22 январь куни Тошкент шаҳридаги Инсон ҳуқуқлари уйида Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларининг 33 йиллигига бағишланган ҳуқуқий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. У Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ташкил этилди.
Учрашувда қарийб 30 нафар иштирокчи қатнашди. Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари Академияси вакиллари, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги “Ватан таянчи – Опора Родины” отряди, Ўзбекистон “Ветеран” жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси ҳамда «Вместе мы – сила!» волонтёрлик жамияти аъзолари, Оҳангарон шаҳрида жойлашган 9-сон махсус ҳарбийлаштирилган мактаб ўқувчи-ёшлари шулар жумласидандир.
Миллий марказнинг таълим ва маърифат бўлими бошлиғи Ф.Ҳайитбоев тадбирни очиб, меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 33 йиллиги ва яқинда нишонланган Ватан ҳимоячилари куни байрами билан табриклади. Ушбу мулоқот ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишлари самарадорлигини ошириш учун муайян ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
Миллий марказ ходимлари Н.Султонов, А.Набиев, Х.Холмаматов иштирокчиларга Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг фаолияти ва вазифалари хусусида атрофлича маълумот берди. Шунингдек, мутахассислар соҳага тааллуқли кўплаб саволларга батафсил жавоб қайтардилар.
Миллий марказнинг ахборот-мультимедиа бўлими бошлиғи Ҳ.Мўминов иштирокчиларни яқинда иш бошлаган Инсон ҳуқуқлари уйи фаолияти билан таништирди. Ушбу маърифат масканида яратилган шарт-шароитларга тўхталиб, китоб фондидаги нодир адабиётлар, илмий-амалий нашрлар, мамлакатимизда ва халқаро даражада чоп этилган инсон ҳуқуқларига оид энг муҳим ҳужжатлар ҳамда ҳуқуқий адабиётлар ҳақида сўз юритди.
Тадбир давомида Ички ишлар вазирлиги фахрийси, “Ветеран” бирлашмаси раисининг маслаҳатчиси Б.Зухуров, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги “Ватан таянчи – Опора Родины” ҳаракати раҳбари, подполковник А.Нуруллоев, Қуролли кучлар академиясининг доценти Ж.Саидмусаев ҳамда катта ўқитувчиси У.Шукуров сўзга чиқди.
Кўтаринки руҳда ва юқори савияда ўтган учрашувда давлат ташкилотлари билан фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтириш муҳимлигига эътибор қаратилди. Айниқса, ёшлар онгига ватанпарварлик, мардлик туйғуларини сингдириш борасидаги ҳуқуқий-маърифий ишларни кенгайтириш йўлида доимий ҳамкорликда фаол иш олиб боришга келишиб олинди.
Мулоқот якунида иштирокчиларга Миллий марказ томонидан инсон ҳуқуқларига оид туркум китоблар туҳфа қилинди.
Ўз навбатида, Инсон ҳуқуқлари уйига меҳмонлар номидан “Ватан таянчи – Опора Родины” отрядининг эсдалик совғаси тақдим этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 23.01.2025
- Кўришлар: 494
- Чоп этиш