Бугун – 2025 йилдаги илк "Автомобилсиз кун"

22 январь, чоршанба куни – мамлакатимизнинг барча ҳудудларида жорий йилнинг биринчи "Автомобилсиз кун" акцияси бўлиб ўтмоқда.

Шу муносабат билан Тошкент шаҳрида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида жойлашган давлат идоралари раҳбарлари ва ходимларига, барча юртдошларимизга шахсий транспорт воситаларидан воз кечиб, атроф-муҳитга кам зарар етказадиган жамоат транспорти, велосипед каби транспорт турларидан фойдаланиш тавсия қилинган.

Шахсий автомобиллардан воз кечиб, экологик тоза транспорт воситаларидан фойдаланиш орқали ҳар биримиз ўзимиз нафас олаётган ҳаво тозалигига ҳисса қўшамиз. Айниқса, 2025 йил Ўзбекистонда – Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили, деб эълон қилингани ушбу экологик ташаббуснинг аҳамиятини янада оширади.

Маълумот учун: "Автомобилсиз кун" акцияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги 37-сонли қарорига кўра ҳар ойнинг тўртинчи чоршанбасида ўтказилиши режалаштирилган.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech