(З. Нажимовнинг “Чин маънодаги қатъиятли устоз эдилар” эссе-хотира китобини ўқиганда туғилган мулоҳазалар)
Ҳар бир инсон туғилганидан бошлаб умр дафтарига ўз асарини ёзишга киришади. Бу асарнинг фожиали ёки бахтли якуни эса инсоннинг қандай мақсадларга интилиб яшаши, маънавий ва маърифий дунёси, хулқ-атвори, оиласи ва атрофидагиларга муносабати, юртига муҳаббати ва халқига беминнат хизмати каби мезонларга боғлиқ. Яхшиликка интилиб яшаган, қалби пок кишилар, таъбир жоиз бўлса, ўзларидан шоҳ асарлар қолдиришадики, уларнинг умр дафтарини варақлаб, ўзимиз учун ибрат ва намуна оламиз.
Мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқимизнинг фаровон турмуши ва давлатимизнинг барқарор ривожланишини таъминлаш йўлида фидокорона хизмат қилган, ҳалол меҳнати ва туғма қобилияти билан элу юртда ҳурмат, обрў ва шараф топган атоқли давлат ва жамоат арбоби Раҳим Ражабов хотирасига бағишланган “Чин маънодаги қатъиятли устоз эдилар” номли эссе-хотира китобини мутолаа қилар эканман, яхшилар ёди унутилмаслигига яна бир бор амин бўлдим.
Раҳим Ражабов 1937 йил 29 апрелда Бухоро вилояти Қоракўл туманида хизматчи оиласида таваллуд топган. 1960 йилда Тошкент шаҳридаги Ўрта Осиё политехника институтини (ҳозирги Тошкент давлат техника университетини) тамомлаган.
Меҳнат фаолияти давомида “Ўзбексельмаш” ва Тошкент экскаватор заводида масъул лавозимларда ишлаган. Айниқса, собиқ СССРнинг биринчи компьютери ишлаб чиқарилган “Алгоритм” заводини лойиҳалаш ва қуриш ишларига бошчилик қилиб, уни бошқаргани диққатга сазовор.
Илм-фан ва амалий фаолиятдаги фидокорона хизматлари учун Раҳим Ражабов “СССРда хизмат кўрсатган ихтирочи”, “Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган инженер” унвонлари билан тақдирланган.
Халқимиз ҳаётида ва миллий давлатчилигимиз тарихида улкан ўзгаришлар амалга оширилган даврда – 1990 – 1997 йилларда Раҳим Ражабов ўзининг раҳбарлик ва бошқарувчилик қобилиятини намоён этиб, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари, Давлат котиби ва Бош вазир ўринбосари лавозимларида садоқат билан меҳнат қилган.
“Чин маънодаги қатъиятли устоз эдилар” китобида унинг болалик йиллари, талабалик даври, илмий ва касбий фаолияти, шунингдек, мамлакатимиз мустақилликни қўлга киритишига қўшган ҳиссаси ҳамда истиқлолнинг дастлабки йилларида олиб борган раҳбарлик фаолияти аниқ мисоллар ва ҳаётий воқеа-ҳодисалар асосида ёритилган.
Китоб муаллифи Зиявуддин Нажимов: “Устозлар хотирасини қоғоз саҳифаларига муҳрлаб, келгуси авлодларга узатиш зиёли инсон учун ихтиёрий, лекин шарафли юмуш ва бурчдир”, деган азму шижоат ҳамда эзгу мақсад билан китобни нашрга тайёрлаган. Муаллиф ушбу эссе-хотира китобини маълумотлар билан бойитишда яқиндан ёрдам бергани учун Раҳим Ражабовнинг қизлари – Муҳаббат Ражабова, Санобар Ражабова ҳамда Нодира Янгиева, куёви Ғулом Нарзуллаев, қоракўллик журналист Саъдулла Ғайбуллаевга самимий миннатдорлик билдирган.
Муаллиф китобнинг “Устоз билан ташриф...” номли эссесида таъкидлаб ўтганидек, ушбу асар билан у нашр этилишидан олдин – ҳали қўлёзма эканида танишиб чиққанман. Китобнинг юксак самимият ва маҳорат билан ниҳоятда равон ва ишонарли тарзда ёзилгани менда илиқ таассурот қолдирган.
Муаллиф устозининг умр йўлини ҳикоя қилиш асносида ўзбек халқининг XX асрнинг иккинчи ярми ва XXI асрнинг бошларидаги тарихини ҳам ҳаққоний ва ҳаётий мисоллар билан ёритиб берган. Жумладан, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида давлатимиз енгиб ўтган тўсиқлар холислик билан тасвирланиб, халқимизга хос букилмас ирода, сабр ва матонат каби юксак инсоний туйғулар Раҳим Ражабов тимсолида тараннум этилган.
Халқимизнинг чинакам фидойи фарзанди Раҳим Ражабов хотирасига бағишланган ушбу асар ҳар бир юртдошимизнинг китоб жавонидан муносиб ўрин эгаллашига тилакдошман.
Акмал САИДОВ,
академик
«Ishonch» газетасининг 2025 йил 16 январь кунги 8 (5072)-сони
- Қўшилди: 17.01.2025
- Кўришлар: 413
- Чоп этиш