Таниқли шоир ва таржимон, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Ғулом Мирзонинг “Эзгулик тақвими: ният, сўз ва амал бирлиги” номли китоби яқинда нашрдан чиқди. Ушбу нашр Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида янги очилган “Инсон ҳуқуқлари уйи”нинг ёрлиғи билан чоп этилган биринчи китоб ҳисобланади.
Аввало, Ғулом Мирзонинг янги китоби номи ҳақида мухтасар тўхталамиз. Фикримизча, “Эзгулик тақвими” деган ибора жуда топиб қўлланилган. Чунки ҳар бир байрам, қутлуғ айём ва муҳим сананинг асл моҳияти эзгуликдан иборатдир.
Шундай файзли кунларда инсонлар қариндош-уруғлари, дўсту қадрдонлари билан кўришиш ва бирга ҳордиқ чиқаришга фурсат топади. Қадимий ва навқирон шаҳарларимиз, музейлар, зиёратгоҳ ва гўзал гўшаларни томоша қилиш имконига эга бўлади.
Китоб номидаги бошқа сўзларнинг ҳам ўзига хос чуқур-маъно-мантиғи бор. Хусусан:
ният – ҳар бир инсоннинг яхши кунларда бажо этишни истайдиган эзгу тилакларига ишорат;
сўз – шу ниятнинг ижобат бўлиши ва рўёбга чиққани ҳақида жамиятда эмин-эркин сўз юритилиши ифодаси;
амал – бу борадаги фуқароларнинг нияти ва жамиятнинг сўзи ерда қолмаётгани, аксинча, давлат томонидан байрамлар ва муҳим саналарни муносиб нишонлаш учун барча шароитлар яратилаётгани тасдиғидир.
Янги китоб ҳажман салмоқли (372 бет) ва мазмунан қамровдор бўлиб, турли байрамлар ва муҳим саналарга бағишланган 70 та мақола ва шарҳни ўзида жамлаган. Бу ҳақда сўз борганда, ҳар қайси жамият аъзолари учун иш ва дам олиш кунлари мамлакат тараққиёти ва миллий фаровонликка бевосита хизмат қилиши жиҳатидан қанчалик аҳамиятли бўлса, байрам кунлари, муҳим миллий ва халқаро саналар ҳам шунчалик қадрли эканлигини таъкидлаш лозим. Чунки айни шу саналар:
биринчидан, халқнинг бой маданий мероси ва ўзига хослигини асраб-авайлаш, ҳар бир фуқарода ватанга дахлдорлик, миллий бирдамлик ва ғурур туйғуларини кучайтиришга;
иккинчидан, жамият аъзоларининг жаҳон цивилизацияси билан уйғун тарзда ривожланиши ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топишига;
учинчидан, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг туб илдизларидан янада яхшироқ хабардор бўлиш ҳамда ана шу ҳуқуқларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга муайян даражада хизмат қилади.
Одатда, тақвим ёки календарь – йил, ой ва кунлар, асосий байрамлар ҳақидаги ахборотдан иборат бўлади. Бир календарь йили 365 (кабиса йилида – 366) кунни ташкил этиб, шу кунларнинг ҳар қайсисида бутун дунё бўйлаб бир нечта, баъзан ҳатто ўнлаб байрамлар, миллий ва халқаро саналар нишонланади.
Ғулом Мирзонинг янги китобида шундай муҳим сана ва байрамларнинг етмиштасига бағишланган мақола ва шарҳлар ўз мужассамини топган. Китобнинг битилиши тарихига келсак, образли қилиб айтганда, уни “икки дарёнинг қўшилиши” ҳосиласи, дейиш мумкин.
Гап шундаки, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида кўп йиллардан буён БМТ халқаро саналарини тарғиб этиш дастури доирасида илмий-ҳуқуқий мақолалар ёзиш анъанага айланиб улгурган. Шунингдек, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА амалиётида анча вақтдан бери “Муҳим саналар тақвими” бўйича изчил публицистик мақолалар тайёрлаш тажрибаси ривожланаётганидан ҳам хабардорман.
Китоб муаллифи шу ҳар икки ташкилотда анча йиллар ишлаши асносида зикр этилган анъаналарга қатъий амал қилишига амин бўлганман. Шунинг учун “Эзгулик тақвими” китоби ҳам айнан 2 қисмдан иборат. Биринчи қисм – миллий саналарга бағишланган мақолалар 21 тани ташкил этса, иккинчи қисм – халқаро саналарга оид мақола ва шарҳлар 49 тадан иборат.
Ўз навбатида, биринчи қисмдаги мақолаларни бир нечта йўналиш бўйича таснифлаш мумкин.
Биринчи йўналиш – расмий равишда ўтказиладиган байрамларга оид мақолалар. Ҳар қайси мамлакатда байрам кунлари ва муҳим саналарнинг нишонланиши тартиби давлат томонидан бевосита белгиланади. Хусусан, Ўзбекистонда ҳар йили расмий равишда ўтказиладиган ва дам олиш куни деб белгиланган байрамлар:
· Янги йил – 1 январь;
· Халқаро хотин-қизлар байрами – 8 март;
· Наврўз байрами – 21 март;
· Хотира ва қадрлаш куни – 9 май;
· Мустақиллик байрами – 1 сентябрь;
· Ўқитувчилар ва мураббийлар байрами – 1 октябрь;
· Ўзбекистон касаба уюшмалари куни ‒ 11 ноябрь;
· Конституция куни – 8 декабрь.
Мамлакатимизда мусулмонларнинг асосий байрам кунлари –Рамазон Ҳайит ва Қурбон Ҳайит ҳам нишонланади. Бу саналар ой тутилишига кўра аниқланади.
Китобда ушбу расмий байрамларнинг аксарияти атрофлича талқин этилган мақола ва шарҳлар бор.
Иккинчи йўналиш – касб байрамларига бағишланган мақолалар. Дам олиш куни этиб белгиланган бўлмаса-да, кенг нишонланадиган бундай миллий саналар ҳам анчагина. Китобдан, жумладан, 2024 йил 4 июнь – мамлакатимизда таржимонлар учун халқаро мукофот таъсис этилган кун, 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни, 31 август – Қатағон қурбонлари куни муносабати билан ёзилган мақолалар ўрин олган.
Учинчи йўналиш – муҳим халқаро-ҳуқуқий аҳамиятга эга тарихий воқеаларга оид мақолалар. Хусусан, 2 март – Ўзбекистон Республикаси БМТга аъзо бўлган кун, 2 июль – Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилинган кун, 18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кунга бағишланган мақолар шу туркумга мансубдир.
Тўртинчи йўналиш – улуғ аждодларимиз ва атоқли шахслар таваллуд саналари бўйича ёзилган мақолалар. Бу ўринда, жумладан, 9 февраль – Алишер Навоий ҳазратлари таваллуд топган кун, 14 февраль – Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун, 9 апрель – Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун, 1 март – Ўзбекистон халқ шоири Зулфия туғилган кун, 3 март – Ўзбекистон халқ бахшиси Шомурод бахши Тоғай ўғли туғилган кун каби саналарга бағишланган мақолалар ҳақида сўз бормоқда.
Бешинчи йўналиш – алоҳида ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга тарихий воқеаларга оид мақолалар. Жумладан, 2 март – “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати ташкил топган кун, 2023 йил 11 апрель – оиладаги зўравонликка қарши қонун қабул қилинган кун, 30 июнь – Ёшлар куни, 2019 йил 14 сентябрь – Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисидаги низом тасдиқланган кун, 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан мақола ва шарҳлар ёзилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда фуқароларнинг расмий саналарни нишонлаш даврида тўлиқ дам олиши учун шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Президентининг фармон ва қарорлари асосида қўшимча дам олиш кунлари белгиланмоқда.
Айниқса, «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» ички туризмни ривожлантириш дастури доирасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш учун дам олиш ва байрам кунларидан самарали фойдаланиш таъминланаётгани диққатга сазовор.
Ўз навбатида, узайтирилган байрам, яъни ишланмайдиган кунларда ходимлар ва уларнинг оила аъзолари мароқли дам олишини таъминлаш юзасидан касаба уюшмалари ташкилотлари ўз ишини фаоллаштирмоқда. Тегишли вазирлик ва ташкилотлар маданий мерос объектлари, музейлар ва меҳмонхона хизматлари, санаторийлар ва соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, ички транспорт қатновлари учун чегирмалар беришни йўлга қўймоқда.
“Эзгулик тақвими” китобининг иккинчи қисми ранг-баранг халқаро саналар талқинига бағишланган мақола ва шарҳлардан иборат. Бу ижод маҳсулларини соҳаларга оид мавзулар асосида туркумларга ажратиш ўринли, деб ўйлаймиз.
Биринчи туркум – инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ саналар: 28 январь – Халқаро шахсга доир маълумотларни ҳимоя қилиш куни, 20 февраль – Бутунжаҳон ижтимоий адолат куни, 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни, 20 март – Халқаро бахт куни, 7 апрель – Бутунжаҳон саломатлик куни, 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни, 12 июнь – Жаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни, 18 июнь – Халқаро нафрат тилига қарши курашиш куни, 26 июнь – Қийноқлар қурбонларини қўллаб-қувватлаш халқаро куни, 30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни, 1 октябрь – Халқаро кексалар куни, 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни, 20 ноябрь – Бутунжаҳон болалар куни, 10 декабрь – Халқаро инсон ҳуқуқлари куни бўйича ёзилган мақола ва шарҳлар.
Иккинчи туркум – инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолият юритадиган халқаро тузилмалар ташкил топган саналар: 27 февраль – Бутунжаҳон ноҳукумат ташкилотлари куни, 15 март – БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ташкил топган кун, 24 октябрь – БМТ ташкил топган кунга доир мақолалар.
Учинчи туркум – сўз ва ахборот эркинлиги, журналистлар ва оммавий ахборот воситалари фаолиятига оид саналар: 3 май – Жаҳон матбуот эркинлиги куни, 15 июнь – Бутунжаҳон кексаларга нисбатан суиистеъмолликлар ҳақидаги ахборотларни тарқатиш куни, 8 сентябрь – Халқаро журналистлар бирдамлиги куни, 28 сентябрь – Ахборотдан эркин фойдаланиш халқаро куни, 2 ноябрь – Журналистларга қарши жиноятлар учун жазосиз қолишга барҳам бериш халқаро кунига бағишланган мақолалар.
Тўртинчи туркум – ахборот-коммуникация технологиялари, матбаа ва ноширлик, илғор техника ютуқларига оид саналар: 28 январь – Халқаро интернетсиз кун, 6 февраль – Бутунжаҳон мобил телефондан воз кечиш куни, 13 февраль – Бутунжаҳон радио куни, 2024 йил 21 март – БМТ Бош Ассамблеясининг сунъий интеллект бўйича резолюцияси қабул қилинган кун, 3 апрель – қўл телефонининг туғилган куни, 23 апрель — Бутунжаҳон китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни, 16 июль – Сунъий интеллект эътироф этилган кун, 12 апрель – Жаҳон авиация ва космонавтикаси куни,
Бешинчи туркум: таълим ва маърифат, маънавият ва маданият соҳаларига тааллуқли саналар ҳақидаги мақолалар. Хусусан, 23 январь – Дастхат куни, 24 январь – Халқаро таълим куни, 3 февраль – Бутунжаҳон беадаб сўзларга қарши кураш куни, 11 февраль – Илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар халқаро куни, 14 февраль – Халқаро китоб улашиш куни, 21 февраль — Халқаро она тили куни, 16 март – Рангли қаламлар куни, 21 март – Бутунжаҳон шеърият куни, 2 апрель — Халқаро болалар китоби куни, 9 август – Бутунжаҳон китобсеварлар куни, 8 сентябрь – Халқаро саводхонлик куни, 30 сентябрь – Халқаро таржима куни муносабати билан ёзилган мақолалар.
Олтинчи туркум: экологияга оид саналар: 2 февраль – Бутунжаҳон сувли-ботқоқ ерлар куни, 5 июнь — Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни, 17 июнь – Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни ҳақидаги мақолалар.
Албатта, тўпламда бу таснифимизга сиғмай қолган мақолалар ҳам учради ва иқтидорли ижодкорнинг китобида бундай ўзига хос ёндашувнинг мавжуд бўлиши табиий ҳол. Ушбу ноанъанавий туркумга мансуб мақолар сирасида, жумладан, 1960 йил 25 январь – собиқ СССРда ГУЛАГ ёпилган кун, 5 июль – Ишпарастлар куни, 1976 йил 7 июль – нидерландиялик журналист, ёзувчи ва тарихнавис Ремко Рейдинг туғилган кун каби алоҳида саналарга бағишланган мақолаларни киритиш мумкин.
Хулоса ўрнида АҚШ собиқ Президенти Авраам Линкольннинг “Энг яхши дўстим – менга ҳали ўқимаган китобимни совға қилган дўстимдир”, деган доно ва ҳаққоний ҳикматини эслатмоқчимиз. Яъни, бу китобни топиб ўқинг, албатта.
Ўшанда агар билимга ташна китобхон бўлсангиз – турли байрамлар ва муҳим саналар ҳақидаги тушунча ҳамда тасаввурингиз янада бойиши тайин. Ўқувчи ва талаба ёшларимиз айни йўналишда мустақил ижодий ишларни бажариш борасида зарур кўникма ва тажриба ўрганишига аминман.
Ушбу китоб илм ва изланиш йўлидаги навқирон тадқиқотчиларга ҳам асқотади, деб ўйлайман. Чунки унда Интернет жаҳон ахборот тармоғида учрамайдиган нодир манбаларда битилган кўплаб зарур маълумотлар тақдим этилган. Қолаверса, муаллиф ўз ҳаёт йўлида дуч келган тарихий воқеалар билан боғлиқ муҳим далилларни баён этгани ҳам эътиборга лойиқдир.
Акмал САИДОВ,
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори, академик
"Hurriyat" газетаси 2024 йил 18 декабрь кунги №50 -сони
- Қўшилди: 18.12.2024
- Кўришлар: 270
- Чоп этиш