Китоблар – инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим ривожи учун

23 январь куни пойтахтимиздаги Инсон ҳуқуқлари уйида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан нашр этилган инсон ҳуқуқларига оид адабиётларни Ўзбекистон Республикаси  Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институтига тақдим этиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ташкил этилди. Унда Миллий марказ, шунингдек, Давлат ва ҳуқуқ институти масъул ходимлари ва докторантлари ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси курсантлари иштирок этди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори академик Акмал Саидов тадбирни очар экан, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш ҳолати ва истиқболларига эътиборни қаратди. Бунда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси, “Ўзбекистон–2030” стратегияси, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия, 2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш Миллий дастури каби ҳужжатлар муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ана шу дастурий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни амалга оширишда бир қатор давлат органлари ва халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ва илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Бу ҳамкорлар сафида Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси билан Давлат ва ҳуқуқ институти алоҳида ўрин тутади.

Тадбирда Миллий марказ томонидан Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ҳамда Давлат ва ҳуқуқ институтига жами 400 дан ортиқ ҳуқуқий адабиёт, дарслик ва қўлланмалар беғараз тақдим этилди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори Муроджон Турғунов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғининг ўринбосари Музаффаржон Мамасиддиқов эътироф этганларидек, туҳфа қилинган китоблар ҳар икки муассаса кутубхоналари фондини инсон ҳуқуқлари соҳасига оид адабиётлар билан бойитишга хизмат қилади.

Бу, ўз навбатида,  жамиятимизда ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича маданиятни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшади.

 

Инсон ҳуқуқлари бўйича

Ўзбекистон Республикаси

Миллий марказининг

матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech