Мамлакатимизда 1949 йилги Женева конвенциялари ва уларга қўшимча протоколлар илк бор лотин имлосидаги ўзбек алифбосида чоп этилди. Шу муносабат билан 2024 йил 17 декабрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг Марказий Осиёдаги минтақавий делегацияси билан ҳамкорликда ушбу янги тўпламнинг тақдимоти ўтказилди.
Миллий марказнинг “Инсон ҳуқуқлари уйи”да ташкил этилган тақдимотда 70 дан ортиқ иштирокчи ҳозир бўлди. Тадбирда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, давлат органлари, халқаро ташкилотлар ҳамда Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, оммавий ахборот воситалари ва илмий доиралар, фуқаролик жамияти намояндалари қатнашди.
Иштирокчилар халқаро гуманитар ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масалаларнинг муҳимлиги ва долзарблигига эътибор қаратган ҳолда, Женева конвенциялари ва уларга қўшимча протоколларнинг янги нашри ададини кўпайтириш зарурлигини қайд этдилар. Ўшанда тўпламдан жой олган ғоят муҳим халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар матни билан тегишли давлат ташкилотлари масъул ходимлари, ўқув муассасалари тингловчи ва талабалари, кенг жамоатчилик танишиши учун янада қулай имконият туғилади.
Бу борада ҳамкор миллий ва халқаро ташкилотлар томонидан биргаликда тизимли ахборот-маърифат тадбирлари ўтказилиши муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Чунки семинар, маъруза ва тренинг машғулотлари каби хилма-хил маърифий-ҳуқуқий тадбирлар аҳолининг халқаро гуманитар ҳуқуқ моҳияти ва принципларидан хабардорлигини оширишга хизмат қилади.
Тақдимот тадбирида сўзга чиққан етакчи миллий ва халқаро экспертларнинг фикр-мулоҳазалари қуйида ҳавола этилмоқда.
Акмал САИДОВ – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик:
– Халқаро ҳамжамият томонидан 1949 йили қабул қилинган Женева конвенциялари халқаро гуманитар ҳуқуқнинг асоси, таъбир жоиз бўлса, юрагидир. Шу маънода, жамоатчилигимизни Женева конвенцияларининг 75 йиллиги санаси ва айни қутлуғ санага бағишлаб чоп этилган ушбу янги тўплам билан табриклайман.
Бу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лотин имлосидаги ўзбек алифбосида нашр қилингани жамиятимизнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва ҳар бир фуқаромиз инсонпарварликнинг асосий меъёрларидан баҳраманд бўлишини таъминлаш йўлида муҳим қадам бўлди. Айни ташаббус Ўзбекистон, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ва Швейцария ўртасидаги самарали ҳамкорликнинг яна бир яққол намунасидир.
Женева конвенцияларида қуролли можаролар пайтидаги хулқ-атвор, яъни уруш маданияти билан боғлиқ, биринчи навбатда, ҳарбий ҳаракатларда бевосита иштирок этмайдиган оддий инсонларни ҳимоя қилишга оид ҳуқуқий нормалар мустаҳкамлаб қўйилган. Шу нуқтаи назардан, Женева конвенциялари нафақат ҳуқуқий восита, балки инсонийлик ва раҳм-шафқат тимсоли ҳамдир.
Глобал хатарлар ва минтақавий можаролар кўпайиб, халқаро вазият доимий равишда ўзгараётган, халқаро хавфсизликка таҳдидлар тобора кучайиб бораётган қалтис бир шароитда Женева конвенциялари энг мураккаб вазиятларда ҳам инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш ва ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарурлиги борасида муҳим эслатма бўлиб хизмат қилмоқда.
Муҳими, 1949 йил 12 августдаги Женева конвенциялари қуролли можаролардан жабрланган шахсларга инсонпарварлик билан муносабатда бўлиш бўйича халқаро стандартларни белгиловчи асосий шартномалардир. Ушбу конвенцияларнинг бугунги кундаги долзарблиги беқиёс. Улар энг мураккаб вазиятларда ҳам инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш зарурлиги ҳақида бонг уриб, бу борада давлатлар ва нодавлат субъектлар учун ахлоқий ва ҳуқуқий йўналиш берадиган ўзига хос маёқ бўлиб қолмоқда.
Ўнлаб йиллар давомида Женева конвенциялари ва уларга қўшимча протоколларда муҳрлаб қўйилган инсонпарварлик принциплари ўзининг қатъийлиги ва ўзгармаслигини намоён этиб келмоқда. Шу аснода бу ҳужжатлар дунё давлатларига ўзаро муносабатларни ишонч, ҳурмат ва англашув асосида қуриш имконини берувчи ҳуқуқий асос вазифасини ўтамоқда.
Тарихий тажриба шуни кўрсатадики, инсон ҳуқуқлари ва халқаро ҳуқуқ нормаларига риоя қилмасдан туриб, узоқ муддатли тинчлик ва барқарор тараққиётга эришиб бўлмайди. Женева конвенциялари қуролли можаролар даврида аҳолининг энг заиф тоифаларини ҳимоя қилиш борасида жаҳон ҳамжамиятининг бирдам ёндашуви муҳимлигини шоён кўрсатиб берди.
Бу ҳужжатлар инсонпарварлик ёндашуви ва раҳм-шафқат масаласига ҳар қандай шароитда ҳам риоя этиш зарурлигини бугунги омонат дунёга эслатиб турибди. Бинобарин, худди шундай инсоний ёндашув ҳамиша цивилизацияга таянган ўзаро ҳамкорлик, адолат ва инсон қадр-қимматини ҳурмат қилиш каби фазилатларнинг кафилидир.
Ўзбекистон халқаро-ҳуқуқий стандартларга амал қилиш, глобал хавфсизликни мустаҳкамлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим шартнома ва битимларда фаол иштирок этишга азму қарор қилганини доимо қатъий намойиш этмоқда. Бинобарин, фақат инсон қадр-қимматига ҳурмат-эҳтиром ва қонунийликка риоя этиш амалиёти миллий маданиятнинг ажралмас қисмига айланган илғор жамиятдагина мустаҳкам тинчлик-осойишталик ва барқарор тараққиёт бўлиши мумкин.
Шунинг учун Ўзбекистон давлат институтлари, қуролли кучлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, таълим муассасалари ва кенг жамоатчилик ўртасида гуманитар ҳуқуқнинг пойдевори бўлган принципларга оид билимларни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон Женева конвенциялари ва уларга қўшимча протоколларни ратификация қилиши замирида ҳам, жумладан, ана шу оддий ҳақиқат мужассам.
Шу аснода мамлакатимиз халқаро гуманитар ҳуқуқ стандартларини мустаҳкамлаш ва миллий ҳуқуқий тизимга жорий этиш мажбуриятини ўз зиммасига олди. Бу ишларда келажагимизнинг кафолати бўлган ёшларимизнинг ҳуқуқий ва маънавий маърифатини ошириш масаласи алоҳида ўрин тутади.
Ёш авлод халқаро гуманитар ҳуқуқнинг асосий тамойиллари билан таниш бўлиши, ушбу тамойилларнинг адолат ва барқарорликни таъминлашдаги аҳамиятини теран тушуниши фарзу қарздир. Женева конвенциялари лотин имлосидаги ўзбек алифбосида нашр этилгани, умид қиламизки, фарзандларимизнинг нафақат ушбу ҳужжатлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради, балки жамиятимизда ҳуқуқий онг-тафаккур янада ривожланишига ҳам ёрдам беради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар учун инсон ҳуқуқлари, жумладан, халқаро гуманитар ҳуқуқ масалаларига бағишланган семинар ва тренинглар мунтазам ўтказилмоқда. Ушбу маърифий-ҳуқуқий тадбирлар шу соҳа вакилларининг касбий компетентлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари тўғрисидаги билимларини мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг кундалик фаолиятида гуманитар тамойилларни амалда қўллаши учун кўмаклашади.
Женева конвенцияларини чинакамига ҳурмат қилиш учун уларга амал қилиш шарт. Яъни, халқаро гуманитар ҳуқуқ принципларини миллий қонунчиликка уйғунлаштириш, давлат ҳокимияти органларининг кундалик амалиётига татбиқ этиш ва жамоатчилик онгига сингдириш бунда жуда муҳимдир.
Шу маънода, Ўзбекистон ҳукумати бундан буён ҳам давлат органлари ва ҳарбий тузилмалар учун халқаро гуманитар ҳуқуқ соҳасидаги ўқув дастурларини изчил ривожлантириб боради. Фуқаролик жамияти фаоллари учун айни мавзуларда ахборот кампаниялари ўтказилади, аҳолининг бу борадаги билими ва хабардорлигини оширишга қаратилган ҳамкорлик механизмлари янада такомиллаштирилади.
Фурсатдан фойдаланиб, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси ва Швейцария Конфедерацияси элчихонасига инсонпарварлик ҳуқуқи нормаларини илгари суриш ва оммалаштиришга қўшган ҳиссаси, шунингдек, дунё давлатларининг Женева конвенциялари принципларини жорий этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини доимий қўллаб-қувватлаётгани учун самимий миннатдорлик билдирамиз. Чунки Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг фаолияти, миллий ва ижтимоий институтлар саъй-ҳаракатларини инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратган ҳолда, гуманитар нормалар амалиётда ўз тасдиғини топишида муҳим роль ўйнаётганлиги ҳар қанча таҳсинга сазовор.
Шундай қилиб, Ўзбекистон ўзининг инсонпарварлик ва гуманитар ҳуқуқ ғояларига оғишмай амал қилиш сиёсатида изчил давом этади. Биз халқаро ҳамжамият билан ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилишга, ҳуқуқий маданият даражасини оширишга ва жамиятнинг барча қатламлари ўртасида гуманитар ҳуқуқ принципларига оид билимларни тарғиб этишга ҳамиша интиламиз.
Буларнинг барчаси, шубҳасиз, Янги Ўзбекистон халқи ва давлати Женева конвенцияларида акс этган ҳуқуқий ҳамда маънавий асосларни мустаҳкамлаш орқали инсон шахсига ҳурмат, инсонпарварлик ва адолат меъёрларига риоя этиш барча халқлар учун ажралмас қадриятларга айланадиган дунё қарор топишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётганидан ва бу эзгу амалларга содиқ ва собитлигидан далолат беради.
Биляна МИЛОШЕВИЧ – Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг Марказий Осиёдаги минтақавий делегацияси раҳбари:
– Женева конвенциялари 1949 йилдаёқ қабул қилинган ва бугунги кунда универсал ратификация қилинган бўлишига қарамай, сўнгги йилларда халқаро ҳуқуқий воситаларга ишончнинг сезиларли танқислиги кузатилмоқда ва халқаро гуманитар ҳуқуқ тез-тез танқидларга дуч келмоқда.
Ўтмишда бўлганидек, бугунги урушлар ҳам даҳшатли оқибатларга олиб келмоқда. Яъни, одамларнинг ҳаётига зомин бўлмоқда, оилаларни бир-биридан жудо қилмоқда ва мислсиз азоб-уқубатларга сабаб бўлмоқда.
Оқибатда баъзилар қуролли тўқнашувлар таъсирига учраган шахсларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асоси сифатида халқаро гуманитар ҳуқуқнинг долзарблиги ва зарурлиги ҳақидаги масалани ўртага қўймоқда. Бошқа бировлар эса бундай замонавий қуролли тўқнашувлар шароитида халқаро гуманитар ҳуқуққа мурожаат қилиш қанчалик мақсадга мувофиқ, деган шубҳаларга ҳам бормоқда.
Аслида, бугунги қутбланган ва ўзгарувчан замонда халқаро гуманитар ҳуқуқ ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамиятга эга. Биз, Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси вакиллари халқаро гуманитар ҳуқуққа риоя қилиш ва унинг инсонпарварлик руҳини қўллаб-қувватлаш амалиёти инсон ҳаёти ва қадр-қимматини сақлаб қола олишига қатъий ишонамиз.
Қуролли тўқнашувлар жангчиларга ҳам, тинч аҳолига ҳам, бутун бир жамиятга ҳам катта зарар етказади. Халқаро гуманитар ҳуқуқнинг асосий инсоний қадриятларни қўллаб-қувватловчи қоидалари эса узоқ йиллик вақт синовидан муваффақиятли ўтди.
Бундан ташқари, халқаро гуманитар ҳуқуқ уруш олиб боришнинг янги воситалари ва усулларига мослашмоқда, муҳими, бу жараён мунтазам давом этмоқда. Пировардида, халқаро гуманитар ҳуқуқ ўз мақсад-муддаоларига содиқ қолмоқда – жангларда иштирок этмаган ёки иштирок этмаётган шахсларни ҳимоя қилиш, уруш олиб бориш воситалари ва усулларини чеклаш, вайронгарчиликни камайтириш ҳамда қуролли можаролар шароитида инсонийлик қадриятларини сақлаб қолиш, асраб-авайлаш ва уруш келтирадиган чексиз азоб-уқубатларни камайтиришга астойдил интилмоқда.
Шунга қарамай, сўнгги йилларда қуролли можаролар сонининг кўпайиши ва халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бузилиши Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси вакилларида ташвиш уйғотмасдан қолмайди. Бинобарин, биз дунё давлатларига Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг муҳим воситаларига қўшилиш, уларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, ушбу ҳуқуққа риоя қилиш ва риоя этилишини таъминлаш зарурлигини ҳар қачонгидан ҳам кўп ва хўп эслатиб бориш зарурлигини ҳар қадамда англаб турибмиз.
Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси гуманитар ташкилот сифатида тинчлик чақириқлари учун ҳам жавобгардир. Айниқса, уруш эҳтимоли оммавий мунозараларда тез-тез ва бепарво муҳокама қилинаётган ҳозирги омонат бир вазиятда биз ўзимизни тинчлик ишига муносиб ҳисса қўшиш учун янада масъул, деб биламиз.
Гап шундаки, халқаро гуманитар ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва унга риоя этиш қуролли можаро тугаганидан кейин тикланиш учун жуда муҳим. Бундай оқилона ёндашув:
узоқ муддатли истиқболда можаро қурбонлари ва улар аъзоси бўлган жамоаларнинг қадр-қимматини сақлаб қолишга ёрдам беради;
барқарорликни мустаҳкамлайди ва ҳар қандай зиддиятдан кейин ярашишда қўл келади;
уруш харажатларини камайтиради, шу билан бирга ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битимларни тузиш ва пировард натижада узоқ муддатли тинчлик, ишлаб турган иқтисодиёт ва соғлом табиий муҳитга эришиш йўлини сақлаб қолади.
Бутун дунёда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси халқаро гуманитар ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида ушбу муҳим ҳуқуқий воситани илгари суриш ва амалга ошириш учун ҳукумат, давлат ва нодавлат ташкилотлар билан биргаликда иш олиб бормоқда. Бу борада Марказий Осиёдаги минтақавий делегациямиз билан 20 йилдан ортиқ ҳамкорлик қилиб келаётган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ўртасидаги амалий мулоқот самараларини юқори баҳолаймиз.
Женева конвенцияларининг ватани Швейцария ушбу ҳужжатларнинг депозитарийси сифатида ва тарихан турли давлатларнинг бу йўлда бирлашиши, дипломатик конференциялар чақирилиши борасида муҳим роль ўйнади. Зеро, худди шу мамлакатда 75 йил олдин қуролли можаролар қурбонларини ҳимоя қилиш бўйича энг муҳим халқаро ҳужжатлар – Женева конвенциялари қабул қилинган.
Шундай экан, бугун биз ҳамкорларимиз – Швейцариянинг Ўзбекистондаги Элчихонаси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан биргаликда Женева конвенцияларининг янги нашрини эътиборингизга тақдим этганимиздан фахрланамиз. Халқаро Қизил Хоч Қўмитаси шу йўл билан халқаро гуманитар ҳуқуқ принципларини бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам тарғиб қилишга интилмоқда ва ҳукуматингизнинг бу йўналишдаги фаол ҳаракатларини олқишлайди.
Константин ОБОЛЕНСКИЙ – Швейцария Конфедерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Элчиси:
– Биз халқаро гуманитар ҳуқуқнинг тамал тоши бўлган Женева конвенцияларининг 75 йиллигини нишонлаб турибмиз. Бинобарин, бугунги беқарорлик ва глобал хавф-хатарлар шароитида ҳам барчамиз ушбу халқаро ҳужжатларда келишиб олинган умумий қоидаларга амал қилишимиз керак. Назаримда, шу кунларда Женева конвенцияларига ҳурмат ва эътибор масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этмоқда.
Женева конвенциялари дунёнинг жами мамлакатлари томонидан ратификация қилинган. Барча давлатлар Женева конвенцияларини ҳурмат қилишга тайёрлигини билдирган.
Ҳатто инсоният бошига уруш ҳалокатлари ёғилган энг даҳшатли ва ўта танг вазиятларда ҳам Женева конвенциялари одамзот одамдек яшаб қолиши учун қўл келган. Айниқса, инсонпарварлик ташкилотлари, жумладан, Халқаро Қизил Хоч Қўмитасининг мардона ҳаракатлари туфайли ўтган даврда қанчадан-қанча одамларнинг ҳаёти урушнинг ёвуз чангалидан қутқариб қолингани ва бу эзгу амал ҳозирда ҳам изчил давом эттирилаётгани шубҳасиз.
Женева конвенцияларининг мақсади – барча қуролли можароларда риоя қилиниши керак бўлган минимал гуманитар стандартларни ўрнатиш орқали уруш шафқатсизлигини юмшатишдир. Бу халқаро ҳужжатлар жанговар ҳаракатларда қатнашмаётган инсонларни ҳимоя қилади. Шунинг учун Женева конвенциялари қуролли можароларнинг оқибатларини сезиларли даражада чеклаш ва тинчликка қайтишга ёрдам бериш учун асос бўлиб хизмат қилиши амалда тасдиғини топиб келмоқда.
Шундай қилиб, Женева конвенциялари мен учун халқаро ҳуқуқнинг асосий қадриятидир. Швейцария халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилиш, тарғиб қилиш ва жорий этишни ўз ташқи сиёсатининг тамал тоши этиб белгилаган. Биз давлатлар ўртасидаги муносабатлар бузғунчи кучлар ғалваси билан эмас, балки қонун ва ҳисобдорлик йўли билан тартибга солиниши тарафдоримиз.
Ўзбекистоннинг халқаро гуманитар ҳуқуқ принципларини оммалаштириш ва жорий этишга содиқлиги унинг ушбу умуминсоний қадриятларга собитлигидан далолат беради. Швейцария бундай шерикликни юксак қадрлайди ва бутун дунёда инсон ҳуқуқлари ва гуманитар қадриятларни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама асосда ҳамкорлик қилишга қатъий интилади.
Бинобарин, биз бутун дунёда инсон ҳуқуқлари ва инсонпарварлик қадриятларини ҳимоя қиладиган ташаббусларни қўллаб-қувватлашда Ўзбекистон билан икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорлик муносабатларимизга ҳамиша содиқмиз.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати билан
ҳамкорликда тайёрланди.
«Халқ сўзи» газетасининг 2024 йил 20 декабрь кунги 263 (8886)-сони
- Қўшилди: 20.12.2024
- Кўришлар: 163
- Чоп этиш