир тадбир – бу табиатга ғамхўрлик ва келажак учун қўйилаётган беқиёс ҳиссадир. Бу каби лойиҳалар туфайли Ўзбекистоннинг ҳар бир бурчаги яшил масканга айланиб, нафақат экологик, балки иқтисодий тараққиётга ҳам катта ҳисса қўшади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 17.12.2024
- Кўришлар: 338
- Чоп этиш