Президентимизнинг 2023 йил 7 февралдаги “Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижроси изчил таъминланмоқда.
Қарор ижроси доирасида Инсон ҳуқуқлари уйида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташаббуси билан нашр этилган инсон ҳуқуқларига оид адабиётларни Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ҳамда Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институтига тақдим этиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирнинг очилишида марказ директори, академик А.Саидов инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни ривожлантириш ҳолати ва истиқболларига эътибор қаратди. Бунда, янги таҳрирдаги Конституция, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегияси, “Ўзбекистон - 2030” стратегияси, Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия, 2020 - 2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш Миллий дастури каби ҳужжатлар муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ ана шу дастурий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни амалга оширишда бир қатор давлат органлари ва халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари ва илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
Тадбирда Миллий марказ томонидан Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси ҳамда Давлат ва ҳуқуқ институтига жами 400 дан ортиқ ҳуқуқий адабиёт, дарслик ва қўлланмалар беғараз тақдим этилди.
Давлат ва ҳуқуқ институти директори М.Турғунов ҳамда Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси бошлиғининг ўринбосари М.Мамасиддиқов эътироф этганидек, туҳфа қилинган китоблар ҳар икки муассаса кутубхоналари фондини инсон ҳуқуқлари соҳасига оид адабиётлар билан бойитди.
Бу, ўз навбатида, жамиятимизда ҳуқуқий саводхонликни ошириш ва инсон ҳуқуқлари бўйича маданиятни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшади.
Н.Абдураимова,
ЎзА
- Қўшилди: 24.01.2025
- Кўришлар: 637
- Чоп этиш